Маънавият ва маърифат китобхонликдан бошланади!

Эътибор берганмисиз? Биз европа ва америка кинолари орқали уларнинг миллийлигимизга (луғатимизга арзон хитой елими билан ёпиштириб қўйилгандай кириб келган «менталитет» сўзини керак-нокерак ишлатишни ўлгудек ёмон кўраман) зид турмуш тарзи ва оилавий муносабатлари ҳақида гапирар эканмиз, улардан ўрганишимиз керак бўлган ҳеч бўлмаганда битта нарса борлигини унутиб қўйганмиз. Нима, дейсизми? Бу деярли ҳар бир америка ва европа киносидаги, ҳар бир оилада мавжуд шахсий кутубхона лавҳаси билан боғлиқ кадрнинг борлиги. Ҳа, ўша кинолардаги ҳар бир оиланинг хоҳ у кичик бўлсин, хоҳ у катта бўлсин ўз шахсий кутубхонаси, яъни содда қилиб айтганда китоб билан тўлган жавони бор! Ҳатто ўртамиёна ёки энг камбағал оила ҳаёти ҳақидаги фильм бўлса ҳам.

Мана оддий мисол: икки соатча аввал «Кинотеатр» каналида қанақадир ирланд фильмига кўзим тушди. Унинг қаҳрамони оддийгина, айтиш мумкин бўлса, камбағалроқ дублинлик йигит. Камхаржлиги сабабли туристик маълумот бюроси ходимлигидан ташқари тунги клубда ўзи каби дасти юпқа ўртоқлари билан қўшиқ ҳам айтади. Эй, Худойим, мана шу тунги барларда қўшиқ айтадиган йигитнинг хонасида ҳам китобдан ёрилай дейдиган жавони бор!

Шу кадр сабаб кўрганим европа ва америка киноларини бир-бир эслаб чиқдим, хотирамнинг кучи етганча. Барчасида, ҳеч қурса қайсидир қаҳрамоннинг бўлса-да китоблар терилган жавони саҳнаси елвизакдек бўлсаям ўтиб кетади. Шунча эслашга уринсам ҳам, камбағал ҳаёт тасвирлангани майли, қўша-қўша машина-ю, савлатидан ёнига бориб бўлмайдиган уйлар, хуллас, тўкин ҳаёт тасвирланган киноларимиздаям тўрттагина бўлса-да, шапараккина бўлса-да китобли жавони бор уй тасвири бор бирорта ўзбек киноси кўз олдимга ҳалиям келмаяпти.

«Ўзининг шахсий кутубхонаси йўқ уйни мен харобага ўхшатаман» деган экан инглиз адибаси Жейн Остин.
Ҳурматли киночилар, уйғонсангиз бўларди! Сизнинг маҳсулотингиз аслида энг катта тарғибот воситаси эканлигини эслаш пайти келди. Бизнинг киноларимизни кўрган хориж томошабини ўзбекларни китобхон миллат деб ўйлашини биз ҳам хоҳлаймиз!

Гўзал Рўзиева

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *