МАЪРИФАТ ҚОСИМОВА: ЎЗБЕК ҚЎШИҚЧИЛИГИ ФАҚАТ ЭСТРАДАМИ?

Бугунги қўшиқчилик санъатимиз ҳақида ўйлар эканман, топганларимиздан кўра йўқотганларимиз кўпрок ва хўброк эканлигига ачинаман. Йигирма йиллар олдин луғатимизда «лирик хонанда» атамаси ишлатиларди ва эл севган хонандаларнинг аксарияти шу ном билан аталарди: Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Шерали Жўраев, Ортик Отажонов, Нуриддин Ҳамроқулов, Ҳожиакбар Ҳамидов, Хайрулла Лутфуллаев, Бобомурод Ҳамдамов, Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Ҳолиқов, Ғиёс Бойтоев ва бошкалар. Бу ҳурматли санъаткорларнинг ҳар бирининг ўзига хос (оригинал) овози, услуби, йўналиши бор эди. Юртимизда «шоу-бизнес» балоси (ҳа, айнан бало) пайдо бўлди-ю, «лирик қўшиқлар» жанрини икки ямлаб бир ютиб юборди. Ғуломжон Ёкубов бошлаб бердилар. Ўзининг жуда гўзал, бетакрор услубини, халққа суюмли килган лирик қўшиқлар йўналишини ташлаб, «эстрада»нинг этагидан тутдилар. Шу тариқа, айримлар эстрадани маъқул кўрдилар, айрим устазодалар «э, боре» дея қўл силтаб, саҳнани тарк этиб қўя қолдилар.
Озодбек Назарбеков, Отабек Муҳаммадзоҳид, Оғабек Собиров каби халқ қўшикчиларини «эстрада юлдузи» деса энсам қотади. Булар эстрада хонандаси эмас, булар мақомдан озуқа олган, ундан сал енгилроқ йўналишдаги «лирик қўшиқлар» ижрочиси.
Мен эстрада йўналиши бизга керак эмас демоқчи эмасман, асло. Ботир Зокиров бошлаб берган маънили эстрада санъати кундан-кунга емирилиб, хашаки масхарабозликка айланиб бормоқда. Пичоққа илинадиганлари ҳам йўқ эмас, Шаҳзода, Улуғбек Раҳматуллаев, Лола Йўлдошева, Севара Назархон каби иқтидорли эстрадачилар муайян даражани ушлаб турибди. Кўплари эса «бемаза қовуннинг уруғи кўп» дегандай маза-матрасиз ғитир-ғитирлар, холос. Яна телеканалларда ўтириб олиб, бемаъни қўшиқлари-ю, (агар уларни қўшиқ деб бўлса) бемаза клипларининг яратилиш жараёнини ҳақида «русча-ўзбекча аралаш макарон тилда» соатлаб мақтаниб ўтиришади.
Яна бир гуруҳ санъаткорлар борки, булар ниҳоятда истеъдодли бўлишларига қарамай, “аросат” жанрда қўшиқлар яратишмокда. Масалан, Ботир Қодиров, Сардор Мамадалиев, Гулсанам Мамазоитова, Ҳосила Рахимова кабилар. Буларга маслахатим, соф ўзбек лирик йўналишда куйланг, азизлар. Кўйинг шу эстрадани ўзингизни ҳам, қўшиғингизни ҳам, мухлисларингизни ҳам қийнаманг дегим келади.

3 комментария

  1. Керакли ва ута мухим мавзуни олиб чикибсиз. Хозирги » ШОУ БИЗНЕС» инсон танасига азоб берадиган огрикли нуктага ухшайди…

  2. Маколангизда «блатной» кўшикчиларнинг интервьюларида хам тилимизга бўлган «дурацкий» эътибори хакида хам кенгрок ёритишингиз керак эди. Кутиб коламиз.

  3. Шахзода, У.Рахматуллаев, Лола кабиларнинг ижоди бир маромда, лекин хаминкадар. Уларнинг кушиклари матнини мусикасиз, оддий шеър куринишида укиб куринг. Ундан кейин Насиба Абдуллаева, Севара Назархонларнинг кушиклари матнини укинг. Мусикага ёзилган шеър билан шеър асосида басталанган кушикнинг фаркини курасиз. Тугри, кушикда мусика бирламчи, лекин унга маънони суз беради-да. Авваллари концертларда Уткир Сиддиков сахнага чикиб, кушик номини эълон киларди. Кейин «фалончи-фалончи сузи, фалончи-фалончи мусикаси, ижро этади фалончи-фалончи, раксида фалончи-фалончи», дерди. Хозир-чи? Хозир шоирнинг урни куринмай кетди. Хаммаёкда «жоним, ёрим, борим», «юрагим, керагим, тилагим» каби «дежурний» кофияли шеърлар. Хавотирли жойи, катта булаётган авлод шу матнларни нормал шеър деб кабул киляпти. Э.Вохидов, А.Орипов, М.Юсуфларнинг асарлари маъносини чаколмаяптилар (мумтоз шеъриятни-ку, куяверасиз). Хозирги ёшлардан замондош шоирлар хакида сурасангиз, «Ахад Каюм» деган жавоб оласиз. Ёки «ёддан бирор шеър айтиб бер», десангиз, бирорта ашуланинг накоратини айтиб беради.
    Хуллас, муаммонинг замирида китоб укимаслик ётибди. Сиз айтган Шахзода, Лолалар бирорта узбек шоирининг китобини укиш тугул, вараклаб куйганига хам ишонмайман.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.