«Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгашининг расмий баёноти

889 views

Кеча сайтимиз орқали халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати Кабул Дусов билан суҳбат уюштиргандик. Депутат бизни қизиқтирган бир қанча саволларга жавоб берди. Хусусан, у ўз партия раҳбари Алишер Қодиров бўйича ҳам кескин танқидли фикрларини билдириб ўтди. Бугун «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгашининг расмий баёноти эълон қилинди.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати К.Дусовнинг fayzbog.uz ахборот каналига берган интервьюси юзасидан:

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши шуни маълум қиладики, К.Дусовнинг партия аъзолигидан чиқиш ҳақидаги мурожаати маълумот учун қабул қилинди.

Унинг ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтлардаги чиқишларида партия Уставига риоя этмаганлиги, шунингдек партия обрўсига путур етказувчи ахборотларни тарқатгани учун, партия имижини оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширгани учун, кўп минг сонли партия аъзоларининг К.Дусовга нисбатан партиявий чора кўриш ҳақидаги мурожаатларини инобатга олган ҳолда 2019 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтадиган партиянинг навбатдаги Съездида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлигига кўрсатиладиган номзодлар таркибидан чиқарилганлигини маълум қиламиз.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати томонидан партия раҳбари номига айтилган асоссиз, шахсий ғараз мақсадларига таянган бўҳтонлар депутатнинг шахсига баҳо бериш учун кенг жамоатчиликка етарли бўлишини инобатга олиб, партия ушбу масалани муҳокама учун мавзу эмас, деб хисоблайди.

Ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-41 моддаларига мувофиқ, судга мурожаат қилиш учун барча далиллар ва асосларнинг мавжудлигига қарамасдан партия раҳбари ушбу ҳуқуқдан фойдаланмасликни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаганини маълум қиламиз.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши бундан буён ҳам барча даражадаги депутатлардан партиявий интизомга қатъий риоя қилиш, сайловчилар эътирозига сабаб бўлувчи, партия электорати манфаатларига зид келувчи ҳаракатларни амалга оширмасликни ҳамда депутатлик масъулиятини оширишни талаб этади. Амалдаги қонунчиликка асосан, бундай ҳолларда депутатларнинг ваколатларини муддатидан аввал тўхтатиш мумкинлигини маълум қилади.

Партия Марказий кенгаши 
Ахборот хизмати

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.