МАНТИҚ ИЗЛАБ

Кўчани бўйида турибман. Аксига олиб ҳеч  машина тўхтамаяпти. Ярим соатдан ўтди, кўчани бўйи одамга тўлиб кетган. Уйдан чиқаётганда “обетгача битираман” деб, хом хаёллар билан чиққан эканман. Кейин билсам йўлда лицензия текшириб  туришибди экан, ичида ҳайдовчидан  бошқа одам  борки,  тамом, текшира текшир қилаётган экан. Буларни сал кейинроқ, борадиган жойимга гадойтопмас йўллардан олиб борган таксист айтиб берди. Униям ушлашибди. Қанақадир қўрқинчли рақамлардан иборат  жаримага тортишибди. Энди йиғламсираб қарғаб кетаяпти.

— Ука мен шопир одамман. Ўша лицензияси сал бўлсаям “реалний” нарса бўлганда, мана мен  олардим биринчи бўлиб.  Ҳеч иложи йўқ. Фойда қолмайди, минусга ишлайсан.

Шопирни гапларидаям жон бордир.  Лицензия билан кира қилса минусга ишларкан, демак нимадир қилиш керак.  Балким лицензияни шартларини соддалаштириш керакми, ёки нархларни одамларнинг топаётган пулидан келиб чиқиб қўйиш керакдир. Бошқа давлатларда қанақа экан, ўрганиб ўшалардан намуна олиш керакдир балким.  Бундай деб,  фақатгина сиз билан биз  ўйлаймиз.  Кабинетда ўтириб бунақа қарор қабул қиладиганлар кўчада таксида юрмайди. Уларнинг ташқарисидан ичкариси кўринмайдиган машиналари постларда махсус учинчи йўлакчалардан ўтиб кетади. Кўчада таксига ўтириб, шопирни дардини эшитмаганидан кейин қаердан билсин?  Улардаям айб йўқ …

Мени ўзига тортган жиҳати шопир  айнан уни жаримага тортган ДАН ҳодими билан солиқчини  қаргаяпти.  Айнан ўша одамларга лаънатлар  ўқияпти.

Кейин ўйлаб қолдим. Одамлар ростданам шунақа. Гўштни нархи ошса уни сотаётган қассобни айбдор қилади.  ДАН ҳодими тўхтатиб лицензия сўраса, айнан уни айбдор қилади. Унни нархи ошса — дўкончи.  Картошкани нархи ошса яна — дўкончи. Шакарни нархи ошса,  шўринг қурғур  яна — дўкончи айбдор. Сергеев гол уролмаса, фақат  Сергеевни айбдор қилади.

Зўр-а?  Уруш пайтлари “қора хат”ни олиб келган почталённи  айбдор қилганлар, аммо шу урушни бошлаган сиёсатчиларнимас. Нарх навонинг ой сайин эмас, кун сайин осмонга қараб кетаётганига деярли барча соҳаларда  монополия тизимини  яратиб қўйган “тепадигилар” айбдор бўлмайди. Улар кимлигиниям билмай қолади халқ.  Менгаям қизиқда монополияларни бошқарадиганлар —  қанақа одамлар эканлиги.  Балки ҳаётда бу  одамлар жуда яхши одамдир? Болаларига  тўгри тарбия ҳам  берар.  Болалариям ҳамма   ҳавас қиладиган одамлар бўлиб катта бўлишаётгандир. Балки 2-3 та қўшнисига ёрдам ҳам бергандир. Ҳаж амалини олтинчи марта адо қилиб,  “ҳожи бобо” бўлиб масжидларда биринчи қаторда ўтиришар.

Зўрку! Ҳеч кимга ёмонлик қилмаяпти-ю?  Фақат унинг   шунчаки катта  бизнеси бор, ўша бизнесини йўқотиб қўйишдан қўрқиб тиш – тирноғи билан ёпишади. Уларни шу  бизнесини деб ҳалқ озгина қийналади. Озгина навбатда туриб шакар олади. Нархи кун сайин ошаётган  ун, гўшт, ёғни эплаб олади. Овқатга озгина камроқ картошка қўшиб амаллайди. Бу вақтда улар кимгадир ёрдам қилаётган бўлади. Чевараси учун  уч қаватли участка қуришни бошлаган бўлади.  Қандай яхши бобо. Қандай ғамхўр бобо.

Бу пайтда эса акасидан қолган сумкани учинчи йилдирки мактабга тақиб кетаяпти, қайсидир ўзбекни боласи. Буни нима алоқаси бор “тепада”ги бойга? У айбдорми? Ҳаёт доим  текисликдан иборат эмас. Уларниям ўзига яраша ғам-ташвишлари бор. Гоҳ гоҳида  “эконом класс”да учишга мажбур бўлиб қолишади. Айфон 8 чиққанига икки ой бўляпти, лекин невараси ҳалиям айфон 7 ишлатади.  Шунақа баъзан    улар танлаган тарвуз ҳам хом чиқади. Бир кам дунё.  Э, чалкашиб кетдим,  нималарни ёзяпман ўзи?

Келинг яхшиси такси масаласига қайтиб, энди вазиятга солиқчиларни кўзи билан қараймиз. Куз. Пахта мавсуми. Эрталаб. Ҳамма автобуслар далага теримчиларни ташишга бириктирилган. (ўзи автобуслар фақатгина Тошкент шаҳрида қониқарли даражада йўлга қўйилган. Вилоятларда биринчиси билан иккинчисини орасидаги вақтда манзилингизга  бемалол пиёда етиб олса бўлади.) “Кўчада автобус йўқ. Одамлар ишга, ўқишга бориши керак. Ҳамма таксига ўтиришга  мажбур.  Вазиятдан унумли фойдаланиш учун идеал вақт-ку!  Айнан мана шу вақтда лицензия талаб қиламиз. Биз эса кутиб оламиз ўлжаларни. Ҳаммаси қўлга тушади. Биттаям қолмайди”.

“Ҳей барака топкур, шопирларни босишга босармиз одамлар кўчада қолиб кетадию? Ишига, ўқишига кечикадию?” деб ўйлашмайди. Уларни мияси унақа чуқур ўйлашга мўлжалланмаган. Ёки шунчаки ўйлагиси келмайди. Тўғрида, ундаям план бор. Планни бажариши керак. Ўзидан тепадагини мақтовини эшитиб куч  олади. Статистика яхшиланади. Газетада расми чиқади.

Бозорни ёпиш, қишлоқ жойларда дўконларни ёпиш, кўчаларни ёпиш, паркларни ёпиш, светни ўчириш. Тўйхоналарга босим ўтказиш. Буларни қаторига мана  энди “лицензия”ни қўшсак ҳам бўлар а? Ажойиб. Буларни ҳаммаси, сиз азизларни пахтага чиқишингиз учун қилиняпти. Лекин битта жойи ёпишмаяпти, пахтага чиқишимга светни ўчишини, бозорни ёпилишини нима алоқаси бор? Чиқмайдиган одам бозорни ёқворсаям чиқмайди-ю? Мантиқ  қани? Авваллари  Мунисани қўшиқларидан мантиқни излаш энг оғир нарса деб ўйлардим.   Йўқ,   мана шу “запрет”лардан  мантиқ излаш унданам мушкулроқ экан.

http://rokkker.blogspot.com/2017/10/i-need-doctor.html?m=1

Биринчи изоҳ

  1. Муаллиф ким? Хатто тахаллусини ёзгани кўркибдими? Хавотир олманг. Бу козондан яъни «лицензия»дан тепадаги ола-бўжилар озикланмайди. «ЛИЦЕНЗИЯ» уларнинг узок кариндошларини нони холос. Лекин хакикатда лицензияни нархини 50% га камайтириш керак Лицензияни (юк ташиш, йўловчи ташиш,) хам ТСРУИнспекцияси томонидан беришни ташкил этиш керак. . Шунингдек тегишли хужжатларсиз транспорт хизмати кўрсатган коидабузарларга жаримани камида яна 10 марта ошириш керак. Шунда транспорт хизматидан тушум сезиларли даражада ортади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *