Муҳаммад Юсуф: Худо билар, ким олдин кетар!..

Хавотир

Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам,
Ётар бўлсам қумга ботиб кўзларим,
Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам –
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

Энг яқин дўстларим ғийбатим қилар,
Энг заиф душманим устимдан кулар.
Улар-ку, не қилса ўзлари билар,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

Шоир ўлса ким ҳам куйинар дейсиз,
Мадҳиябоз ҳозир суваракдай кўп.
Улар мисли қишда тарновдаги муз,
Бармоқ тегса ерга тўкилар тўп-тўп…

Тилдан қолсам кўзда қотиб ёшларим,
Кўнглимдан бошқа бор ахир, не зарим?
Ерларга эгилган куни бошларим,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…

Улар ёш. Ўлимдан қўрқаман ёмон,
Чунки, дардига ҳеч қулоқ солмадим.
Қабримнинг устида йиғласин дебон,
Қизларим кўзёшин асрай олмадим!
****************************
Ҳазил

Менинг ҳақимдаги ғийбатлар ёлғон,
Ихтиёр ўзимда бўлса қанийди.
Шароб ичиш менга Хайёмдан қолган,
Ичмасам, ул зотнинг кўнгли ранжийди.

Ўзим бошладимми, ўзим қилгум бас,
Дўстларим беҳуда заволим излар,
Агар қирққа кирмай ўлсам, май эмас,
Мени хароб этган бевафо қизлар!..
*************************
Қушлар ҳам йиғлар

Терлар оқди сув бўлиб биздан
Ва гурсиллаб йиқилди терак…
Ака, бизнинг қилмишимиздан
Тунда қушлар йиғласа керак.

Она чумчуқ айланиб кетмас,
Кўнглига қил сиғмаса керак.
Эски индан ташиб бориб хас,
Янги инда йиғласа керак.

Баланд бўлар уйимиз тоғдек,
Айвонида устун ул терак.
Биз яшармиз, кўнглимиз чоғдек,
Шунда қушлар йиғласа керак…

*************************
Руҳ тўтиси

Бош бир кун тош ёстиққа етар,
Руҳ тўтиси танни тарк этар.
Дейдилар, ёш танламас ажал,
Худо билар, ким олдин кетар…

Офтоб елиб толса кўк узра,
Унга осмон сандиғи ҳужра.
Ҳақдан ҳукм, бандадан ижро,
Худо билар, ким олдин кетар?!

Пок дилингни кемирди ҳасад,
Қадамингда топдинг азият.
Дўстим, менга қилма васият,
Худо билар, ким олдин кетар.

Асо тутмиш қанча қадди дол,
Мен бир кучга тўлган навниҳол,
Отам мени кўмар эҳтимол…
Худо билар, ким олдин кетар.

Кўзим кўкда, сизда хаёлим,
Жужуқларим – менинг камолим!..
Ғаниматмиз, жуфти ҳалолим,
Худо билар, ким олдин кетар!..

Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Ўрта мактабдан сўнг Рус тили ва адабиёти институтига кириб, уни 1978 йили тамомлади. 1978-1980 йилларда республика Китобсеварлар жамиятида, 1980-1986 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида ишлади. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифасини бажарди.

У ўнга яқин шеърий тўпламлар, кўплаб қўшиқларнинг муаллифи сифатида кенг китобхонлар қалбига кириб улгурди. Шоирнинг дастлабки шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1976 йили эълон қилинди. Сўнгра “Таниш тераклар” (1985), “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” (1989), “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимда бир ёр” (1991), “Бевафо кўп экан” (1991), “Эрка кийик” (1992), “Ёлғончи ёр” (1994) каби шеърий тўпламлари, сайланмалари нашр этилди.1989 йилда эса “Уйқудаги қиз” номли шеърий тўплами учун унга республика Ёшлар ташкилотининг мукофоти берилди. 1998 йили Муҳаммад Юсуфга “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон берилди.

Шоир 2001 йилнинг 1 август куни 47 ёшида оламдан ўтди.

Биринчи изоҳ

  1. Муҳаммад Юсуф охирги пайтда Ёзувчилар уюшмасининг котиби эмас, раис ўринбосари бўлиб ишлаган.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *