Мен Ўзбекистонликман!

Мен ўзбекистонликман. Ҳа, нотўғри эшитмадингиз. Мен ўзбекистонликман. Бу жумлани қаерга борсам ҳам такрорлашдан қўрқмайман ва уялмайман. Нима учун қўрқишим, уялишим керак!?

Ўзбекистоннинг пойтахти — Тошкент. Пойтахти азимга турли жойлардан ҳар хил юмуш билан турли одамлар келиб туради. Тошкент бошқа вилоятлар каби оддий бир ҳудуд. Модомики, пойтахт мақоми унга тегишли экан, табиийки, бу ҳудудга одамлар оқими давомий бўлади. Бундан кир изламаслик лозим. Ҳар қандай ривож топган мамлакат пойтахти доимо халқ, одамлар билан гавжум.

Бир онадан турлича характерли ўғил-қиз фарзандлар дунёга келишидан хабардорсиз. Лекин бир онадан туғилган фарзандлар ҳеч қачон бир-бирига сенинг онанг, сенинг отанг, сенинг ватанинг бошқа деб айтмайди. Унда нима учун бир ватан — Ўзбекистон фарзанди бўла туриб, сен водийлик, сен воҳалик, сен тошкентлик, сен «вилоятлик» деган маҳаллийчиликнинг сийқаси чиққан нифоққа тўла, чиркин жумлалар билан ўз томиримизга ўзимиз болта уришда давом этяпмиз.

Ҳа, бизга ташқи душманнинг кераги йўқ. Бир ватаннинг фарзанди — бир воҳалик, бир водийлик йиғилган жойга маҳаллийчиликнинг уруғидан бир донасини «сепиб юборинг», натижаси қуён қила оладиган ишдан ҳам тез ўзини кўрсатишига мен кафил. Ўзимизни ислоҳ қилмас эканмиз, ҳеч қачон одам бўлмаймиз!?

Ҳозир ҳамма японларга, корейсларга ҳавас қилади. Улар ривожланяпти. Улар ривожланади. Чунки улар сен токиолик, сен ҳоккайдолик, сен сеуллик, сен пусанлик деган «пистирмали қистирма» жумлаларни аллақачон ишлатишни тўхтатган. Улар шунинг учун ҳам бир миллат, бир улкан халққа айланди.

Шу ўринда касб масъулиятидан келиб чиқиб, вилоят сўзига таъриф бериб ўтсам. Вилоят — арабча сўз бўлиб «бошқарув» деганидир. Қадимдан ишлатиб келинадиган ушбу сўз умумий маънода жой, ўлка, мамлакат, бора-бора эса шаҳардан (пойтахтдан) ташқари ҳудуд сифатида тушунила бошланган.

Мен ҳам Ўзбекистоннинг бир вилоятида дунёга келганман. Тақдир пешонага ёзган экан, пойтахтда ризқимни териб юрибман. Истардимки, ҳар бир инсон ўзини, фарзандларини Ўзбекистонда туғилган экан, мен у ерликман, мен бу ерликман деб эмас, балки фахрланиб ЎЗБEКИСТОНЛИКМАН деб айтсин ва айта олсин. Шундагина ҳеч кимдан кам эмасмиз деб айтсак ярашаверади!

Асрор Абдуназаров

2 комментария

  1. «Бош Қомусимизда инсоннинг кундалик ҳаётдаги энг муҳим эҳтиёжларини таъминловчи имкониятлар- яшаш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, суд жараёнида шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи , бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ҳуқуқи, фикрлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги, виждон эркинликлари қоида йўли билан кафолатланган.»
    Менимча, бошқа изоҳ ёзишга эҳтиёж йўқ бўлса керак.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *