«МЕНИ ОТАМ ҚАРҒАГАН…»

Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.

Ота-она фарзанди тақдирига масъул. Аммо айрим ота-оналар ана шу масъуллик масъулиятини англаб етмайди. Болага яхши-ёмонни, оқ-қорани ўргатиш, унга ҳаёт ҳақиқатларини англашида ёрдам бериш ота-онанинг вазифасидир. Кўпчилик зиммасидаги шу масъулият юкини тўла англаб етолмагани оқибатида ҳам ўзига ва ҳам фарзандига жабр қилади.

Гуноҳига тик қараётганлар

Турмуш йўлларида адашган, йўлини йўқотган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган киши борки, унинг болалиги билан қизиқсангиз, албатта тўкис тарбия кўрмаган, оиласида маънавий муҳит носоғлом бўлиб чиқади. Жамиятга комил инсон етиштириб бериш учун, оила муҳити муҳим аҳамият касб этади. Нега деганда, бола ота-онасининг рафторию феълида кўрганларини фитратига кўчириб бораверади. Негадир айрим ота-оналар бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етмайдилар ва фарзандларининг хатосини ўз хатолари деб билмайдилар. Фарзандидан ёзғириб, боласини қарғаб-сўкиб юрганлар- гуноҳига тик қараётган кишилардир. Бироқ, ўзининг янглиш қадамига фарзандини айблаб, уни қарғаётган ота-она боласини қарғаш билан ўзини икки дунё саодатидан маҳрум этаётганини билмайди.

“Отамнинг қарғиши ҳаётимни издан чиқарди…”

“Болалигимда уйимизда жанжал бўлмаган кун йўқ эди. Онам отамга паст кетмасди, отам онамнинг овозини ўчирмасди. Доимий уруш-жанжаллардан кейин албатта отам онамни калтаклар, биз болалар эса дод солиб йиғлаганча отамнинг чангалидан онамни қутқаришга уринардик. Шундай жанжаллардан бирида отам мени “Илоҳим, рўшнолик кўрма, қўлма қўл бўлиб юргин, онангдан ўтиб қаерга борардинг” деб мени қарғади. Кейинчалик, ҳар жанжалдан кейин мен онамни халос қилмоқчи бўлсам, албатта шу қарғишларни эшитардим. Мана, улғайдик, энди ота-онамнинг жанжаллари асабимизга тегадиган, ҳатто иккови жанжал қилаверса, укаларим ғазаби келиб отамни урадиган бўлишди. Менинг эса ҳаётим бутунлай издан чиқиб кетган. Аввал уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Кейин эса ҳозир юрганим — мана шу нопок йўл менга паноҳ бўлди. Мен ҳам бошқалардай бахтли аёл бўлишим, орзу-ҳаваслар билан яшашим мумкин эди. Лекин отамнинг қарғиши мени балоларга гирифтор этди. Билмадим, отам мени қарғаш билан ўзига ўзи тилаган балолар азобини ҳис қилаяптими- йўқми, бу энди менга қоронғу… Ҳаётда йўлимни йўқотиб, турмуш сўқмоқларида адашиб-улоқиб юрганимга оиламиздаги аҳвол ва отамни айбдор деб биламан…”

Дилрабо

Дуо билан жазоланг!

Фарзандимизни қарғаётганимизда тилимиздан учаётган қарғиш аввал ўз кўксимизга қадаладиган ўқ бўлишини ўйламаймиз.

Ривоят қилишларича, бир одамнинг авлодида отасини уриб, отасига қўл кўтарган оқпадар деган лаънатни кўтариш одат турсига айланган экан. Буни қарангки, ўша авлоднинг оталари ўзига қўл кўтарган ўғлини “Илоҳим, вақти келиб сен ҳам фарзандингдан калтак егин! Илоҳим, рўшнолик кўрма!” деб қарғар экан. Қарғишнинг кучи билан авлоднинг бу ношойиста одати қон суриб бораверибди. Шу авлоднинг бир пайтлари отасини уриб оқпадар бўлган бир вакилини ҳам ўғли калтаклабди. Бир неча кун бағрини захга бериб ётган ота ўйлай-ўйлай шундай аҳд қилбиди. У маҳалланинг кексаларини ва масжид имомини уйига чақириб “Азизлар, келинглар, ўғлимни дуо қилайлик. Бизнинг авлод фарзандини қарғаб ўғлининг калтаги остида эзғиланишни одат қилиб олди. Боламни дуо қилайлик,- деб қўлини дуога очибди ва – илоҳим, сенга аҳли солиҳ, ота-онасига меҳрибон, қобил фарзандлар насиб қилсин! Ҳеч қачон фарзандинг юзингга тик қарамасин!” деб ўғлини дуо қилибди. Отасининг дуосидан қаттиқ таъсирланган ўғил ўкириб йиғлаганча ўзини отасининг оёғига ташлабди ва шу авлод қарғиш урган одатидан қутулибди…

“Мени ёмон деманг!”

Онам мени кўп уришардилар. Кичкиналигимда-ку “онамни кўп қийнаворсам керак” деб индамай ўтирардим. Ҳатто катта бўлиб, бўйга етиб қолганимдан кейин ҳам онамнинг уришишлари, қарғашлари қолмади. Онам уришсалар уларга отам ҳам қўшилардилар. Баъзида онам беҳудага мени койиётганини кўриб-билиб туриб ҳам отам индамасдилар. Охири бир куни жонимдан ўтиб кетганди онамга йиғлаганча “Сизлар мени ҳадеб ёмонсан, ёмонсан, унақа бўл, бунақа бўл, деб қарғаганларинг, сўкканларинг билан мен яхши бўлиб қолмайман. Аксинча, сизлар қарғишларингизда орзу қилгандан ҳам кўра ёмон одам бўламан!” дедим. Афсус, ўшанда ният кетган эканми ё ота-онамнинг қарғишу сўкишлари нишонга бехато теккан эканми, ҳарқалай мен яхши одам бўлмадим. Ҳаётим, юриш туришим, умуман инсон сифатида менда ҳавас қилгулик ҳеч нарса йўқ…

Нигора

Акам онам истагандек ўлим топди

Онамнинг жуда хунук қарғиши бўларди: “Илоё, оғзингдан қонинг келсин! Борган ерингдан ўлимингни хабари келсин!” Шу қарғишини ҳаммамизга қарата ишлатарди. Отам, бувим, бобом онамга бу қарғишни биз болаларга ишлатмаслигини уқтириб, неча бор танбеҳ берган. Ҳатто отам “болаларни хунук қарғама” деб онамни бир неча бор калтаклагандилар ҳам. Аммо онамнинг ўрганган тили бу қарғишдан қутулолмади. Охир-оқибат бир куни шахсий автомашинасида қўшни вилоятга йўл олган акамнинг ўлими хабари келди. Автоҳалокатга учраб, худди онам тилагандай оғзидан қони келиб жон берибди, акам. Жигардан айрилиш ёмон экан, дарди оғир экан жигар йўқотишни. Гапим гуноҳга бошласа ҳам айтай- онамни жуда ёмон кўриб қолдим. Фарзанд доғи букча йтириб, юзларига ажин чизиб, ҳатто эс-ҳушидан ҳам айирган онамни ҳар кўрганимда “Сиз бу аччиқ доғни ўзингиз тилаб олгансиз-ку!” дегим келади…

Алишер

… Қарғиш ёмон. Қарғиш- ўқ. Айниқса, отанинг қарғишидан қўрққулик. Фарзандингизни қарғаманг, азизлар. Фарзандингизни қарғаш билан ўзингизни азобу уқуқбатга гирифтор қиласиз. Ҳар қандай вазият, ҳар хил ҳолатда ҳам инсон ўзини идора эта олиши, жаҳл-ғазабга берилиши жоиз эмас. Агар фарзандингиз сизга ёқмаган бирор иш билан сизни ранжитса, аввал ўз феълингизни тафтиш қилиб кўрсангиз бўларми эди? Балки болангиз бу ишни сиздан ўргангандир? Ахир, фарзандингиз сизда кўрганларини ўзига кўчириб улғаяяпти-ку. Ёки сиз бошқача ўйлайсизми?

Умида АДИЗОВА

http://erk.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *