«Миллий тикланиш» газетаси «ўзини-ўзи фош қилди»…

Яқинда, 17 июль куни сайтимизда «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз?» сарлавҳали мақоламни жойлаштирган эдим. Мақолани Фейсбукдаги саҳифамда ҳам эълон қилганим боис, «Комментарий» қисмида яхши-ёмон фикрлар, олқиш ва/ёки эътирозлар билдирилди.

Жумладан, ўзини «Миллий тикланиш» газетасида ишлашини айтган Аҳмаджон Юсупов исмли журналист — «Миллий тикланиш» газатаси сайти ва ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга эканлигини, мени маълумотни текширмай ёзганимга эътироз билдирди.

Аммо, шу билан бирга мақолада келтирилган бошқа танқидий фикрлар ўринли эканлигини, умуман партия, газета, унинг сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаси, қўпол қилиб айтганда «икки тийинга қиммат» эканлигини тан олди. (Скриншот ҳавола қилинган).

Айни пайтда, Аҳмаджоннинг «Агар хоҳласангиз мен ҳам ўз-ўзини фош қилиш операцияларига бош қўшишим мумкин», — деди. Яъни, бу билан ўзи ишлаётган газета «ачинарли» аҳволда эканлигини қўрқмасдан эътироф этди. Ва менимча, самимий гапирди.

Чунки, мақоланинг «ЎЗА ОМОН БЎЛСА МАТЕРИАЛ ТОПИЛАДИ!» кичик сарлавҳали қисмига ёзган муносабатида ҳам сиёсий партия нашрларида «партиялараро рақобат» йўқлиги, борлари ҳам қатъий назоратдан ўтиб, кейин берилишини маълум қилган. (Буни ҳам скриншоти бор, аммо илова қилмайман!).

Шу билан иккимизнинг пост остидаги кичик мунозарамиз «яхшилик» билан тугади. Бир-биримизнинг фикрларимизга «лайк» босиб хайр-хўшлашдик.

Бироқ, беш кундан кейин, 22 июлда «Кун.уз» сайтида айнан ўша мен ёзган «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз?» номли мақолага берилган раддияни ўқиб қолдим. Муаллиф — «Аҳмад Полвон, холис қаламтебратар» экан.

Ҳайронман. Кечагина «А так партияям, уни газетасиям, сайтиям, саҳифасиям ҳар қанча танқидга муносиб» деган одам «бир юмалаб» мақолани — «бошдан-оёқ бирёқлама, асосланмаган, ҳатто ёлғон маълумот ва муносабатдан иборат», дебди.

Яна такрорлайман, бу раддияни ўша мен билан ёзишган Аҳмаджон Юсупов ёзганига ишонгим келмаяпти. Балки, таҳририят шунақа топшириқ бергандир… Аммо, агар уни ўзи, ўз хохиши билан ёзган бўлса, «Полвон» деб тахаллус қўймаслиги керак эди. Чунки, полвонларнинг иккиюзлиси бўлмайди…

Дарвоқе, яна бир гап. Полвон менинг қаламим, тиш кавлайдиган оддий чўпдан бошқасига ярамаслигига ишора қилибди. Ҳақиқатда шундайдир. Чунки, жамиятга битта «қаламтебратар»дан кўра, бутун бошли ижтимоий-сиёсий нашрнинг фойдаси кўпроқ тегиши керак, аслида. Аммо, ўша Полвон ишлаётган газета ҳозирги кунда нимага ярашини ҳамма яхши билади, менимча. Полвоннинг ўзи ҳам…

Қолганини ҳавола қилинган скриншотдан ўқиб, ўзингиз хулоса қилинг.

Ўткир Қаламтебратар

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *