Муҳаммад ИСМОИЛ: ХЎЖАЙИННИНГ “ХЎЖАЙИН”И

 

Ҳикоя

Бу воқеани узоқ йиллар туман ҳокими бўлиб ишлаган оқсоқол сўзлаб берганди:
— Туманда ёғингарчилик оғир келиб, пахта плани ҳам, ғалла плани ҳам бажарилмай қолди. Раҳбар ҳар куни чақириб сўкади, сўкади натижа йўқ.
Мени ишдан оладиган бўлишди. Бошим қотиб қолди. Бўшаш тўғрисида ариза ёзишга қўлим бормасди. Ишдан кетишдан эмас, шарманда бўлишдан, элу-юрт олдида бошимни кўтаролмай юришдан қўрқардим. Ариза ёзишга орият йўл қўймасди. Ўйлаш учун фурсат бўлади-ку дедим-да, касалхонага ётиб олдим. Аҳволимни билиб, ёру-дўстлар кела бошлади. Ҳаммаси Раҳбарни ёмонлаб, менга ёқмоқчи бўлишарди. Мен эса, ўзимни ёмонлаб, фақат вилоят раҳбарини мақтардим. Чунки, биламан агар вилоят раҳбарини ёмонласам, улар гапимни оқизмай-томизмай етказиб борадилар, раҳбарда ўзларига нисбатан ҳайриҳоҳлик уйғотиш пайида бўладилар, унга дўстлик қўлини чўзадилар ва унинг дўстлари сафига қўшилиб олишни истайдилар.
Менда, раҳбарга нисбатан қанча нафрат, ғазаб бўлмасин, ўзимни енгардим ва раҳбарни ёқимли фазилатларини айтиб мақтардим. Бу пайтга келиб туманда анча йиллар ишлаган, паст-баландни кўрган ва Худодан бошқа ҳеч кимга ишонмай қўйиш тажрибасини эгаллаган эдим. Бировнинг дўстлигини ҳам, душманлигини ҳам нисбий ва ўзгарувчан хислат деб билардим. Ўзимни бировни ёмонлашдан, ғийбат ва хусумат кўрсатишдан тиярдим. Бало келганда одам ўзини ўзи сақлаб қола олиши – эришган энг катта илми, деб тушунардим.
Раҳбарнинг йўлини уч кун пойладим. Бир кун тонг азонда уйига бордим. Дарвозани тақиллатдим. Ҳовлида ўтирган экан, — Мумкинми, Хоким бува, – деб овоз бердим. – Ҳў, ким у? – дейиши билан югуриб кириб, салом-алик қилдим, қўлимда халта тўла пул бор эди, стол устига қўйдим. Хотини дастурхон кўтариб келаётган экан, дастурхонни стол устига ёйди-да, столни тозалаган бўлиб пакетни қўлига олди. Мен: — Олиб қўйинг, янгажон, бу арзимас совға, атир-упа учун, уйингизга қуруқ кирмай дедим… – деб хотинига шипшидим. Раҳбар:
— Ҳой, нима бу, нима кўтариб юрибсан, – дея ўдағайлай бошлади. Унинг бу саволига хотини жавоб берди:
— Стол устини тозалаяпман дадаси, сизни сўраб биров келибди, аввал кўришинг, икки оғиз гаплашинг, меҳмонни иззати шуми… – деди ва индамай пакетни кўтариб кетди.
— Ҳа, нимага келдинг, қаёқда қочиб юрибсан, уйимда тонг азондан сенга нима бор? – деди бояги пўписа оҳангида хоким бува.
— Битта-ю битта нажоткоримсиз. Ўзингиз аҳволимни яхши тушунасиз. Туман ночор, ери шўр, суви шўр… Одамлар эккан чигит унмайди, лалми жойлар осмонга қараб қолган. Буни сиз яхши тушунасиз. Деҳқончиликни ҳамма қийинчиликларини бошингиздан обдон ўтқазгансиз. Яна бир марта кечирмасангиз бўлмайди. Ҳамма айб менда. Худо хоҳласа бу йил айбимни юваман. Олдингизда туманимиз меҳнаткашларининг юзи ёруғ бўлади – дедим.
— Э, ўл-е, падарингга лаънат сендай раҳбарни. Бу йил қанча пахта қўшиб ёздинг, фалон тонна чигитни, фалон тонна селитрани қаёққа йўқ қилдинг, нега сўрасам касалман деб ётиб олдинг, сени бугуноқ олиб бориб қамаб қўяман, қип-қизил газандасан. Ҳой, хотин чақир мелисани, мана бу муттаҳамни олиб кетсин…
Уйдан хотини чиқиб жонимга оро кирди:
— Ҳой, дадаси меҳмон атойи Худо! Сизни қора тортиб келган одамни ҳайдайсизми? Акамни ҳамма ишлари жойида, одамгарчиликлари ҳам етарли. Иззат-ҳурматини жойига қўйиб кузатингда, бемалол ишхонада гаплашаверинг. Бир пиёла чой қуйиб берсангиз-чи, дамлаган чойим шу бўйи қолиб кетибди.
— Мен бу ярамас билан чой ичмайман. Қани тур, йўқол кўзимдан…
— Ҳой дадаси, уят бўлади-я! Бошлиқ одам озгина босиқ бўлади. Ҳа, сал хато қилган бўлса, хато қилибди, нима бу бийдай чўлда одамлар сув ичмайдиган, нон емайдиган фариштами? Меҳнати оғир бу ернинг, меҳнати… Сал ёрдам бериб, ҳимоя қилиб юборсангиз, яна ўзларини тиклаб оладилар. Бу дунёда хато қилмайдиган одам борми? Ҳаммасиям аввал бошда йиқилади, туртинади, суртинади, кейин текис йўлга тушиб кетади. Умид билан келган одамни, ноумид қайтарманг, ишни бўладиган томонини кўзланг дадаси., бўладиган томонини… Бу одам энди кўзларига қараб юрадилар, шундайми – деди менга қараб.
— Ҳа, албатта опажон, албатта, юз фоиз…
— Қани, сиз бораверинг, ишингизни бюрода кўриб чиқамиз, – деди хоким бува.
Таъзим қила-қила чиқиб кетдим. Лекин ишнинг натижаси нима билан тугашини билмас эдим.
Бир ҳафтадан кейин бюро мажлиси бўлди. Ҳоким дарғазаб бўлиб, вилоятдаги хато ва камчиликларни гапирди. Сўзининг охирида пўстагимни шу қадар қаттиқ қоқди-ки, ўлдим, энди қамалиб кетсам керак деб ўйлай бошладим. Лабларим, тилларим қуриб қалтирай бошлаганди…
Хоким сўзини тугатди-да, навбатни биринчи ўринбосарига берди. Муовин вилоятни гапириб-гапириб, сўзи сўнггида менга келиб тўхтади. Ҳа, ҳақиқатдан хато камчиликлар бор, лекин шунча йилдан буён ишлаб келаётган одамни, бирданига ёмонотлиқ қилиб, раҳбарлик шаънига қора доғ тушурмайлиг-у, майли яна бир марта кечириб, меҳнат дафтарига ёзиш шарти билан қаттиқ қизил хайфсан бериб, бу ишга нуқта қўйсак, агар бу хатолар яна қайтарилса, кейин бу кишига орамизда жой йўқ, хокимиятдан ҳайдаймиз, бир минутда ишдан кетадилар, — деди.
Кейин, иккини ўринбосар сўз олди. У ҳам камчиликларимни гапириб-гапириб, охири хокимга мурожаат қилди: — Бир йигитни бино бўлиши учун қирқ йил керак. Худди ниҳолни парваришлаб катта қилгандай, сиз ўзингиз бу инсонни ўстирдингиз тарбияладингиз, билмаганини ўргатдингиз. Қанча меҳнатингиз кетди. Келинглар, хайфсанни меҳнат дафтарчасига ёзмайликда, оғзаки хайфсан бериб қўя қолайлик.
Кейин, учинчи муовин сўз олди. У ҳам гапириб, гапириб: — Келинглар яна бир имкон берайлик, кечиримли бўлайлик. Мени таклифим, мана қўшни районнинг аҳволи жуда оғир. Бу одам мана шу жойда ўзини кўрсатсин, тер тўксин, ишончимизни оқласин, жазо бериш бўлса қочмас, – деди.
Шундай қилиб бюро мажлиси тугади. Мени ўз районимдан ишдан олиб қўшни туманга хоким қилиб қўйдилар.
Яхши сўз, яхши совға-салом аввалги замонларда ҳам ҳаммага ёққан, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолса керак…
***
Орадан йиллар ўтиб, хоким ҳам, мен ҳам нафақага чиқиб, ўрнимизни бўшатиб бердик.
Бир кун Хоким бува билан тасодифан учрашиб қолдик. Хоким: – Ўшанда қандай юрак ютиб, уйимга келгандинг? – деб сўраб қолди. Айтдим: — Бу сир эди. Лекин сизга ҳурматим чексизлиги, сояи-давлатингизда қанча йиллар давру-даврон сурганим шарофатига бу сирни ошкор этаман. Биласиз, чўлни обод қилишдан кўра одамнинг кўнглини обод қилиш осонроқ. Мен йигирма йилдан ортиқ турмуш ўртоғингизга хизмат қилганман. Заиф томонингиздан фойдаланганман. Сиз мени жарга итариб юбормоқчи бўлганингизда ҳам, мени жардан қутқариб оладиган одам борлигига ишонардим. Шул сабаб, сўкишларингиз, айблашларингиз сиз ўйлаганчалик таъсир қилмасди. Сўкканингизда, ўзингизни ҳам мендан ортиқча жойингиз йўқлигини билиб турардим. Шуни яхши биламанки, сизнинг қўл остингиздагилар, ишлашни, демакки яшаш учун курашишни истар эканлар, сизни ўзингиздан ҳам кўпроқ билишга, сизни ўрганишга мажбурлар. Юз минглаб одамларни бошқараолган қудратли инсонлар гоҳида уч-тўрт кишидан иборат ўз оиласини бошқараолмайдилар. Одамнинг заиф томони ҳам, буюк томони ҳам – унинг хотини ва бола чақаларидир! – дедим.
Хоким бува менга узоқ қараб турдида-да, нимадир демоқчи бўлди. Тик қараб турганимни кўриб шаҳдидан қайтди ва индамай кетаётган йўлига равона бўлди. Биз қайта учрашмадик.

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *