Миллат тақдирига бефарқ бўлманг!

Муаммолар қалашиб ётибди: Таълим тарбияда, маорифда, соғлиқни сақлашда, ҳуқуқ муассасаларида, меҳнат билан бандликда, мафкурада ва бошқа бошқа жамиятни ёки олдинга ривожлантирадиган ёки ботқоққа ботирадиган ячейкаларда. Аммо бу хақда фақат бир одам гапиради, бир одам қайғуради, бир одам куйинади… Қолганлар эса, айнан мана шу муаммолар устида ўтирганлар, қарсак чалади, блокнотига бир нималарни ёзадилар, маъқуллайдилар, аммо бир оғиз муаммоларни айтмайдилар («одоб сақлайдилар», лекин бу «одоб сақлаш» фақат уларни ўзларини фойдасига ишлашини 1 чи синф ўкувчисини хам ақли етади), қайтага уни яширишга харакат киладилар. Фақат давлат раҳбари айтганидан сўнггина пластинка ўзгаради, ниқоб алмашади, бош эгилади, кечирим сўралади ва ҳоказо, ва ҳоказо…

Нима учун ва қачонгача шундай ҳолат давом этади?

Кўплаб мана шундай ачинарли ҳолатларда миямда туғиладиган саволлар устида бош қотириб кўйидаги узил кесил тўхтамга келдим ва бу фикр мулоҳазаларимни сиз азизларимга улашгим келди.

Демак, юқоридаги каби муаммоларга 99 фоиз фуқароларимизни муносабати:

1. Сен менга тегма, мен сенга тегмайман.
2. Ўзингни бил, ўзгани қўй.
3. Шукур қилсангчи, харқалай очингдан ўлмаяпсанку?!
4. «Катта»ларнинг ишига аралашма!
5. Мусулмончилик аста-секин (25 йил камлик қилади).
6. «Тошбақа учади, агар раҳбар айтган бўлса».

Токи халқимиз мана шу мафкурага собит экан, ҳеч кандай муаммо хал бўлмайди.

Бир одамни тергаши ва танқиди ортидан хукумат вертикалидаги реакцияни гуёки денгиздаги кемани бир кучли довул у ёқ бу ёққа силкитиб юбориши мумкин бўлган ҳолатга тақкослаш мумкин. Лекин довул тингач, яна ҳар ким ўз ишида (қилмишида) давом этаверади.

Энди шуларни рўкач қилганларга қўйидагича жавоб айтилса ва одамларимизни ўзи қачонки мана шу тўғри релсга ўтишса, жамият бирлашади ва ривожланади.

Бандма-банд жавоб:

1. Сени хатойинг (порахўрлигинг,ўғрилигинг, муттаҳамлигинг ва бошқа камчиликларинг) мен яшаётган жамиятни ривожига тўсиқ бўлади ва таназзулга учратади.
2. Бу миллат муаммоси, бутун халқнинг дарди! Ватанимни ва фарзандимни келажакдаги ўрни ва ҳаёти мана шу муаммоларнинг ечимига узвий боғлиқ.
3. Мен қорним учун эмас, қадрим учун яшашни истайман!
4. «Агар хақиқатни ёш бола сўзласа хам, ўша болани сўзларини қабул қилинглар» (Ҳадисдан).
5. Келажак — бугунги ҳаракатнинг хосиласи. Бирор бир долзарб муаммо кўтариб чиқилса-ю унга аниқ ечим излаш ўрнига атрофдагиларни қўлларига мана шундай «хўрозқанд» (мусулмончилик аста-секин, мисол учун) тутқазилса, бориб-бориб ўша муаммо унутилади ва ундан баттари келади. Жамият ботқоққа ботади!
6. Бизнинг фожеамиз: Халққа хизмат килиши керак бўлган раҳбарларимизни (энг юқоридагилардан бошлаб оддий корхона бошлигигача) халқни тақдирини ҳал киладиган Худо даражасига чиқариб қўямиз. Алқисса қарабсизки, кейин у кишиларни уша жойдан на ўзлари тушгилари келади, на бизларни аюҳаннос солганимиз наф беради. Сабаби, вақт бой берилган бўлади. Атрофда фақат «буюк»чи маддоҳлар ва ўзгарувчан иккиюзламачилар қоладилар. Хақ сўзни айтганлар қочгани қочиб қутулади, улгурмагани ёки қочишни истамагани эсдалик хотиралари ёзиш учун материал тўплашга кетадилар… Индамай яшаётганларда ташқариларида (юзаки) ҳаммаси зўр, ичларида эса давлат сиёсатига нисбатан нафрат ортиб бораверади!

Келинг, мана шу йўлдан воз кечайлик, азизлар! Чунки бу йўлни нотўғри эканлигини, сукут сақлаш жиноят эканлигини кўрдик. Бунинг жабрини аксар ёшларимизни бугунги кундаги сарсон ва саргардон бўлиб ишсизлик ва умидсизликка тўла ҳаётларида ҳис қилаётганларини, бизлар учун энг азиз ва муқаррам бўлган мунис ва фаришта аёлларимизни чет эллардаги ғамгин ва илтижоли нигоҳларида кўрмаслик, сўзларини эшитмаслик учун инсон кўр ва кар булиши лозим. Шундай экан, ким учун фойдаси бор оқни кора, қорани эса оқ дейишни, жиноятни яширишни, иккиюзламачилик ва маддоҳликни? Сохта ватанпарварлар учунми? Улар каби бизлар ҳам мана шу юртни тенг ҳуқуқли аъзосимиз-ку?

Инсон бу мўъжизавий дунёга бир маротаба саёҳат қилади, кейин нима бўлиши Яратганга маълум. Аммо сиз билан бизлар мана шу тефарак атрофимиздаги воқеа ҳодисаларга ўз муносабатимизни инсоний нуқтаи назаридан билдирмай яшасак, бу инсонийликка ҳиёнат. Сабаби, бизларга ер юзидаги жонзотларга берилган кўз ва қулоқдан ташқари кўрганларимиз ва эшитганларимизни мушоҳадаси учун Яратган томонидан онг берилган. Тўғри фикр ва тўғри хулоса билан яшаган жамият фуқароларигина фаровон яшашга хақлидирлар.

Ўзбекистон келажакда эмас яқин кунларда, яқин ойларда, яқин йилда буюк килишга ўз ҳиссангизни қўшинг!

Рост сўзлашни, пора бермасликни, пора олмасликни, коррупция (пул ювиш)ни кўрганингизда керакли жойга айтиш лозимлигини бугундан бошланг! Бефарқ яшаманг, азизлар! Бу миллат ва Ватан тақдири!

 

Абдул Малик Фозил

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *