Миллий боғ: чекинишми ёки олдинга қадам?

Миллий боғ бузилиши ҳақидаги хабар кўпчиликни уйғотиб юборди. Охирги марта қачон Миллий боғга борганим, у ерда пичоққа илинадиган бирор кўнгилочар аттракцион ёки томошабоп нимадир борлигини эслолмаяпман. Наврўз ва Мустақиллик байрамлари Форумлар саройида бўлиб ўтганидан сўнг бу улкан боғ ҳукуматга ҳам кераксиз бўлиб қолди чоғи. Фақатгина хотиралар билан яшайдиган, бугунги кун ўзгаришлари, эртанги кун режалари билан яшамайдиган, бу боғни ҳалиям «Комсомол кўли» деб атайдиганлар эса Миллий боғнинг бузилишига қарши турфа хил фикрларни билдира бошлашди. Мен эса Президент қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Биринчидан, Миллий боғ пойтахт аҳли ва меҳмонларининг севимли жойига айланмай қўйганига анча бўлди. У ерда арзирли қизиқарли нарсанинг ўзи қолмади, ўртачадан паст маҳалла истироҳат боғига ўхшаб қолганди. Ҳам техник, ҳам маънан эскирган аттракционлар сони бармоқ билан санарли. Пана-пастқам, қоронғу бурчаклар севишган ёки келишган жуфтликлар ҳирсхона-ҳилватхонасига айланган, файзсиз ва унутилган боғ, тамом! Тошкент марказида шундай катта ва иқтисодий имконияти беқиёс ҳудуд майда манфаатларга хизмат қилаётган, катта эҳтимол билан зарарга ишлаётган жой эди.

Айрим мутахассислар шаҳар марказида кунига ўн минглаб ташриф буюрувчилар учун бу қадар катта кўламли лойиҳани амалга ошириш тирбандликларни келтириб чиқаради, деган иддаони илгари суришди. Бу муаммони битта кўп қаватли автотураргоҳ қуриш билан ҳал қилса бўлади, менимча. Кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига келсак, бу ишлар барча мутасадди ташкилотлар иштирокида юз фоиз қонунийлик асосида, жамоатчилик, эколог-биолог олимлар рухсати билан амалга оширилиши керак. Фуқаролардан фарқли ўлароқ, давлат узоқ: 50, 100 йиллик ва ундан ортиқ давр учун режалар тузади. Лойиҳада манзарали дарахтлар ўтқазиш масаласи ҳам жой олганига шубҳам йўқ.
Баъзилар Миллий боғнинг қарийб ярим асрга хусусий шахсларга ижарага берилишига қарши бўлди. Ҳукумат давлат ва халқ мулкини хусусий мулк қилиб бераётгани йўқ, қолаверса, ҳудуддан фойдаланиш шартлари, талаблари бор, қонунбузарликка йўл қўйилса, исталган вақт ер майдони олиб қўйилиши мумкин. Қолаверса 60 миллион доллар тадбиркор чўнтагидан сарфланаяпти, у қўшимчасига фуқароларни иш, даромад билан таъминлайди, турли давлат хизматлари, жумладан коммуникация инфратузилмаларидан фойдалангани учун пул тўлайди, энг муҳими, ўзбекистонликлар учун орзу бўлган ҳақиқий Америка арғимчоғи, океанаирум, дельфинарий ва бошқа кўнгилочар аттракционлар, эҳтимол Макдональдс, Киэфси ва бошқа трансмиллий компаниялар хизматларидан айни шу ерда фойдаланармиз.

Менга қолса Истиқлол санъат саройи атрофини ҳам реконструкция қилинаётган боғ ҳудудига қўшиб, лойиҳа доирасида уни ҳам такомиллаштиришса, техник ва технологик модернизация қилинса. Собиқ иттифоқ даврида қурилган сарой ҳеч қайси жиҳатдан бугунги кун талабларига жавоб бермай қўйган. Олий Мажлис биноси масаласида эса бир нарса деёлмайман, аммо ушбу улкан лойиҳа олдида у ҳам эски ва ғариб кўриниб қолмаслиги керак…

Санжар Саид

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.