Мусаффо осмон остидаги уруш

Тинч, осмони мусаффо юртда яшаймиз. Дуоларимизда юртга тинчлик, халққа фаровонлик сўраймиз. Аммо негадир осмони мусаффо, замини тинч юртнинг фуқаролари тинч ва хотиржам яшай олмаяпти. Ҳалокатлар, фожиалар, қотилликлар қурбони бўлаяпти. Тинчлик деган сўз бизни сергаклик, хушёрликдан айирдимикана?..

Уруш кўрган халқларни эшитганман: фарзандларини бошқа бошқа хонадонларда сақлар экан, ўз уйларига бирор кор-ҳол бўлса ўша оиланинг чироғи ўчмаслиги, авлодлар занжири узилмаслиги учун. Уруш кўрган миллатлар ҳақида эшитганмиз: бир қавм бирор жойга борса, жонини, ҳаётини бошқалар учун гаровга тикка одам энг олдинда кетар, бошқалар унинг изларигагина қадам босар экан. Мободо оёқ остида мина портласа фақат бир киши қурбон бўлиши учун шундай қилинар экан.

Тинч юртнинг фуқаролари ҳар қадамда фожиа, ҳар лаҳзада ҳалокатларга дуч келаётган, бир оиладан икки-уч киши: ака-ука, ота-болалар жони бирданига узилиши такрор ва такрор содир бўлаётган экан, нега уруш қоидаларига амал қилиб яшашни бошламаслигимиз керак? Тинч юртнинг амалдорлари ўз айбини тан олиш, муаммоларни бартараф қилиш ўрнига халқни бот-бот айблаётган, бечора халқни муттаҳамга чиқариб қўётган вақтда халқнинг ўзи ўз жони, ўз ҳаёти учун курашиш кўникмаларини ўзлаштирса бўлмасмикан?

Узоқ йўлга отланар эканмиз, жонимиз, ҳаётимизни гаровга тикамиз. Чунки бу йўлларда ҳеч кимнинг ҳаёти кафолатланмаган. Нафақат автобуслар, поездлар, самолётларни ҳам мутлақо хавфсиз деб айта олмаймиз. Йўлда ҳамма нарса бўлишини инобатга олиб ҳар эҳтимолга қарши ака-ука, ота-бола, опа-сингилларни бир рейсда олис сафарга кузатмасак бўлмасмикан? Ахир қадарни ҳам ўзгартириш мумкин…

Ўзга диёрларга йўл олган, узоқ ўлкаларда меҳнат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз ўзини нималар кутаётгани, қандай ҳолат, вазиятлар, мушкулликларга тушишини билмайди. Биз кеча ёки бугун гуруҳ-гуруҳ бўлиб чет элларга отланаётганимиз йўқ. Ишлаш учун хорижга биринчилардан бўлиб сафарга отланганларнинг болалари ҳам бугун четга ошиқмоқда. Бир авлод вояга етди, нега мусофирчилик машаққатларига уларни тайёрламасдан кузатиб қўяяпмиз? Мабомики эрта-индин Россия, Қозоғистон ёки Кореяга ишлашга кетиши аниқ экан, нега болаларни ўзини ҳимоя қила оладиган, бировга ҳаққини бериб қўймайдиган, хавфсизлик қоидалари яхши биладиган, маънан ва жисмонан чиниққан қилиб тарбияламаяпмиз? Юртимиз тинч бўлгани билан қарийб уруш ҳолатидамизку. Автобусимиз ағдарилиб кетаяпти, бирида поезд билан тўқнашаяпмиз, бирида буткул ёниб кетаяпмиз, қурилиш майдонларида қанчадан-қанча фалокатлар рўй бераяпти, ҳали ис газидан заҳарланаяпмиз, ҳали йўқ жойдан пичоқлаб ўлдиришаяпти, ном-нишонсиз кетаётганларимиз қанча…

Санжар Саид.

Биринчи изоҳ

  1. Бундай тарбиялаш учун, ота-онани ўзи кучли илмга эга бўлиши керак. Ғайрат керак, вақт керак. Ота-она эрталабдан кечгача ишласа, шунда хам косаси оқармаса бола бечорани ким тарбиялайди?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *