МАЪНАВИЯТ ЎЧОҒИДАГИ “ЎЙИНЛАР”: обуна ортидаги кўзбўямачиликлардан ким манфаатдор?

Куни кеча таҳририятимиз e-mail почтасига (fayzboguz@mail.ru) бир мақола келиб тушди. Мазкур мақолада «Қашқадарё зиёкори газетаси» ижодкорлари ўз журналистик суриштирувлари давомида мажбурий обунанинг қинғириликларини очиб ташлашга ҳаракат қилишган. Қуйида, почтамизга келиб тушган ушбу хатни таҳрирсиз эълон қилишга қарор қилдик.

Эс-ҳуши жойида ҳар бир одам кўриб, билиб турган ҳақиқатни
мен айтмасам, Сиз айтмасангиз, бошқа биров айтмаса, ким
айтади? (Абдулла ҚАҲҲОР)

Ҳамкасбларимиз тасдиқлашади: касб тақозоси боис обуна билан қизиқманг деган гапни кўп эшитганмиз. Эшитганда ҳам ўша обуна ташкилотчиси бўлган масъуллардан. Аслида обуна жараёни билан қизиқиш етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди. Аммо гувоҳи бўлган ҳолатларимиз бизда қизиқиш уйғотди. Ва қўлга қалам олишга ундади…

БИРИНЧИ ҲОЛАТ

Деҳқонобод туман Халқ таълими бўлими мудири хонасидамиз. Бўлим мудирига обуна тарғиботини давом эттириш мақсадида тумандаги умумтаълим мактабларида бўлиш ниятимиз борлигини ва газетамиз узоқ йиллардан бери таълим тизимини ёритиб келиши ҳақида сўз очган ҳам эдикки, вилоят халқ таълими бошқармаси масъули Суннат Эргашев (халқ таълими бошқармаси масъули Суннат Эргашев эканлигини кейин сўраб билдик) гапимизни шартта бўлиб, бошқарма муассислигида ҳозирда фақатгина 2 та нашр чоп этилишини айтди ва “МАЗКУР НАШРЛАР
ЎЗИМИЗНИНГ ГАЗЕТАМИЗ” дея суҳбатимизга қўшилди. Ушбу
ҳолатда бизни ажаблантиргани — бошқарма масъули Суннат Эргашев
бугунги кунда бошқарма муассислигида бирор бир газета ҳам чоп этилмаслигини ҳақиқатдан ҳам билмайдими ёки атайин нотўғри
тарғибот олиб бориб, газетхонни чалғитишни мақсад қилганми? Бу
ҳақда мақоламиз давомида…

ИККИНЧИ ҲОЛАТ

Обуна тарғиботи билан олис туманларнинг бирида бўлганимизда одатдаги обуна тақсимотидан айро
ҳолатдаги жадвалга дуч келдик. Одатдаги обуна тақсимоти деганда ҳар йили вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан туман бўлимларига юбориладиган тавсиявий характерга эга бўлган обуна жадвалини назарда тутяпмиз. На тасдиқланган санаси ва на тасдиқлаётган ташкилоти-ю, раҳбар имзоси ҳам акс этмаган мазкур жадвал эътиборимизни тортмай қолмади, албатта.

Халқ таълими бошқармасининг обуна ҳақидаги хатига илова қилинган обуна тақсимотига “иловача” тарзида бириктирилган
мазкур жадвалда фақатгина 2 та турдаги газетага туманлар миқёсида нечтадан обуна қилиш лозимлиги уқтирилган холос. Аммо ким томонидан уқтирилаяпти — буниси бизга қоронғу. Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, номаълум жадвал муаллифи ҳам вилоят Халқ таълими бошқармаси.

УЧИНЧИ ҲОЛАТ

Касби туманидаги 3-умумтаълим мактабидамиз. Юқорида тилга олганимиз ўша ном-нишонсиз жадвалнинг кучини қарангки, унда қаққайиб турган нашрларнинг бирига шу мактабнинг ўзида 15 та обуна ташкил этилган. Аммо бошқарма бошлиғининг имзоси билан тавсия этилаётган “Маърифат” га эса бор йўғи 3 дона. Унинг ҳам 2 донаси 3 ойлик обуна. Мактаб директори Акром Сафаровдан бу ҳолатга изоҳ
сўрганимизда: “Мудир шунга обуна бўласан деб топшириқ беради.
Топшириқни бажарганимизни эса Мусаев назорат қилади. Режа
берилдими, демак топшириқни бажариш шарт дегани”, — дейди
мактаб директори. Мусаев ким экан деган савол туғилиши табиий, албатта. Изланишларимиз натижасида Мусаевнинг туман Халқ таълими бўлимида шўъба мудири сифатида фаолият юритувчи обуна масаласидаги масъул шахс эканлиги
ойдинлашди.

ТЎРТИНЧИ ҲОЛАТ

Касби, Яккабоғ ва Қарши туманларида аллақачон ўз фаолиятини тугатган газеталарга ҳам обуна ташкил этиш ҳолатлари давом этмоқда. Масалан “Шарқ дунёси” газетаси тугатилган бўлишига қарамасдан умумтаълим мактабларида ёппасига обуна қилишга топшириқ бериш давом этяпти. Буни Касби туманидаги 43-умумтаълим мактабининг 2018 йил
январь ойидаги обуна квитанциялари орқали ҳам билиб олиш мумкин.

Аслида мактаб ўқитувчиларининг ўзлари ҳам фаолияти тугатилган газетани ўқишдан умидвор эканликларини билишармикин? Яккабоғ туманидаги 11 умумтаълим мактаби директори Гулчеҳра Раҳимова бу ҳақида шундай дейди: “Яқинда директорлар билан суҳбатимиз давомида вилоятимиздаги баъзи бир
нашрларнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақида эшитиб қолдим. Эътибор бериб қарасам, ўша нашрларнинг бирига бизнинг мактабимиз ҳам обуна бўлган экан. Ўқитувчиларимиздан бири кун
келиб “Фалон газетага обуна бўлган эдим, ойлигимдан пул тўлаб, ўша газеталарни беринг” — деса, нима деб жавоб қилишимни билмай турибман. Бошим қотган. Нега фаолияти тугатилган газетага обуна бўлинг дейишади бизга, билмайман”.

ОБУНА МУТАСАДДИСИНИНГ ИДДАОСИ: “Отамга ҳам маълумот
бермайман”

Юқоридаги ҳолатларга гувоҳ бўлгач, одатда обуна халқ таълими тизимида қай тартибда ташкиллаштирилиши билан қизиқдик. Бошқармада обуна масалалари билан шуғулланувчи Севин Очилов нима учун айнан обуна билан қизиқаётганимизни обдон
суриштиргач, “Обуна билан қизиққандан кўра бошқа масала билан қизиқсангиз бўлмайдими, масалан қурилиш билан?”, — дея
мурожаатимизга муносабатини билдирдиб ўтди. Бошқарма
томонидан вазирлик тавсиясига мувофиқ ишлаб чиқилган обуна
режасини сўраганимизда эса “Режамизни ёпиб юборганмиз, канцелариядан қидирамизда ярим кунда топиб бераман” дея иддао қилишга ўтди. Ва бу борада ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтиб, “Отамга ҳам маълумот бермайман” дейиши эса, тўғриси, кулгимизни қистади.

Бу каби ҳолатга фақатгина бошқармада эмас, Қарши шаҳар халқ
таълими бўлимида ҳам дуч келдик. Обуна ҳақидаги қизиқишларимизни эшитиб, “горона”да обуна масалалари билан шуғулланувчи Раҳима Жабборованинг ҳам “тепа сочи тик бўлди”. Раҳима опа аввалига “Обуна масалалари бўйича маълумот олиш учун мудирдан рухсат олиб келинг”- деган талабни қўйди, бир неча кундан сўнг мудирдан рухсат теккач эса журналистлар уюшмаси раиси Головуддин Йўлдошевнинг ҳам рухсати керак, деб туриб олди. Бунинг ҳеч қандай ҳожати бўлмаса-да, биздан нима кетди дея уюшма раисидан ҳам розилик олдик. Бу сафар “Ёзма хатингизга, ёзма жавоб қайтарамиз”- дейишгач эса куюшни ҳам, кулишни ҳам билмай қолдик. Ҳалигача “горона”га 18 январь куни берган такрорий мурожаатимиздан умидвормиз. Жавоб келиб қолар дея… (Таҳририят томонидан шаҳар халқ таълими бўлимига
биринчи мурожаат 9 январь куни 02-сонли хат бўлганди)

БОШҚАРМА МУТАСАДДИСИ РЕСПУБЛИКА КОНСТИТУЦИЯСИГА
ҚАРШИ…МИ?

Кузатувларимизни давом эттирган ҳолда Қамаши туманида ҳам
бўлдик. Туман халқ таълими бўлимида обуна масаласи бўйича масъул бўлган Тўйчи Қаршиев билан суҳбатимиз давомида айтган
гаплари ҳаммасидан ҳам ошиб тушди, назаримизда. “Севин Очилов
зиёкордагилар келиб (газетамиз назарда тутиляпти) гаранг қилаверса, бошқарманинг рухсатисиз мактабларга киритманг, мудирга ҳам айтинг деди”, — дейди Тўйчи ака биз билан суҳбатда.

Аввало “гаранг қилиш” деганда бошқарма мутасаддиси Тўйчи акага нимани назарда тутиб гапиряпти? НАҲОТКИ, СЕВИН ОЧИЛОВ РЕСПУБЛИКА КОНСТИТУЦИЯСИГА ҚАРШИ ЧИҚИБ, ЖУРНАЛИСТНИНГ АХБОРОТ ОЛИШ ЭРКИНЛИГИНИ ЧЕКЛАШГА ҚОДИР БЎЛСА?

Жаноби обуна ташкилотчилари! Виждонан айтинг, ушбу ҳолатлар
журналист сифатида нафақат мени, балки ҳар бир кишини шубҳалантириши табиий эмасми? Сиз эса шубҳа-гумонларимизни
кўчайтириб, худдики ишингизда бирор бир қинғирлик бордек маълумот беришдан бош тортасиз. Қачонгача ҳақиқатни яширишга уринасиз?

Отабек ҚЎЛДОШЕВ

19 комментариев

  1. Маориф Вазиридан сураш керак, нима килиб утирибди ёки долядамикин. Республика прокуратурасидаги коррупцияга курашадиганлар кани, нима бало улар хам долядами. Обуна бу укитувчиларнинг мехнати пулику, бечора ишдан кетсам каерда ишлайман деб, бола чакасининг ризкини уша мутахамларга бериб кутилса, кандай гап булди. Бу мудирлар кимлар? бу саводсиз порахурларни ким ишга олган? Конституцияни умрида укимаган булса, конунни билмаса, сохасини билмаса, хаёлида факат пул топиш булса, келажагимиз шу порахурлар кулидами?

  2. Қип қизил товламачи эканку муаллиф ўқигиси келса ўзи ёзи ёзилади,лоақал газетхонга тарғибот қил б.. борми бошқармада?

  3. Халк таълими бошкармасининг обуна режасини тафтиш килишга ваколатингиз борми? Агар бошкарма сизнинг нашрингизни обуна режасига киритганда эди, Сиз хам бу муаммони кутармаган булар эдингиз. Умид киламиз, бир кун келиб, мажбурий обунага хам бархам берилади. Хозир эса укитувчилар халол топган маошининг бир кисмини журналистларнинг козони кайнаши учун беришаяпти. Мажбурий обуна сабабли канча рахбарлар ва укитувчилар уртасига совукчилик тушаяпти, ёзишмалар булаяпти. Хозир куплаб сохалар чет эл тажрибасидан андаза олаяпти. Сиз, тахририятлар хам улардан фойдалансангиз булмайдими? Качонгача мажбурий обуна оркали кун кечирасизлар?

    1. Аввало эътибор учун ташаккур! Бу тафтиш эмас Мамлакат опа. Гувоҳи бўлаётган ҳолатларимиздан келиб чиққан ҳолда, журналист сифатида қизиқдик.

  4. Журналистларга бировнинг ҳалол топган пулига шерик бўлиш ёқади деб ўйласангиз янглишасиз,шунчаки улар касбини ташлаб бозорга картошка сотгани чиқиб кетишса «мажбурий обуна»дея ғийбат қилувчилар тинчийди.лекин нима қилишсин,улар ҳам ўзлари ёқтирган соҳада ишлагилари келади,тирикчилик,эртанги кун,маошсиз қолиш каби нохуш хаёллар ўрнига ижод қилиш билан банд бўлишни жудаям исташади…»Қачонгача мажбурий обуна орқали кун кечирасизлар ?»деганларнинг энг яхши кўрган инсони журналист бўлсин…

  5. Бу маколани укиб хайрон колдим ва ХАЙРИЯТ ВА НИХОЯТ КАШКАДАРЕ ВИЛОЯТИДАГИ ТАЪЛИМ ТИЗИМИГА НАЗАР ТАШЛАНИБДИ а нима дейсизлар ? ИЛТИМОС СИЗ АЗИЗ ЖУРНАЛИСТЛАР НАФАКАТ ОБУНА, балки мактабларда нималарга » йигди-йигди» булаетганини ва хоказоларни суриштириб курсалар эди. Облонодан С.Эргашевни айтиб утибсизлар, ва нихоят узини Сизларга хам курсатибдида. Июн ойида Президент виртуал кабулхонасига килган мурожаатимга ана уша Сиз айтган С.Эргашев тел килиб, УКИМАГАН ОМИ ОДАМСИЗ деб мени хакорат килгани етмагандек, ТУШУНТИРИШ ХАТИНИ ЕЗИШДАН БОШ ТОРТДИ ДЕБ ДАЛОЛАТНОМА ХАМ ТУЗГАН. АНА ШУНАКА….

  6. Шунака постларни тв орк,алими,ёки даракчи газета тахририяти орк,али халкга етказиш имконияти йук,ми.?авторга савол,.(лекин хабарингизга рахмат)

    1. Биз вилоят миқёсида чоп этилувчи нашрмиз. Шунинг учун бу каби мақолаларимизни омма эътиборига ҳавола қилишда имкониятларимиз чекланган. Аммо жим турганимиз йўқ. Кўплаб интернет сайтларига бердик. Лекин ҳамма ҳам ҳақиқатга тик қараёлмагани каби сайтларнинг барчаси ҳам бу каби мақолаларни чоп этишни лозим топмайди. Лозим топганлар барака топишсин. Мана сиз каби инсонлар орқали Вазирликдагиларнинг ҳам қулоғига етиб борар…

  7. Ҳамма вилоятларда ҳам аҳвол бир хил ! Ўша газета ва журналларда ишловчиларни ҳам ёппасига далага (пахта чопиғи, ягана ва теримга) ҳайдаш керак! Улар биз педагоглар(тиббиёт одимлари, МТМ ходимлари, қисқаси-БЮДЖЕТ ташкилотлари)нинг ҳалол ишлаб топган пулига яшаб юришибди! Албатта биз ҳам ўша пулларни бераётганда:» Ҳалол бўлсин, умрига барака берсин!»,-деб бермаймиз!Солиқ, ҳуқуқ ва прокуратура идоралари айтган нашрларга обуна бўлмангчи, нима қилишаркин!?!?!? Мактабнинг ҳамма ёқдан текширувчи босиб, 5 йиллик ишларингизни қайтадан кўтариб, баҳона қидиради. Аҳвол ҳали-бери яхшиланмайди шекилли!

    1. Сиз ҳеч ҳам зиёли инсонга ўхшамайсиз,ўзингиз далада катта бўлганингиз кўриниб турибди,ўқувчиларингиздан ҳали унга,ҳали бунга йиғаётганингизда «Ҳалолим бўлсин,умримга барака берсин «деб оласизми?Сиз ўзингиз неча-неча порахўрга устоз бўлган бўлсангиз керак,чунки уларнинг ҳаммаси сизга ўхшаганлардан таълим олади.Сизга ўхшаганларни мажбурлаб обуна қилмас а йиллаб газета ўқимайди,ва фикри торлигича қобиғига ўралиб жамиятдан ортда қоб кетади.,бировни ҳақорат қилишдан олдин масалага мантиқан ёндашиб кўринг

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *