Марказий банк инфляцион таргетлашга ўтади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади. Ҳужжатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш учун монетар сиёсатнинг амалдаги воситаларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилган.

Қарор билан Марказий банкнинг ўрта истиқболда пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш тамойиллари ва механизмларини ички нархларни барқарорлаштиришни таъминлашда дунё давлатлари марказий банклари қўллаётган инфляцион таргетлаш режимига қайта йўналтириш таклифи тасдиқланган.

МБ, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2017- 2021 йиллар давомида пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш ва инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш бўйича Комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.

Марказий банкка 2018 йил 1 январга қадар 2018−2021 йилларда Пул-кредит сиёсатини амалга ошириш ва ривожлантириш бўйича Концепция ҳамда «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Унга кўра, умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштириш, давлат бюджетининг барқарорлиги ва иқтисодиётда нархлар барқарорлигига асосий эътибор қаратилади.

Ликвидликни тақдим этиш ва жалб қилиш операциялари бўйича қўлланилаётган пул-кредит сиёсатининг самарали фоизли воситалари йиғмаси кенгайтирилади.

Тижорат банклари томонидан, жумладан кредитлар бўйича фоиз ставкаларини шакллантиришда бозор механизмларидан кенг фойдаланилишига урғу берилиб, ушбу жараёнлар макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштиришнинг илғор хорижий моделларига мувофиқ равишда такомиллаштирилади.

Пул-кредит сиёсати шаффофлигини кучайтириш, жумладан амалга оширилаётган сиёсатда қўлланилаётган воситалар ва якуний мақсадлар тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш йўли билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Жорий йил 1 октябрига қадар республика молия бозори, жумладан ўрта ва узоқ истиқболда давлат қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *