Мирзиёевнинг энг катта муаммоси нимада?

Ўзбекистон давлати шу пайтга қадар “авторитар” деб номланди. Ҳокимият ўзгарди, ислоҳотлар сиёсати эълон қилинди, жамият жонланди, ҳамма гапирмоқда, лекин фақат Президент камроқ гапирмоқда. Олдинлари тескариси эди: ҳамма жим турарди, фақат ва фақат Президент битта ўзи гапирарди. Ўзбекистон бугун ўтиш даврида, сиёсий режим табиати эса ўзгаришларни бошидан кечирмоқда.

Қаттиқ авторитаризмнинг ҳусусияти – маҳрум қилиш, мажбурлаш, таҳдид қилиш ва қўрқитиш ҳисобига вазиятни бошқариш ва ҳокимиятни ушлаб туриш ҳисобланади. Бунинг тескариси – жамиятни ишонтириш, рағбатлантириш, ғоялар ва манфаатлар таклиф қилиш эвазига одамларни ишончини ва ваколатини олиш ва ваколат муддати тугагач ҳокимиятдан кетиш ҳисобланади. Ўзбекистонни маҳрум қилиш, таҳдид қилиш, мажбурлаш борасидаги малакаси жуда катта. Шу қадар каттаки, амалдорлар ва бутун бир бошли сиёсий синф, ҳокимиятни амалга оширишнинг бошқа моделларини яхши тушунишмайди, англашмайди. Бу – табиий муаммо. Чунки, ҳокимиятнинг барча поғоналари, ўтган даврда жамиятнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилмади, осонгина маҳрум қилиш йўлларини парваришлади. Натижада, Ўзбекистон “полиция давлатига” айланиб кетди, куч ишлатар тизимларининг сони ва салмоғи ниҳоятда ошиб борди.

Маҳаллий маъмуриятлар – ҳокимиятлар ҳам, марказдан, якка шахс томонидан тайинлангани учун, одамларни муаммоларини англаб, уларга ечим излайдиган тизимга айланмади. Аксинча, улар ҳам қўл остидаги аҳолини қўрқитиш бўйича малакаларини ошириб боришди. Бугун, таҳдидлар, қўрқитиш ва маҳрум қилиш сиёсий маданияти – янги маъмуриятнинг энг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Бутун Ўзбекистон бўйлаб давлат тизими ишламаяпти. Тизим ишламаяпти дегани, муаммолар тезда, биринчи босқичдаёқ, ҳуқуқий даражада, осон ва арзон ҳал бўлмайди.

Мулозимлар аввалгидек, муаммоларни ҳал қилишни эмас, ўзидан четлатишни, масъулиятни бошқаларга тақсимлашни хуш кўришади. Шунингдек, Ўзбекистон амалдори – муаммоларни ечимини монополлаштиришни ва бу орқали даромад олиш тафаккурини чуқур ўзлаштирган шахс ҳисобланади. Ўзбекистон мулозими – ниҳоятда иккиюзламачи, ҳар бир нафаси коррупцияга йўналган махлуқ ҳисобланади.

Президент Мирзиёев бу тизимни жуда яхши билади, ўзи шу тизимдан чиққан мулозим ҳисобланади. Лекин, у Президент сифатида бу тизим барҳаёт эмаслигини жуда яхши англайди. Бу тизим амалдорларга қулай, лекин давлат раҳбари учун – таҳдид шакллантирувчи, уни тарихий репутациясига соя солувчи, ижтимоий беқарорлик манбаи бўлувчи муаммодир. Президент Мирзиёев бир томондан ишбилармон менежерларга муҳтож, шу сабаб, вилоят ҳокимларини, Тошкент ҳокимини ушлаб турибди.

Лекин, чуқур инқироз ҳам шундаки, бу ҳокимлар янги бошқарув моделларини, ҳокимиятни амалга оширишнинг нисбатан оҳиста, имкон қадар ҳуқуқий моделларини ўзлаштира олмаяпти. Бу ҳокимлар янги – ахборот даврини тушуна олмаяпти, қабул қилмаяпти. Бир томондан иш юрита оладиган, иккинчи томондан, давлат репутациясига соя солмайдиган, ҳуқуқий-сиёсий савияси юқори мулозимлар синфи – Президент Мирзиёевнинг катта муаммоси ҳисобланади.

Президент Мирзиёев учун мураккаб йиллар энди келмоқда. Кейинги йилларда ижтимоий зўриқиш жиддий ўсиб боради. Бу пайтда ижтимоий барқарорликни ушлаб туриш учун, давлатнинг куч ишлатмаслиги – стратегик муҳим, айни пайтда мураккаб вазифа. Сўконғич, таҳдидлар қилувчи мулозимлар синфи – муаммони ҳал қилувчилар эмас, ижтимоий норозиликларни катализаторлари ҳисобланади. Шу пайтгача, айнан мана шу ҳокимлар ва мулозимлар, теп-текис жойда давлат репутацияси учун муаммолар яратишди. Бу муаммо шу қадар жиддийки, “ислоҳотлар сиёсати” ёки “Янги Ўзбекистон” лойиҳасини барбод қилиш потенциалига эга.

Камолиддин Раббимов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.