Мен «Жокер» эмасман (Тақриз 180°)

Янги «Жокер» фильми ҳақида ёзилган кинотақризларни ўқиб, кинога тушдим. Бугунги дунёнинг асл қиёфаси, муаммолар ва инқирозларнинг сабаблари ва ечимлари ҳақида кўп нарса олсам керак, деб ўйлагандим. Чунки бугун Ироқдан Ливияга, Россиядан Испанияга қадар чўзилган диёрларда ҳукуматларга, адолатсизликларга қарши намойишларга таъриф беришда «Жокер» фильми ҳам тилга олинмоқда.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, психологик триллер жанрида тасвирга олинган кино кўрган одамнинг руҳиятига, онг ости тафаккурига кучли таъсир кўрсатади, дунёқараши, давлат ва жамият, бойлар ва қашшоқлар, яхшилар ва ёмонлар ҳақидаги тушунчаларини остин-устун қилиб юбориши мумкин.

Кино бошдан-оёқ тушкун манзаралар, товушлар, қиёфалар, хатти-ҳаракатларга тўла. Ҳаёт мутлақо оқ-қора (ҳаттоки қоп-қора) тасвирланган. Одамлар аламзада, асабий, сал тегинсанг портлаб кетадиган бомба бочкасига ўхшайди. Ҳеч ким яхшилик борлигига ишонмайди, ҳамма бир-биридан шубҳаланади. Шаҳарда ижтимоий муаммолар тўлиб-тошган, худди чиқиндилар каби. Буларнинг барчасига ўз вазифасини бажармаётган ҳукумат ва одамларнинг қонини сўраётган олигархлар айбдор. Айбдорлар қаторида бошқаларнинг борлигини пайқамайдиган, яхшилик нималигини билмайдиган бутун бошли жамият ҳам бор

Шунинг учун ҳам метрода масҳарабоз ниқобидаги одамнинг уч йўловчини ўлдириши шаҳарда шусиз ҳам юзага келиши аниқ бўлиб турган норозиликлар, тартибсизликларга тутантириқ бўлди холос, деб айтишимиз мумкин.

Кино томошабинларга бу номаълум шаҳардаги воқеалар аслида сиз яшаётган шаҳар, давлат ёки муҳитнинг аксидир, муаммолар ҳам, халқнинг қонини симираётган амалдорлар ҳам, беш қўлини оғзига тиққан олигархлар ҳам сизники, биз хаёлий шаҳримиз ва қаҳрамонларимиз орқали сиз ва сизнинг ҳаётингизни тасвирга олдик, демоқчидек. Шунинг учун балки бугун айрим давлатларда бўлиб ўтаётган намойишларда «жокер» ўзига хос рамзга айлангандир (Ливандаги намойишларни эсланг — видео).

Аммо, лекин, бироқ…  Кинони томоша қилар эканман, унинг замирида бошқа разил маънолар ҳам бордек туюлди. Эътибор беринг, «Жокер» метрода ижтимоий хавфи оғир бўлмаган (безорилик дейиш мумкин бўлган) қонунбузарлик учун уч одамни отиб ўлдирди. Сўнгра ўзини бошлиғини сотган ҳамкасбини шафқатсизлик билан ўлдирди, кейин устидан кулган комик бошловчини жонли эфирда отиб ташлади. Қаҳрамонку ўз тили билан бу жиноятларни қилганда ўзини мутлақо айбдор ҳис этмаганини айтади. Аммо томошабин ҳам онгли ёки онгсиз равишда қаҳрамоннинг (Жокернинг) ҳар бир жинояти, қотиллигини маъқуллайди, қўллаб-қувватлайди ва у тўғри қилди деб ўйлайди. Ҳа, халқни талаётган, одамларни қийин аҳволга солганлар ва уларнинг устидан кулганлар ўлимга маҳкум!!!

Кўраяпсизми, фильм бир жиноят учун бошқа бир жиноят билан жазо беришни маъқулламоқда ва қайсидир маънода тарғиб қилмоқда. Агар ҳозир имкон берилса ва қилмишлар учун ҳеч қандай жавобгарлик бўлмаса, одамлар бир-бирларининг гўштини ейишга тайёр ва бу тўғри. Чунки улар бунга лойиқ…

«Жокер» орқали тарғиб қилинаётган ғоя — янги дунёнинг янгича қонун-қоидалари, тартибсизлик, адолатсизлик, ноинсонийликдир. Бошқа нарса эмас!

Бундан ташқари, бу фильм оғиз кўпиртириб мақталганидек ҳаёт ҳақиқатларини очиб ташлаган эмас, бизга бузғунчи ва манфур «ҳақиқатларини» «едиришга» ҳаракат қилишмоқда. Чунки, биринчидан, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон қалбидаги ишонч, эзгуликка ташналик, яхшилик қилиш, бир-бирига яхшилик улашиш каби ҳиссиётлар ўлмайди, йўқ бўлмайди. Хоҳ мусулмон, хоҳ ғайридин, хоҳ динсиз бўлсин, хоҳ Шарқда, хоҳ Ғарбда, хоҳ Шимолда, хоҳ Жанубда, дунёнинг қайси бурчагида яшамасин, инсоний туйғулар ҳар кимнинг юрагида қайсидир миқдорда бўлса ҳам яшайди. Ҳукумат минг золим, бойваччалар минг очкўз ва безбет бўлган тақдирда ҳам, инсонлар бир-бирларига яхшилик қилишдан қайтмайди, бир-бирларига зарар беришдан тийилади. Акс ҳолда ўзларига ўзлари жабр қилишини, ютқазган ҳам, зарар кўрган ҳам ўзлари бўлиб чиқишини яхши билишади.

Мен атай мавзуни ислом дини ва мусулмонлар билан боғламадим. Чунки кино фақат мусулмонларга эмас, балки бутун инсониятга қарши, барча инсонларнинг руҳиятини бузиш, ишончларини, умидларини ўлдиришга тўғридан-тўғри қасд қилган. Фақатгина қалбида эътиқоди, ишончи бор одамгина уни рад этиб, фильм мақсадлари ва ғояларига қарши тура олади. Ишончи ва эътиқоди бўлмаган одамлар эса унинг ёлғонлари, руҳиятига бераётган босими ва зарбаларига чидай олмайди, осонгина мағлуб бўлади.

Тўғрисини айтсам, кинони кўриб бошимга оғриқ кирди, кайфиятим бузилди. Назаримда у орқали тарғиб қилинаётган бузғунчиликлар келажакда мудҳиш оқибатларга, кўплаб одамларнинг ўлимига, тартибларнинг бузилишига сабаб бўлади ҳали.

Мендан сўрасангиз, қанчалик қизиқтиришса ҳам, кино кўришга лойиқ эмас. Кетган вақтингиз ва пулингизга арзимайди, аксинча, сизга тушкунлик, кайфиятсизлик бергани, руҳиятингизнинг кирлангани, миянгизда ортиқча кераксиз фикрлар ва ахборотларнинг тўплангани қолади. Ҳаётни ўрганмоқчи бўлсангиз, ўз атрофингизга қаранг: одамлар бир-бирларига ёрдам бераяптими, бир-бирларига табассум билан қараяптими, болалар ўйнаб, кексалар сокин ва хотиржам кезмоқдаларми? Демак, «Жокер» ҳам, ундаги бир уюм «ахлат» ҳам сиз ва сиз мансуб бўлган жамият ҳамда макон ҳақида эмас.

Санжар Саид

2 комментария

  1. Тақриз «аҳлат». Бир тийнгга қиммат))
    Жокер рухан соғлом эмас, блакнотидаги энг ачинарли сўзи ҳам «The worst part about having a mental illness is people expect you to behave as if you DONT,» бўлган.
    Жокерни хаммасида айбдор қилиб кўрсатишингиз, худди “Қора рицар”даги Харви Дентни параноикга қилган тахдиди билан бир, яъни ўйламай қилинган ахмоқгарчилик.
    Кино хеч қанақа бузғунчилик ғояларига тарғиб қилмаган, балки реализм теорияси асосида анархия — тартибсизлик инсониятга табиийлигини кўрсатган.
    Менимча бу “психологик триллер” шунчаки сизга оғирлик қилган, ёки реализм теорияларини тан олмай, фақатгина консерватив тарзда либерализм ғояларига таянасиз.
    Ҳа, яна бир илтимос: ўзингиз тўғри деб ўйлаган нарсани хақиқат деб билманг:)

    1. Ҳаёт — ким нима деб ўйласа ўша. Қийшиқ деганларга қийшиқ, қора деганлар учун қора, оқ дейдиганлар учун оқ ваҳоказо.

      «Жокер» эса ҳаётни қоп-қора деб ўйлайдиганлар учун ҳаётий фильм холос. Ҳамма ёмонликларни, одамларнинг ичидаги чиркинликлар, нафрат, адоват, хулласкалом бутун мағзава, ахлатни йиғиб, шу ҳаёт ҳақиқати, деб томошабин олдиган ташланган бир уюм ахлат.

      Айтганча, ахлатга муносабат ҳам ҳар хил бўлади: гўнгқўнғиз, тўнғизлар учун бебаҳо неъмат…

      Яна битта айтганча, сиз ҳам ўйлаган нарсаларингизни ҳақиқат деб билсанг. Мен эса энг пок дин — Ислом мезонлари асосида ўйлашга ва ҳар нарсани диним асосида ўлчашга ҳаракат қиламан. Кимнинг тўғрироқ ўйлаши вақти соати келиб маълум бўлади

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.