Манзура АБДУЛЛАЕВА: Бу гулшанда адашганлар

Тоғамнинг кутубхоналарини тартибга келтираётиб, жавоннинг пастидаги даста-даста китобчаларга кўзим тушди. “Шабнам”, “Қалдирғоч”, “Болалигим”, “Баҳор соғинчи”, “Орзу”, “Момоқаймоқ қўшиғи”, … Номлари оддийлигига қарамай, айрим муаллифларнинг тахаллуслари улуғларникидан ҳам улуғроқ: Моҳи Жаҳон, Малика Бону, Шоҳруҳ Мирзо, Хушноза Бегим, Дилнур, Санам Ой, Комрон Бек…
Уларнинг пиёзнинг пўстидек, лекин жижимадор безакли муқоваларига боққанча қизиқишим ортди. Беихтиёр қўлимга олиб, варақлашга тушдим.

“Ғойиблар”

Афсуски, аксарияти олди-қочди сўзлардан ясалган “шеър”лар, қуруқ баёнчилик қилинган “ҳикояча”лардан иборатлиги ҳафсаламни пир қилди. Жавоҳир деб ўйлаганим сохта мунчоқ чиқди.
— Буларни макулатурага топширайлик, бекорга жой ўғирлаяпти, — дедим жой етишмаётган чин китобларга ишора қилиб.
— Булар менга керак. Бир куни қачондир пайдо бўлиб, қачондир ғойиб бўлиб кетган “Илк китоб”чилар ҳақида ёзадиган танқидий мақолаларимда санаб ўтишим учун олиб қўйибман, − жавоб берди тоғам.
Ўйга толдим. “Китобча”лар оз эмасди. Уларни чоп этиш учун ҳам қанча маблағ, вақт ва меҳнат сарфланган. Бироқ барчаси елга совурилган. Бу қораламаларни чиқаришдан аслида мақсад нима эди?
Адабиёт чаманига гуллар тақдим этишни холис ният қилган муаллифлар кеча бор эканлару, бугун… Наҳот шунча тез қаламларини ташлашди?
Бунинг сабабини ўзимча бироз англашга уринаман.

Зулфиячилар пойгаси

Коллеждаги бир курсдошим икки йилда кетма-кет учта китобча чоп эттирди. Унга ҳавасимиз ортди. Устозларимиз қувонишиб, “кўтар-кўтар” қилишди, нуфузли-нуфузли танловларга етаклашди. Директоримиз ҳам “Фахрий ёрлиқ”ларни аямади. Кутилмаганда шоирамизнинг шашти пасайиб қолди. Дастлабки танловдаёқ танқидга учрабди. Ҳайъатдаги адабиётшунослар шоирамизга ҳали ўз устида тинмай ишлаши, кўпроқ ўқиши зарурлигини уқтиришибди.
Зулфия мукофотини ўзича нақд қилиб қўйган дугонамиз танловдан қизариб-бўзариб қайтди. Ҳайъатдагилар адолатсизлик қилишибди. У бўш келмади. Келгуси “Зулфия” танловига яна борди. Янги тавсиялару, катта ҳажмдаги ижод намуналари билан. Бу гал у истаганидай ҳакамлар ўзгартирилибдию, натижа ўзгармади. Энг ёмони, шоирамиз зарда билан қаламини отди: “Энди бефойда шеърлар ёзиб юрмайман!”
Ана холос,! Зулфия мукофоти ижодкор қизларимизнинг китоб чоп эттириш “мусобақа”сига ҳам сабаб бўлган экан-да.
Йўқ, мақсад мутлоқо бошқа. Босқичма-босқичли амалга ошириладиган, ҳақиқий истеъдод соҳибалари сараланадиган бу танлов юртимизда қизлар камолотига рағбат берувчи, адабиёт, илм-фан ва спорт соҳаларида мутассил фаолликка руҳлантирувчи, ўзбек аёлларининг ёрқин тимсолига айланган ардоқли шоирамиз Зулфияхонимга издошликка интилувчи ёшлар сафини йилма-йил кенгайтирувчи қудратли кучга эгадир. Ҳозирда ўзларининг ажойиб асарлари билан мухлислар меҳрига муяссарланган Гулжамол Асқарова, Меҳриноз Аббосова, Гулчеҳра Зокирова, Моҳигул Раимқулова, Айжамол Жалдашбаевалар мукофотнинг муносиб соҳибаларидир.

“Кириш осон, чиқиш осон”

Таниқли адибимиз “Адабиётга кириш эмас, қолиш муҳим”, деганда нақадар ҳақ эди. Бугунги кун ёшлари орасида адабиётга кириш осон, чиқиш осон мисоли урфлашаётгандек. Чақмоқдай киришга кириб, сохта шуҳратининг умри қисқалигидан нолиб, худди ижарачи қизлардек, адабиёт оламини тарк этишлари ҳаётий ҳақиқатлиги оғриқли нуқталаримиздан бири. Ахир адабиёт бедарвоза эмас-ку!
Ҳозирги ижодий жараёндан хулоса ясасак, бизнингча, адабиётдан чиқиб кет(аёт)ганларни шартли равишда учга ажратиш мумкин:
1. Ўсмирлик даврларида барчанинг эътиборини ўзига жалб этиш истаги ва балоғат паласидаги туйғулари туғёнида қалб кечинмаларини қоғозга солиш асносида қўлига қалам тутганлар.
Улар шоирлигу ёзувчиликка астойдил даъво қилишиб, машқларини газеталарда босишга ҳам эришадилар. Бир-икки китобини ҳам чиқаришади. Тенгдошларига нисбатан илғорроқлиги атрофидагиларни жалб қилиши табиий ҳол. Аммо тезда ҳурмат-эътибор қозонишларидан ўзларига баланд баҳо бера бошлайдилар. Ўзгаларни ўзларига шайдо қилиш хоҳиши кучайгандан кучаяверади. Очиқдан-очиқ ижодларини кўз-кўзлашдан завқланишга ўтишади. Бироқ ҳаётнинг дастлабки тўсиқларига учрашлари билан интилишлари интиҳоланиши тайин. Тезда қизиқишлар сўнади, ҳаваслар йўқолади, иштиёқлар пасаяди. Афсуски, бундайларнинг адабиётдан чиқиб кетишлари худди кириб келишларидек оппа-осон кечади.
2. Адабиётнинг ҳақиқий кушандалари.
Бундайлар ижодкор номи остига беркиниб, режалар тузишади, силлиқ ҳаракатланишади. Орзу-мақсадларини амалга ошириш, қаламкашлик шон-шуҳрати илинжида адабиётга юкунадилар. Ёзганларида ҳамиша шахсий манфаат ҳисси устун келади. Улар биринчи тоифадагиларга қараганда илҳом дунёсида узоқроқ муддат яшашади. Интилиб-интилиб, охири мақсадларига эришолмасликларини англашади. Ёки танловларда мукофотни кимдир “илиб кетганида” адабиёт эшигини зарда билан ёпиб чиқиб кетишади.
Бу тоифа вакиллари тенгдошларимиз орасида кўпроқ кўзга ташланади. Бадиий ижодга анчагина зиён етказишини назарда тутсак, бундайларнинг кетиши адабиёт учун кони фойда.
Ўзбекистонда баҳолашнинг адолатли тизими давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Аммо, шоли ичида курмак учраганидек, айрим ҳакамларнинг билиб-билмай ноҳақлик қилишлари ҳам бор гап. Бундан умидли истеъдод соҳиблари қаттиқ оғринишлари ачинарли ҳол. Менинг ўзим буни бошдан кечирганман. Мактабимизда ўтказилган “Ёш ижодкор” кўригида менга тўртинчи ўринни беришгани, уйга йиғлаб кетганим ҳануз эсимда. Йиллар ўтди. Биринчи, иккинчи, учинчилар ижод майдонида йўқ бўлиб кетишди. Мен, тўртинчи эса беоромликдан ором ахтариб, бедорликдан илҳом излаб, кам бўлмадим.
3. Қалбларида Аллоҳ ато этган истеъдод учқунлари мавжудлар.
Учқунни алангалатадиган ижодий меҳнатга иштиёқлари орттирилса бас. Анчайин манзур асарлар битишга лаёқатлари етади. Минг афсуски, уларни адабиётга чорлаган қалб эҳтиёжлари турмуш ва тирикчилик ташвишлари каби моддий манфаатлар, мажбуриятлар олдида сўнади. Кўнгил чўғлари кулга айланади. Адабиётнинг буюк дардини кўтариб юришни рад этишади ва уддасидан чиқолмай қоладилар.
Адабиётдек муқаддас даргоҳга “кириб-чиқиб” кетаётганлар сўзнинг савиясини пасайтирибгина қолмасдан, ихлоси, баҳоси, ҳурматини пасайтиришади. Энг ёмони, ижодкор аталмиш улуғ номнинг обрўсини тўкишади. Мухлисларнинг истаги ягона, улар ижодкордан яхши асарлар кутишади. Шу мақсад фидойиларигина наинки адабиётда қолишга, балки миллион-миллион китобхонлар қалбида яшашга чиндан ҳақлидирлар.

“Адабиётимиз буюк бўлади”

Бадиий яратиқлар хоҳ назмий, хоҳ насрий бўлсин, миллат ҳаётининг, миллат дардининнг таъсирчан ифодаси. Халқнинг кечаси, бугуни ва эртасининг даракчиси. Чўлпон бизларни “Адабиёт яшаса — миллат яшайди” дея бежиз огоҳламаган. Ўзбекнинг бахти баркамоллиги, айниқса, адабиёт бобида асрлардан асрларга татигулик экани беинкор ҳақиқатдир. Алишер Навоий асарларисиз дунё маънавияти кемтик бўлиб қолмайдими? Бобурнинг “Бобурнома”си “Шоҳнома”ларнинг энг гўзали эканига ким шубҳа қилади? Лутфий, Огаҳий, Машраб, Нодира, Увайсий, Муқимий ва Фурқатнинг ғазалларисиз мумтоз қўшиқларимизни тўкис тасаввур этиш мумкинми? Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиевалар асарлари неча-неча авлодларнинг умрбоқий тарбиячиси эмасми?
Замон тез суръатларда ўзгаряпти, ислоҳотларга ислоҳотлар уланиб бормоқда. Олам ва одам янги қиёфа касб этмоқда. Шундай экан, янги, сермазмун асарлар халқимизга сув ва ҳаводек зарур. Адабиёт учун туғилганлар киргандагина адабиёт чамани уларни иккинчи ватандек қабул қилади, бағридан ҳеч қўйиб юбормайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда уқтирганидай: “Ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз, беқиёс бойликларимиз бор. Ва, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”.
Биз ёш қаламкаш ёшлар эса ана шундай ишончни тўла оқлашга ҳамиша бурчдормиз.

Манзура Абдуллаева

1994 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган. Наманган юридик коллежини тугатган. Наманган Давлат университети филология факультетининг 3-босқич талабаси.
“Ўхшашимни топмассиз асло”, “Умид тугиб келдим дунёга”, “Сизни учратмагунча”, “Қуёш эртага қайтар”, “Болакўз”, “Қумғон” китоблари муаллифи.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Истеъдод мактаби” VIII Республика семинари қатнашчиси.

“Афросиёб” газетасининг 3-сонидан олинди

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *