Мирзо Улуғбек номидаги мактаб-интернат ҳамда «Астрономия ва аэронавтика» боғи ташкил этилади

Президент 14 сентябрь куни “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Мазкур қарор билан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади. Мактабда 200 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда ва 150 ўринли турар жой биноси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қурилиш-таъмирлаш таълим муассасасини жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил Инвестиция дастури доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси белгиланган бўлиб, барча қурилиш-таъмирлаш ишларини 2018 йил 1 августига қадар якунлаш режалаштирилган.

Мактаб-интернат 2018-2019 ўқув йили бошлангунига қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан барча зарур мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланади.

Қарорга мувофиқ 2018-2019 ўқув йилидан мактабга 7-синфдан бошлаб ҳар бир синфда 20 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган.

Астрономия институти мактабнинг ўқув жараёнида етакчи мутахассислар иштирокини таъминлайди, мавжуд асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда астрономия бўйича дарс ва амалий машғулотларни ташкил этади.

Ушбу қарор асосида Тошкент шаҳар, Астрономия кўчаси, 33-уй манзилида Астрономия институти ҳудудида “Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарий ташкил этилади. Шунингдек, Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини ҳамда маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган телескоплар павильонларини капитал таъмирлаш кўзда тутилган.

Ушбу боғ ва Планетарийга Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмалари асосида Мудофаа вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Тошкент механика заводи” АЖ тасарруфидаги мавжуд самолёт намуна(макет)лари ажратилади ва ўрнатилади.

Манба: UZ24

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *