Менталитет қандай шаклланади?

1 070 views

Америкага янги келган вақтимда учрашувларга доим кечикиб борар эдим. Доктор қабулига соат 8:00 га ёзилган бўлсам, 8:15 да борардим. Бу ерда кеч қолганларни кечиришмайди ва мен кейинги ҳафтага янги учрашув белгилашга мажбур бўлардим.

Бу ерга мослашиш анча қийин бўлди. Кейин ўйлаб қолдим, нега биз шунақамиз? Ҳамма айтаётгандай менталитетимиз шунақами? Демак, Имом Бухорий, Беруний, Навоий, ҳаммаси кечқолар, тартибсиз одамлар бўлишганми?

Менталитет қандай шаклланади?

4-5 йил аввал Жанубий Кореяда янги туғилган жиянимга гувоҳнома олиш учун Сеулдаги Ўзбекистон элчихонасига бордик. Соат 9:00 да очилиши керак бўлган идора соат 10 га яқинлашиб қолганига қарамай ҳали очилмаган экан. Биз бундан ҳеч ҳам ажабланганимиз йўқ, лекин қандайдир иш билан шу идорага келган карис одам бир қўл соатига, бир иш жадвалига қараб нима бўлаётганини ҳеч тушунолмас эди. Тушунолмайдиям-да! Бунақасини кўрмаган-ку, у бечора.

Шу кариснинг 3-4 марта бизнинг идораларга иши тушса, нима деб ўйлайсиз, «Шошилмай бораверай, барибир вақтида очилмайди», деб ўйлай бошлайдими? Унинг менталитети ўша ерда бузилишни бошлаган бўладими шунда?

Ўз раҳбарини илоҳ даражасига кўтариб олган Шимолий Корея карислари ва президентларини одатда муддати тугамасидан аввал вазифасидан бўшатадиган, арзимаган порахўрлик учун уларни қаматиб юборадиган Жанубий Корея карислари бир миллат, бир элат, бир хил овқат еб, бир хил ҳаводан нафас олади. Шунга қарамай, нега менталитетлари икки хил? Нима учун бири қўйдай юввош, иккинчиси исёнкор?

Менталитет миллатга қараб турланадими ёки тузумга қарабми? Дунёнинг ярмини эгаллаган Амир Темур ҳам бизга ўхшаб майдагап, тартибсиз, қўрқоқ одам бўлганми? Менталитетимиз қачон дабдала бўлган? Унга ким айбдор?

Саволлар кўп.

Иброҳим Муҳаммад

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.