Марказий банк: валютада берилган кредитлар мижозлар фойдасига қайта кўриб чиқилади

МБ тижорат банкларига хорижий валютада кредит олган ҳар бир мижоз билан биргаликда ушбу кредитларни қайтариш имкониятларини ўрганиб чиқишни тавсия қилди.

Ўрганиш натижасида мижознинг пул оқими амалдаги кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятини амалга оширишга етмаган тақдирда, мижоз билан келишган ҳолда:

– ойлик тўловни 2017 йилнинг сентябрь ойига қадар амалга оширилган тўлов миқдоридан камайтирмаган ҳолда, асосий қарзни қайтариш миқдорини кейинги муддатларга ўтказиш орқали камайтириш;
ёки
– кредитни қайтариш муддатини узайтириш
юзасидан кредит шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқилади. Бу ҳақда МБ расмий сайтида маълум қилинган.

Шунингдек, Валюта курсининг эркинлаштирилиши ҳамда чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни маълум қилади:

Президентнинг 2 сентябрдаги валюта сиёсатига оид фармонига мувофиқ республика ҳудудида, халқаро карта тўловларидан ташқари, товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши қайд этилган. Жумладан, транспорт экспедицияси шартномалари (юкларни етказиб бериш манзилидан қатьий назар) бўйича ҳисоб-китоблар фақат миллий валютада тўланиши белгиланган.

Ўз навбатида, чет эллик юк ташувчиларнинг хизматлари учун тўловни амалга ошириш жорий халқаро операция ҳисобланади ва у бўйича резидент юридик шахслар томонидан чет эл валютасининг сотиб олиниши Вазирлар Маҳкамасининг “Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида низом”га асосан амалга оширилади.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун ва Фуқаролик Кодексининг 832-моддасига биноан комиссионерлар (агентлар) ва комитентлар (принципаллар) ўртасида чет эл валютасида маблағларни ўтказиб беришга қуйидаги ҳолатларда йўл қўйилади:

– экспорт операциялари бўйича, комиссионерлар (агентлар) томонидан чет элдан олинган ва комиссия шартномаси бўйича комитентнинг ҳисобварағига ўтказиб берилиши лозим бўлган маблағларни ўтказишда;

– импорт операциялари бўйича, комиссионерлар (агентлар) томонидан комитентлардан олинган ва комиссия шартномаси бўйича чет элга ўтказиб берилиши лозим бўлган маблағларни ўтказишда.

Бунда, комиссионерларнинг (агентларнинг) кўрсатган хизматлари учун воситачилик ҳақи фақат миллий валютада ўрнатилиши ва ундирилиши лозим.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *