Мени ўлди десалар, ишонманг!

«Сенга мендан хабар берсалар,
Жангчинг ўлди энди десалар,
Йўқ ишонма, жоним, бу сўзни
Дўстлар айтмас, бизни билсалар».
Мусо Жалил.

Устозим Тошпўлат Раҳматуллаевдан Аллоҳ рози бўлсин, саҳифаларида мана бу мақолани эълон қилибдилар:

«Россия журналистларидан бир-бирини қўллаб-қувватлаш дарсини ўргансак бўларди.
Аёл журналистлар томонидан жинсий зўравонликда айбланган депутат Леонид Слуцкий этика бўйича қўмита томонидан айбсиз деб топилишига жавобан РБК, «Лента.ру», «Дождь» телеканали, «Эхо Россия» радиостанцияси, «Коммерсантъ», Znak.com, Republic ва RTVI журналистлари бойкот эълон қилди. Улардан бири «Жаноб Слуцкий ўз постида қолар экан, биз бу давлат органи билан ҳамкорлик қилмаймиз», — деган.

Биз касбдошларимизга бир кор-ҳол юз берса, аксар ҳолларда бефарқ, томошабин бўлиб турамиз. Каримберди Тўрамуродов билан бўлиб ўтаётган гап-сўзлар бунга мисолдир. Шу кунларда Ҳожи акамизни ҳеч бўлмаганда бир оғиз илиқ сўзимиз билан қўллаб-қувватлашимиз ўта муҳим. Аслида кўпчиликнинг манфаати ҳимояси йўлига отланган, ҳақиқат учун курашган шахс яккаланиб қолмаслиги зарур. Акс ҳолда журналистга ҳар хил таҳдидлар янада кучаяди, таҳдид қилганлар амалий ишга ҳам ўтишдан ўзини тиймайди».

Менинг ўзимдан қаҳрамон ё авлиё ясаш ниятим йўқ. Менга суиқасд қилишадиган даражада катта иш ҳам кўрсатганим йўқ. Аммо сиз, азиз ФБ дошлар, ҳамкасблар, бир нарсани билиб қўйишларингизни истайман: Диана фожеасини ёритганимдан сўнг турли таҳдидлар, ғаразли, ҳақоратли қўнғироқлар, турли идоралар томонидан босимлар, қўрқитиб қўйишлар, чўчитиб қўйишга интилишлар кўпайиб кетди.

«Фалон рақамли машинада юрар экансиз, машиналар ўз-ўзидан ёниб кетади, портлаб кетади, устига КамАЗ чиқиб кетади, шунақа ҳодисалардан қўрқмайсизми?» деган таҳдидлар бўлди. Қайси куни пешин намозига масжидга пиёда чиқсам, уйимдан чиққан жойимда бир рақамсиз машина устимга ҳайдади, сал қолди уриб кетишига. Зўрға ўзимни четга олишга улгурдим.

Бир ҳамкасбимизга Самарқанд вилояти ҳокимиятида ишлайдиган киши қўнғироқ қилиб, «Ҳожи ака ҳушёр бўлсин, вилоят ҳокими унга қарши провакация тайёрлаяпти», дебди. Албатта, вилоят ҳокимини ақли, фаросати бор одам, деб ўйлайман. Бу ишни қиладиган даражадаги тубан одам бўлмаса керак. Қолаверса, шунақа қилса, балога қолишига ҳам ақли етса керак. Аммо бу гап етиб борса, ичига қўрқув тушади, деган мақсад билан шунчаки чўчитиб қўйиш учун атайлаб қилинган, деб ўйлаб, эътибор ҳам бермадим.

Ниҳоят, мен яшайдиган уй «сардори», яъни «домком»дан ўзини вилоят ИИБ дан деб таништирган икки номаълум нусха келиб, мен ҳақимда суриштиргани, «Бу одамнинг уйига кимлар кириб-чиқаяпти, шубҳали шахсларга кўзингиз тушмадими?» деб суриштиргани менга қизиқувчиларнинг нияти жиддий эканидан далолат беради.

Энг қизиғи, кечадан бери ҳеч ким менинг телефонимга қўнғироқ қилолмаётганидек, мен ҳам қўл телефонимдан бошқаларга чиқа олмаяпман. На СМС кетади, на ҳисобимдаги маблағимни кўра оламан!

Шуларни эътиборга олиб, барча ОАВ ларга мурожаат қилмоқчиман:

«Каримберди Тўрамуроднинг машинаси портлаб кетибди», «машинаси ёниб кетибди», «машинасининг устига КамАЗ чиқиб кетибди», «Каримберди Тўрамурод бедарак йўқолибди», «Каримберди Тўрамурод ўз жонига қасд қилибди», «ўзини осиб қўйибди» ё «ўзини дарёга ташлабди», «Каримберди Тўрамурод юрак етишмовчилиги туфайли тўсатдан вафот этибди» деган гаплар чиқса, «Каримберди Тўрамуроднинг ёнидан ёки машинасидан гиёҳванд модда чиқибди», «қурол чиқибди», деган гаплар тарқатилса, ИШОНМАНГЛАР!
Шундай гаплар чиқса, бу режалаштирилган иш бўлади.

Мен соппа-соғман! Жинни ҳам бўлганим йўқ! Юрагим ҳам, жигарим ҳам, бошқа аъзоларим ҳам яхши ишлаб турибди!
Гиёҳванд модда тугул оддий аптекадан оддий дори ҳам олиб ичмайман, чунки уларга ишонмайман!

Такрор айтаман, жонимга қасд қилишадиган даражада бировга душманлик қилганим йўқ. Аммо «Ҳақни де! Ҳақни ёз! Ҳақ билан бўл!» деган шиоримни баланд кўтариб, адолатсизликларни, ҳақсизликларни ғирромликларни фош қилишдан ҳам тўхтамайман!
Эслатиб қўяй, менга мансаб, амал, лавозим, мукофот деган нарсалар керак эмас! Қилган ишларимиз охират заҳираси бўлса бас!

Яна битта гап: Пиар деган нарсага муҳтожлигим ҳам йўқ!

Ҳурмат билан бир ҳовуч «каттакон» эмас, оддий элим ҳам бой бўлсин, деган, юртим бошқалар ҳавас қиладиган озод ва обод диёр бўлсин, деган, шу ишга қўлидан келганича ҳисса қўшишни, «миллат дардига дармон бўлиш»ни истаган Каримберди Тўрамурод.

P.S: Кейин эсимга тушиб қолди. Илтимос, имкон қадар кўпроқ дўстларингизга улашинг!

P.S 2: Менга маслаҳат беришаётганларидек, яна таҳдид бўлса, судга мурожаат қиламан! Ўзимнинг ҳам сабрим тугади!

3 комментария

  1. Устоз. Бу холатлар Сизнинг олдингизда уларнинг заифлигини нишонасидир. Сиздан кўркаетганликларини билдириб кўйишибди. Лекин вактида оммага мурожаат килганингиз яхши бўлди.

  2. Мана «демократия» — куркитиб куйиш, танобини тортиб куйиш. Бу ууу уша тура-ю беклар замонидан бери бор. Хамма нарса «юкоридаги»лар учун ишлаши керакдек гуё. Мард булсанг чик майдонга, бурчак-бурчакдан пусмасдан. Улар куркоклар!!! Демократия аслида кандай булиши керак- буни билмайди улар…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *