Муаззам Иброҳимова: Иқрор

Бозорлигимни қилиб бўлгачгина қатиқ олмаганим ёдимга тушиб, сут махсулотлари растаси томон шошдим.
Ҳар доимгидек битта аёлдан оламан, ишончли. Болаларимга ҳам ёқади. Шакар ёки мураббо қўшиб, замонавий тилда айтганда « йогурт » тайёрлаб, бир пасда идишини бўшатиб қўйишади.
Оғиргина бозорхалтамни ерга қўйиб, таниш сотувчига пул узатдим. У қўшниси билан гаплашиб турган экан, аниқроғи қорамағизгина, тўлароқ шериги уни овутарди:
— Сиз хафа бўлманг ўргилай, бунақа сатанг ойимчалар сутнинг таъмини билишармиди? Сувмиш-а? Э, ордона қолсин, яхшиликни билмаган.
Таниш сотувчим, бир нарсадан қаттиқ асабийлашган кўринади. Тугилган муштлари титраб кетди:
—Ейман—ичаман деб турган бола—чақа ҳаммада бор. Рўзғорнинг ками битармиди? Эрим бир жойда ётса, оладиган пенсияси ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Аммо мен мусулмонман! Оқ, кўкнинг фарқига бораман. Сув қўшиб сотарканман? Гулдек болаларимга бировнинг хаққи керак эмас. Аввал исботлаб., кейин тўполон қилсин…

Уларнинг гапларига эътибор бермай, саломлашган бўлдим. Қатиқлари жуда мазали. Хар куни эмасу, шу томонга йўлим тушса албатта сотволардим. Дойим 10-11 ёшдаги озғингина ўғилчаси билан бирга кўраман. Хозир ҳам ёввойи қуёнчадай хуркиб турган болага қараб жилмайиб, онасини юпатмоқчи бўлдим:
—Қўйинг синглим, куйинманг. Ҳар хил одам келади бозорга. Мен ҳам қатиқ олиб тураманку, хали ёмон чиққанини эслай олмайман.
Жувон кўзида ялтираган бир томчи ёшни сидирар экан, пулимни олиб қатиқ узатди.
—Э опа, биттаси бир соат аввал кайфиятимни бузиб кетди. Боласини кўкракдан эртароқ чиқарганди. Каша-пашага пули йўқ бир бечора. Ўзимдан анчадан бери сут олиб туради. Баъзан қарзга ҳам берворардим. Бугун келиб, хе йўқ, бе йўқ «сиз сотган сутни деб болам икки хафта касалхонада ётиб чиқди. Сув қўшар экансиз» деб ҳамманинг олдида изза қилса бўладими?Ўлай агар, бир грамм қўшган бўлсам…
Йўқ , қаршимдаги аёл бундай қилмайди. Қўлимдан келганича ширин сўзимни аямадим.
—Бу ер бозор, ҳар хил одам бор. Хафа бўлишга хам арзимайди. Болаларингизни ўйланг.
Шу пайт қаердандир етти-саккиз ойлик гўдагини бағрига босганча , анча одми кийинган бир жувон пайдо бўлиб, сут-қатиқ сотувчининг қўлига муҳр босилган қоғозни узатди.
—Мана опа, сизга исбот керакмиди?! Сутингизнинг ўттиз фоизи сув эканлиги хақидаги хужжат. Олинг кўринг!
Исбот талаб қилган эдингиз. Яна, бировнинг хаққи керак эмас дейсиз-а? Болам ўлиб қолай дедику, уялмайсизми? Худодан қўрқмайсизми?
—Тухмат!
Важохат билан хезланди аёл, —Ҳаммаси тухмат. Қани мен билан юринг, мана ҳамма нарсамни оволаман. Шуни текширтирган жойингизда ҳаммасини экспертизадан ўтказасиз. Муроджон юр болам!
У ердаги идишларини йиғиштириб, халтасига жойлаб кўтарди. Жовдираб турган боласига қараб йиғлаганча буйруқ берди:
—Юр, дедим. Нега қаққайиб турибсан!
Бола жойидан жилмади.Атрофда йиғилиб қолган томошаталабларга бир қур жавдираб қараб чиққач, онасининг этагига ёпишди.
—Ойи, борманг!
—Нега бормайман болам, мени қўрқадиган жойим йўқ! Ҳаммасини текширишсин! Ярим грамм сув топишса, буюрмасин илохим!
Онасининг важохатидан қўрқиб кетган йигитча унинг этагини бўшатиб, хўнграб йиғлаб юборди.
—Ойи, борманг….Нарсаларимизни олиб бозордан кетайлик.
—Нега?
—Сутга сувни мен қўшганман. Хаммасида суви бор.
Карахт бўлиб қолган она шалвираб курсига чўкди.
—Тушунмадим болам?Нима деяпсан ўзи?
—Ха, сувни мен қўшаман. Қўшнилар олиб чиққан сутда хам, сигиримизнинг сутида хам сув бор….
Ишонмадим. Наҳот? Сутку олмаганман. Аммо қатиқлари мазалику!
Онаси силтай бошлаган йигитчага қараб, раҳмим келди
—Ҳар доим дадамни пул топмайди деб қарғайверасиз, —давом этди у бошини эгиб,— Пенсияси ўлгур етмайди дейсиз. Дадам роса йиғлайди. «Дориларимга ҳам анча кетадида болам. Ундан кўра тезроқ ўла қолсамку «дейди. Фақат ўзингизга индамайди. Мен ҳеч бўлмаса дори пуллари чиқиб турадику деб, сутни кўпайтираётгандим. Ранги ўзгармайди, одамлар билмайди, дадам хам узоқ яшайдилар деб ўйлагандим холос…
Титраб гапираётган боланинг иқроридан она мустар, одамлар лол, мен эса ўйланиб қолдим.
Ношукурлик қилавериб, болаларни қинғир ишларга ўзимиз ўргатиб қўймаяпмизми, сиз нима дейсиз ойижонлар?

Муаззам Иброҳимова

5 комментариев

  1. Сутга сув қўшса,касал қилмайди.Уни боласи она сутидан айрилгани учун янги маҳсулотга кўниколмай ошқозони бузилган бўлиши мумкин.Умуман олганда,сутга сув қўшилгани яхши бўлган,калорияси камайган она сутидан айрилаётган бола учун нисбатан хавфсизроқ .
    Сутга сув қўшиб сотишни оқлаётганим йўқ,болани касал бўлганини булардан кўрганига қаршиман.Сут сотувчи бола инсофли эканки,айбини тан олибди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *