Москвада ўзбек муҳожири жуда қийин аҳволда, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса сукут сақламоқда

BBC Россияда ишлаб, ҳозирда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири билан учрашди. Москва вилоятининг Жуковский шаҳарчасида юк машинаси ҳайдаб тирикчилик қилиб юрган Улуғбек Тўхтамуродов бахтсиз ҳодиса туфайли икки кўзидан ҳам айрилиб қолиш арафасида.

«Юк ташиш билан шуғулланардим. Рўзғордан орттириб, ҳар 2 йилда битта енгил машина олгандим, жами 4 та бўлганди. Ҳаммасини сотдик. Ҳозир укам келиб, менга қараб, ишлаяпти. Уйимни сотишимиз қолди. Лекин уйни сотсам, аёлим билан 5 болам қаерда яшайди, бошим қотган. Ўйлаб ўйимга етмайман», дейди муҳожир.

Унинг айтишича, машинасини созлаш пайтида хавфсизлик ёстиқчасини кесишга уринган. Шу пайтда портлаш содир бўлиб, аланга унинг юзига урган. 2 ой шифохонада ётган, сўнгра ижара уйдан поликлиникага қатнаб даволанаяпти. Аммо бу муолажалар унинг учун осон кечаётгани йўқ. Оғриқ азобларидан ташқари, катта ҳаражатлар ҳам Улуғбекни қийнаяпти. У муҳожирликда йиққан-терганларини даволанишнинг 4-ойидаёқ харжланиб бўлинди. Олдинда энг муҳими — бир кўзини нурини тиклаш операцияси турибди.

«Уй қуриб, ҳали битиришга улгурмагандим. Совуқ тушган, уйга дераза-ром қўя олганим йўқ. 5 ойдан бери бу аҳволдаман, уйга пул ҳам юбора олмаяпман. Газ йўқ, печка ҳам йўқ. Болаларим совуқда қийналишаяпти. Аввал шароитларини қилиб берсам бўларкан», афсусланиб гапирди Улуғбек.

Шифокорлар Улуғбек Тўхтамуродовнинг бир кўзини сақлаб қолишдан ҳамон умид борлигини айтмоқда. Бироқ 4 ой даволаниш учун топганини сотган Улуғбек энди 5 фарзандини қишда кўчада қолдириб, уйини сотишга мажбур бўлмоқда.

«Бир неча операциялардан кейинги ҳолатим бу. Докторлар сонимдан тери олиб, юзимга тикишган. Мен учун муҳими, кўзларим. Бири умуман оқиб тушган дейишди, иккинчисига умид қилса бўлади. Ҳозир ҳам ёруғликни сал-сал сезаяпман. Қора бандни боғласам, яна қоронғулик бўлади», дейди умидвор муҳожир.

BBC Улуғбек Тўхтамуродов билан бўлган ушбу воқеаларни ўз сайтида эълон қилгандан кейин ҳам Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасидан умуман хабар бўлмаган. Негадир, элчихонамиз ўзбекистонлик муҳожирнинг ўзга давлатда қийин аҳволга тушиб қолганига бефарқ қарамоқда. Албатта, чет элдаги ватандошларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш элчихонанинг вазифаларидан биридир. Умид қиламизки, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Улуғбек Тўхтамуродовнинг ҳолатига бефарқ бўлмайди ва тез орада амалий ёрдам кўрсатишади.

Ҳозирда Россияда истиқомат қилаётган иқтисодчи, таниқли блогер, публицист Жамшид Муслимов фейсбукдаги ўз саҳифасида қуйидагиларни ёзиб ўтди:

«Улуғбек билан телефонда суҳбатлашдим. Яқинлари, укалари яхши қарашаётганини айтдилар. Ҳозир кўзнинг тикилган жойларида совуқдан яллиғланиш ва оғриқ бор экан. Ҳар икки ҳафтада врачга қатнар эканлар.

Врачлар рухсат берганда, бир кўзларини операция қилишар экан, унинг кўриш қобилияти сақланиб қолганилигига умид бор, дейишибди. Жарроҳлик амалиёти Россияда ёки Германияда ўтказилиб, тахминан 2 миллион рубл (32 минг АҚШ доллари) турар экан.

Овозлари телефонда анча тетик эшитилди, ҳеч бир нарсадан шикоят қилмай гапирдилар. Ўзим очиқчасига гапиришни сўраганимдан сўнг, руҳий тушкунликка тушиб қолаётганларини айтдилар. Олдинда пул йиғиш муаммоси ва «Мен ҳаракатга ўрганган одамман, елиб югурар эдим, телефонимда интернет ҳам бўлмаган, тугмали телефон тутганман… Ҳозир кўчага чиқиб айланишим ҳам мумкин эмас, ташқари совуқ… Шу нарса мени тушкунликка соляпти», дедилар.

Дарҳақиқат, йигит киши 42 ёшида — ҳам жисмоний, ҳам ақлий етукликка кирган вақтида ана шундай синов тушиши ўзгача оғир бўлади.

Қадрли дўстлар, шунинг учун бу постни улашишга ёрдам беринг. Шояд ҳомийлар чиқиб, молиявий мушкулларини енгил қилса.

Ва энг катта қўллов, менимча, руҳан кўтаришга ҳаракатимиз бўлса керак. Шунинг учун кимда иложи бўлса, бир оғиз телефон қилиб далда бўладиган сўз айтсангиз.

Қўлимиздан келганича ёрдам берайлик!

Улуғбек Тўхтамуродов телефон/IMO: +79055143235

Ўзбекистондаги акаларининг телефон рақами, Алишер:
+998919538548

СБЕРБАНК РАҚАМИ:
5336 6903 4959 3667
Сирожиддин Рузибоевич Т. — карта укасининг номида.

P.S. Ватанда аёллари 5 фарзандлари билан қолган. Каттаси 16 ёш, кичиги 1,5 ёшда».

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.