Менга нима?!

Куни кеча эрталаб анҳор ёқалаб ишга кетаётувдим, қарасам, куппа- кундузи бир киши пакетдаги ахлатини оқиб турган анҳорга ташлаяпти. Бундан жаҳлим чиқиб, бақирдим:
-О, ака! Инсофингиз борми? Нимага ахлатни сувга ташлаяпсиз?
-Хоҳлаганимни қиламан! Сенга нима?!
​*​*​*

Автобусда ҳайдовчи чекяпти. Тутун салонга кириб, одамни бўғади. Бундан тутоқиб, дейсан:
-Э, ака! Салонда чекмасангиз бўлармиди?
-Билганимни қиламан, сенга нима, укам?!
​*​*​*

Шифохонада навбатда турасан. Орада кимлардир оқ халатли одам билан навбатсиз шифокор ёнига кириб-чиқиб турибди. Охири чидай олмай бақирасан:
— Бу нимаси? Бу ерда навбатда турганлар қўйми сенга, индамай ўтиб кетасанлар?
Хотин туртади.
— Дадаси, тўполон қилманг! Сизга нима? Ҳамма жим турибди-ку!
​*​*​*​

Ҳа, бир жонимга шунча азоб, шунча асаббузарлик! Ростанам, менга нима..?!

​*​*​*
Ўқитувчилар, шифокорлар ва яна аллакимлар ўз ваколатларига кирмайдиган ишларга жалб қилинади. Яна ўз хоҳиш ва ташаббуслари билан эмиш. Ана, самарқандда бир гуруҳ ватанпарвар ҳашарчилар шундай “ташаббус” билан чиққан эмиш. Унда қолганлар ҳам “жўр” бўлишсин шу “акция”га. Давлатнинг пулини олиш осон эканми?! Ёки…
Айтганча, менга нима?!

Институтга кириш анқонининг уруғини топишдек гап. Тест саволларининг қийинлиги майли, балларнинг юқорилигига нима дейсиз энди? Танками, тўнками, бункерми… ишқилиб, 3-4 та ноинсоф, келажак кушандаси, қорнидан бошқа қайғуси йўқ шахсларнинг имтихондаги “иштироки”ни яхши билмаймайманми? Биламан, албатта! Билганим билан нима ўзгарарди!?
Менга нима?!

Отнинг калласидек контракт пулини тўлаш учун битигача сотадиган ота-онанинг 4 йиллик сарсонгарчилиги-чи? Буям етмагандек сессияда талабалар чўнтагига кўз қадайдиган домлаларнинг бола-чақасиниям ўйлаш керак…

Энди, домла бечора ҳам нима қилсин… Чурвақа талабалари машинасини елдириб ёнидан ўтиб кетганда, эрта тонгда хотини дазмоллаб берган кўйлаги тиқилинч автобусда ғижим бўлганда, кеча олган янги туфлисини эзишиб, пачоқ қилишганида, “бор-е” деб виждон сўровига қўл силтаб, порага ўргангандир, эҳтимол?! Балки “эл қатори” баҳони пуллагандир…!? Э, шунга ҳам бош қотиришим керакми?
Менга нима?!

Қишда шаҳардан четга чиқсанг, совқотишни бошлайсан. “Нима, газ йўқлигини писанда қиляпсанми?”, дейсизми? Ўлибманми, ҳамма кўриб-кўрмасликка оладиган нарсани гапириб. Аҳолининг газ ёки свет учун берадиган чой чақаси кўпроқ фойдами ёки четга сотишдан келадиган валютами? Муборак бошингиз билан яхшилаб ўйлаб кўринг…

Кунда-кунора ошадиган “темир тойчоқ”лар нархини эса гапирмайман. Бошқа ташвишим йўқми?! Ундан кўра, пиёда юрганим яхши-ку. Ҳам чўнтакка, ҳам соғликка кони фойда…

Биласизми, машинага “ўтириб қолган”ларда аллақандай касалликлар келиб чиқаркан. Нимайди-я отинг қурғур? Ҳа, геморрой! Геморройим чиқиб қолсинми? Анойинг йўқ. Кейин шифохонага борайми? Шундоқ ҳам харажатларим кам эмас. Ҳозир умуман касал бўладиган замонмас. Дори-дармоннинг қимматлигини айтмайсизми? Ҳа, нима, қиммат бўлади-да! Соғлик сизга чой-чақа нархида бўлсинми? Жааа ўрганвобсиз-у енгилига… Ўзи кўпроқ меҳнатга жалб қилиш керак одамни. Бўлмаса, енгилнинг остида, оғирнинг устида юрадиган бўпқолади. Халқимиз айтган-ку, “Юки енгил туя ётағон бўлар”, деб…

Куюнчак Президентимиз “Шунча қийинчиликларга бардош бериб келаётган халқимизга таъзим қилиб, кечирим сўрашимиз керак”, дедилар. Айни ҳақиқат. Айримлар халқ мулкини талон-тарож қилгани учун бутун умр саждада қолиб кетса ҳам кам. Лекин баъзи амалдорларнинг буни қабул қилишидан кўра, кўкдан қулупнай ёмғири ёғиши осонроқ…

Э, умуман қабул қилманг, курсига ярашиб турган акалар! Ястаниб ётаверинг! Қўйиб берсангиз, елкангизга чиқиб олишади бу қора будун. Қаттиқроқ зулм қилинг! Ўзингиз эса хорижнинг энг сўлим гўшаларидан қўша-қўша уйлар, яхталар, пентхаус, виллалар, ичида хизматкору жориялари бор қасрлар, э, менга деса, ороллар сотиб олинг. Иложи бўлса, уруғ-аймоғингизга ўша ерлардан қўшимча фуқаролик ҳам олиб қўйинг. Билиб бўладими бу оломонни…

Кейин ҳамма пулларингизни давлат курсида, таниш банкирлар орқали доллар қилиб қўйинг, хўпми? Қора бозорга бориб юрманг тағин! Ёмонам каттага тушасиз! Соддалик қилманг! Қора бозор қора халқ учун. Сиз кабинетдан нари чиқмайдиган содда, иш одами бўлсангиз. Унақа нарсаларни қаердан билиб ўтирибсиз. Жабр бўлмасин, дейман-да…

Ҳа, яна бир гап…
Э, менга нима?!

Уф-ф-ф! Бошим ғовлаб кетди. Ёш жонимга шунча азоб! Менга нима!

Яхшиси, футбол кўраман! “Ўзбекистон ўйининими?”, дерсиз? Ие, эсимни ебманми?! Асабларим ўзимга керак. Сизнинг-ча, 25 йилдан бери Жаҳон чемпионатига чиқа олмаётган қийшиқтепарларга мухлислик қилайми? Ўзи-чи, ҳамма айб….

СТОП! Бўпти, мен кетдим!.. Э, менга нима?!

Боқи Беғам

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *