Мўъжизага ишон Насиба!

Хоразмнинг энг чекка қишлоқларидан бири бўлган “Гулистон” қишлоғида яшовчи ир мактабда ва бир синфда ўқиган туркман қизи Гулниҳон ва қозоқ йигити Тоҳиржон бир бирига меҳр бериб, вақти келиб турмуш қуришди. Бу икки ёшнинг гўзал муҳаббатини меваси сифатида бирин кетин уч фарзанд дунёга келди. Насиба, Давронбек ва Назира. Улар бахтдан сармаст эдилар, турмушдаги қийинчиликлар уларнинг бахтига тўғоноқ бўлиши мумкин эмасдек эди. Шундай кунларнинг бирида Тоҳиржон ҳам, Гулниҳон ҳам ишсиз қолишди. Болалар ейман, ичаман дейди. Тоҳиржон ўйлай ўйлай хорижга тирикчилик илинжида ишга кетди. Аммо кўп ўтмай бахтсиз ҳодиса юз бериб Тоҳиржон бу дунёдан кўз юмди. Гулниҳон ва уч фарзанд фарёд чекиб қолавердилар, бу дунёда. Айрилиқ дарди Гулниҳонни соғлигидан айирди. Оиланинг катта фарзанди Насиба тенгдошлари қатори кўча куйда ўйнаш ўрнига уй ишларида ва укаларини парваришлашда онасининг энг яқин ёрдамчисига айланди. Орадан кўп ўтмай нафақат укаси ва синглисининг парвариши, касаллик олдида ожиз қолган онасига ғамхўрлик қилиш ҳам Насибанинг зиммасига тушди. Ўз ҳали гўдак бўла туриб, кечалалари бошини ёстиққа босиб йиғлаганча, Оллоҳдан онасининг дардига шифо сўрарди. Аммо ҳаёт бешафқат, ўлим ҳақ. Насиба 18 ёшга кирмасдан бу дунёда укаси Давронбек, синглиси Назиралар билан ҳам отасиз, ҳам онасиз қолди. Қариндошлар уларни меҳрибонлик уйига жойлаштириш тараддудига тушишди. Бироқ, Насиба катталарга хос вазминлик билан бунга қатъий қаршилик қилди. Бахтига маҳалла фаоллари ёрдамида ўз укаларини ўзи тарбиялашга, ота онаси чироғини ўчирмасликка эришди. Бугун у ён қўшниси оғир кунларга уларга мададкор ва ҳамдард бўлган Бегешов Ораз отага миннатдорчилик билдириб кўзлари намланади. Коллежни тугатиб, Насиба иш топа олмади, биргина боқувчисини йўқотганлик нафақаси билан оила тебратиш эса ниҳоятда оғир. Гоҳида ун қолмайди, гоҳида мой, гўштли таом пишган куни катта байрам. Аммо маҳалланинг саҳоватли инсонлари, қариндошлардан яхши қўшнилар шарофати билан оч бўлишмади, юпун бўлсада, яланғоч қолишмади. Биз билан суҳбатда Насиба ҳеч нарсадан нолинмайди, фақат унинг мунгли кўзлари унинг анча қийналганлигини билинтиради халос. “Коллежни тугатиб, иш изладим, топаолмадим. Охири президентимизга ёздим. Яқинда уйимизга туманимиз ҳокими, Хоразм вилоят ёшлар иттифоқи кенгаши раиси келишди. Мени шундоққина уйимиз олдидаги мактабгача таълим муассасига ярим ставкага бўлса ҳам ишга жойлаштиришди. Катта раҳмат уларга. Энди оз моз бўлсада яшашимиз сал енгиллашса ажаб эмас. Бизга олаётган нафақамиз тирикчиликка етмаяпди, лекин олаётган 600 минг нафақамиз сабаб, бизга бола пули ва ёрдам пули бериш мумкин эмас экан. Шунинг учун мен ишлашим жуда зарур, ахир укам ҳам синглим ҳам улғайяпди, уларнинг тенгдошларидан кам қилсам, кўнгиллари ўксийди.” дейди биз билан суҳбатда. Унинг ҳар бир сўзида матонат, меҳр оқибат ва самимийлик мужассам. Мен ундан энг яхши кўрган китобини сўрасам, у “Тилла балиқ ҳақидаги эртак” дея жавоб берди. Шунда мен ундан сўрадим, “тилла балиқ тутсанг, нима истардинг, Насиба?” , “Отам билан онамни қайтариб беришини сўрардим, жуда қийналиб кетдим, аммо биламан буни иложи йўқ, лекин барибир мўъжизага ишонгим келади. Шунинг учун мен олтин балиқдан укам билан синглимга кийим бош тилардим, уйимизни озгина таъмирлашга ёрдам сўрардим, томдан чакка ўтиб ётибди, уйимиз захлигидан укам, синглим кўп касал бўлади. Мени ўзимга ҳеч нарса керак эмас!” Насибанинг кўзидан ёшлари дув дув оқарди…
Насиба, мўъжизага ишончинг сўнмасин сира. Сендаги жасорат, матонат меҳрнинг ўзи ҳақиқий мўъжиза эмасми?
Мен ишонаман юртимизда саховатпеша инсонлар жуда кўп. Улар ушбу оилага ёрдам қўлини чўзадилар деб умид қиламиз ва бунга ишонамиз!
Фақат сен мўъжизага ишон, Насиба!
Давлат Назар


6 комментариев

  1. Шундай холатлар хакида макола ўқисам, ХУРМАТЛИ ДАДАХОН ЕКУБОВ ТОМОНИДАН ТАШКИЛ ЭТИЛГАН «МАХАЛЛА» ЖАМҒАРМАСИ ОРКАЛИ МИНГЛАБ МУХТОЖЛАРГА БЕҒАРАЗ ёРДАМ БЕРГАНЛИГИ ёДИМГА ТУШАДИ. ҚАЕРДАСИЗ ХАЗРАТИ ИНСОН!? БИЗ СИЗАЙ ЖУРНАЛИСТЛАРГА ИНТИҚМИЗ!

  2. Уша Худодан бехабар махалла комитети улиб коладими ёрдам пули берса 600 минг маош эмаску бокувчисини йукотганлик учун нафака. Харомхурларга бир икки ойлигини берса истаган одамига ёрдам пули болалар пули беради. Хаммаси шунака махалла комитетини

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *