Маҳаллийчилик

لِتُنذِرَ قَوْمًا مَّا أُنذِرَ آبَاؤُهُمْ فَهُمْ غَافِلُونَ

«Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари эса, ғофил бўлган қавмни огоҳлантиришингиз учун (сизни пайғамбар қилиб жўнатдик)». («Ёсин» сураси, 6-оят).

Ҳар сафар ўзининг фалон жойдан эканлиги билан мақтанадиган кишини кўрсам – у тошкентлик бўладими, хоразмликми, андижонликми, фарқи йўқ, мана шу оят эсимга тушиб, у одамнинг анча калтафаҳм эканлиги ҳақида хулоса қиламан.

Бу оятнинг маҳаллийчиликка нима алоқаси бор дерсиз? Буни кейинроқ тушунтириб бераман.

Ўзим Тошкент вилоятининг Қуйи-Чирчик туманининг Хўжа маҳалласиданман. 4-синфни битирганимда, ота-онам қишлоқ мактабидаги таълим савиясидан қониқмай, Оққўрғон шаҳридаги мактабга ўқишга беришган. 5-синфдан ўша мактабда ўқиганман. Ана шу шаҳарга ўқишга борганимда мени баъзилар “вилоятлик”ка чиқаришган.

Ўзи аслида, Оққўрғон, бор ана, 10000 киши яшайдиган кичкина шаҳарча – туман маркази. Шу шаҳарда турадиганлар ҳам, шаҳарлик ва “вилоятлик”ка ажратишаркан. Бундай вазият ҳамма жойда бор. Вилоят туманидан вилоят марказига – Андижонми, Наманганми, ҳатто Қўқонгами одамлар келса, дарров қишлоқликка чиқарадиганлар топилади.

Ваҳоланки, айнан бошқани қишлоқдан келганга чиқарган, дейлик, урганчлик одам каттароқ шаҳар – Тошкентга келса, ўзи «қишлоқи»га чиқиб қолади. Андижонликни қишлоқига чиқараётган тошкентлик эса, ундан ҳам каттароқ шаҳар Лондонга борса, «Қаердансан? Пакистан? Ташкент? Ааа – одам бормас (remote) жойлар-ку, а!» деган жавоблардан кейин ўзининг қишлоқилигини тушуниб қолади. (Бу фақат маҳалласи билан мақтаниб юрадиган калтафаҳмлар ҳақида).

Хуллас, бу калтафаҳмлар учун ўзи яшаётган шаҳар энг зўр шаҳар, ўзи яшаётган жой ернинг киндиги! Бошқа ҳамма жой қишлоқ ва иккинчи «сорт». Аслида эса, у яшаётган жой ер юзидаги минглаб шаҳарлардан бир донаси, холос.

Авваллари, Қурайшликлар ҳам шундай бўлган. Улар ўзларининг тоза араблиги, шаҳарлик араблар эканлиги билан бошқа араб ва бадавийлар олдида мақтаниб, кибр қилиб юришган экан. Ваҳоланки, ўша даврда Макка ер юзидаги энг қолоқ масканлардан бири бўлиб, ҳеч кимнинг эътиборига тушмаган, жоҳилларга тўла, Каъба атрофи эса мушриклар яланғоч тавоф қиладиган жой бўлган. У пайтда ер юзида Константинопол, Александрия, Рим каби йирик шаҳарлар, Византияда, Ҳиндистон, Эрон ва Хитойда йирик империялар бўлган. Шундай катта империялар бўла туриб, қаердаги бир араб чўлидаги кичкина шаҳар аҳолиси ўзини «шаҳарликмиз» деб мақтаниб ўтирса-я!

Шундай кунларнинг бирида Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ваҳий келтиради:

لِتُنذِرَ قَوْمًا مَّا أُنذِرَ آبَاؤُهُمْ فَهُمْ غَافِلُونَ

«Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари эса, ғофил бўлган қавмни огоҳлантиришингиз учун (сизни пайғамбар қилиб жўнатдик)». («Ёсин» сураси, 6-оят).

Қуръон тафсирчиларидан бири Нўмон Алихон мана шу оятни тафсир қиларкан, унда бир нарсага эътибор қаратади: Аллоҳ Таъоло ушбу оятда Қурайш қабиласининг хатто номини ҳам зикр қилмасдан, Ер юзидаги қандайдир «ғофил битта қавм» деб атаб кетган, холос.

Ҳа, қурайшликлар қанчалик ўзлари билан мақтанишмасин, ер юзидаги цивилизациялар олдида заррача қадри йўқ эди, ўшанда. Аммо, буни қурайшликларнинг кўпчилиги билишмасди.

Ҳар сафар ўзининг тоза тошкентлик, андижонлик, урганчлик, самарқандлик, бухоролик ёки ўзбек, тожик, қозоқ, арман, рус эканлигидан фаҳрланиб, бошқаларни “вилоятлик” ёки иккинчи «сорт»га чиқарганларни кўрсам, «Булар ҳам дунё кўрмаган битта ғофил қавм-да», деб қўяман…

© Said Komil M Holhojayev

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *