Мирзо Субханов: «Давлат объектини ижарага олганимдан пушаймонман»

Давлатимиз раҳбари хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳақида куюниб гапираётган бир пайтда, Самарқанддаги Давлат обьектлари очиқ аукцион савдосидаги ўйинлар эътиборимизни тортди.
«Барча юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан чет эл инвесторлари диққатига!» — сўзлари билан 2017 йил 11 июл Биржа газетасида Давлат обеъектларини сотиш бўйича очиқ аукцион савдолари эълон қилинди. Аукцион савдолари 15 август куни, сотилмаса такрорий савдолар 28 август, 11 ва 25 сентябр, 9 ва 23 октябр, 6 ва 20 ноябр, 4 ва 18 декабр, ҳаттоки 2018 йил 2 ва 15 кунлари, белгиланган манзилда бўлиб ўтиши айтилган.
Давлат объектини сотиш учун 12 марта аукцион бўлиши ва бу ҳолат 6 ойга чўзилиши мумкинлиги одамни ҳайратга солиши аниқ.
Нима учун Давлат объектларини сотиш бунча кўп вақт ва меҳнатни талаб қилади?
Сотувга кўйилган Давлат объектлари қанчалик тез сотилса, шунча ҳам давлатга ва ҳам харидорга фойда эмасми?
Нима учун давлат объектларига тадбиркорлар томонидан қизиқиш паст?
Эълонда кўрсатилган объектлардан бири эътиборимизни тортди:
Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани, Равонак маҳалласи ҳудудида жойлашган, Самарканд туман тиббиёт бирлашмаси балансида бўлган ва кўп йиллар мобайнида фаолият олиб бормаётган Даволаш биноси. (эълонда айнан “Даволаш биноси”-деб ёзилган)
Объектнинг бошланғич баҳоси – 491 879 545,00 сўм деб белгиланган.
Кўрсатилган манзилга борганимизда, сотилаётган бинонинг ҳолати ва белгиланган бошланғич нарх – 491 879 545,00 сўм бизда шубҳа уйғотди.
Ушбу бинода 2016 йил бошидан ижарада турган тадбиркор билан сухбатлашганимизда қуйидаги ҳолат аниқланди:
Даволаш биноси Ижарага олувчи томонидан 2016 йил январда 5 йил муддатга ижарага олинган. 2016 йил январ ойи ҳолати бўйича бино Давлат архитектура ва қурилиш назорати (ГАСН) томонидан ишлатишга яроқсиз эканлиги тўғрисида хулоса берилган. Тадбиркор ўз ҳисобидан 50 000 000,00 (эллик миллион) сўмдан ошиқ қурилиш-таъмир ишларини оборган ва келгуси ижара тўлови ҳисобидан қоплашни режалаштирган эди.

«Таъмиргача бу бино ҳеч кимга керак эмас эди, таьмирлаганимиздан сўнг мулк қўмитасидан ва бошка бинонинг «хўжайинлари» пайдо бўла бошланди» — дейди Давлат объектини ижарага олган тадбиркор.

2017 йил 1 январда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси олдин тузилган 5 йиллик ижара шартномани бир томонлама бекор қилиб, янгитдан бир йил муддатга ижара шартнома тузган. Оқибатда давлат объектини ижарага олган тадбиркорга 50 000 000,00 сўмдан ортиқ зарар етқазилган.
«Давлат объектини ижарага олганимдан пушаймонман» — дейди тадбиркор.
Бу ҳолатдан хабардор қайси хориж инвестори келажакда давлат объектини ижарага олиши мумкин?

Давлат объектлари узоқ муддатга кафолатли ижарага берилмас экан, шундай бўш тураверади. Бўш турган бинолар 20 йилга, ёки керак бўлса 50 йилга ижарага берилса, тадбиркор бу объектларга қўркмасдан сармоя киритади ва уларга ижарада турувчи сифатида эмас, балки мулкдор сифатида қарайди. Бу ўз навбатида янги доимий иш ўринларини ҳам яратади.

Шундан сўнг Бино-иншоотнинг бошлангич нархи — 491 879 545,00 сўм қаердан келиб чиққанлиги бўйича Тошкентдаги Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти кабулида бўлдик. Учрашув давомида Бино иншоотнинг нархи мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан ҳисобланганлиги ва бу ҳисобот давлат экспертизасидан ўтганлиги маълум қилинди.
Аммо, бизга талабгор сифатида бу бино-иншоотнинг 491 879 545,00 сўмга баҳолатганлиги тўғрисидаги ҳисобот билан танишиш қўмита раҳбарияти томонидан рад этилди. Сотувдаги Давлат объектлари нархларининг келиб чиқиши бўйича маълумотлар талабгорларга берилмас экан. Бу ҳолат, сотувдаги Давлат объектлари нархларининг кескин равишда ва асоссиз кўтарилаётганлигига исбот бўлиши мумкин.
Сотувдаги Давлат объектлари нархларининг келиб чиқиш тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмаса, қайси хориж инвестори бу объектларни сотиб олиши мумкин?
Давлат объекти арзон баҳоланса ва сотувга қўйилса ҳам, очиқ аукционда нарх босқичма-босқич ошиб бориши натижасида унинг ҳакикий бозор нархи белгиланади ва бунда Давлатга ҳеч қандай зарар етқазилмайди.
Маълумот учун: 2017 йил 01 ноябр ҳолатига юқорида мисол келтирилган Давлат объекти ҳалигача сотилмаган.

P.S. Давлат объектларини ижара олган тадбиркорлар хуқуқларининг бузилиши, сотувга қўйилган давлат обьектлари баҳоланганлиги тўғрисидаги маълумотлар яширилаётганлиги, аукционлар ойлаб давом этаётганлиги ва бошқа бюрократия ҳолатлари Давлат объектларига маҳаллий ва хориж инвестицияларини жалб этишда тўсиқ бўлмокда ва бу ҳолатларни бартараф этиш зарур.

Мирзо Субханов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *