Мажлисвозлик ҳақида: Кечаги мажлиснинг ҳисоботи бугунги мажлисда эшиттирилади!

Бир неча кунлардан бери айрим ҳужжатлар керак бўлиб, тиббиёт маркази, солиқ идораси ва шунга ўхшаш идораларга ишим тушяпти. Мен турган шаҳар шундай шаҳарки, «таниш-билиш» билан ҳамма иш осон ва тезда битади. Солиқдан «қарзи йўқ», деган маълумотнома олиш учун танишларни ишга солгим келмади. Арзимаган нарса, шундай бориб, олиб қўя қоламан, дедим. Ҳаммасини қонун бўйича, рисоладагидай олмоқчи бўлдим. Чучварани хом санаган эканман!

Оддий маълумотномани осонгина қўлга киритаман, деган хом-хаёлларим биринчи куниёқ саробга айланди. Эрталаб барча ходимлар мажлисда эканини айтишди. Вақтим тиғиз бўлгани учун кетдим. Кейинги куни қўл қўйиши керак бўлган бошлиқ ҳокимиятда мажлисда экан. Ҳамма нарса тайёр. Қўл қўйиши керак бўлган одам йўқ. Шу тариқа иккинчи кун ҳам ўтди.

Учинчи куни ҳам қайсидир бошлиқ йўқ, бошқаси мажлисда… асаб бузилиб, бир танишга телефон қилдим. Вазиятни тушунтирдим. «Ҳозир, икки дақиқада ҳал қиламиз” деди. Орадан икки дақиқа ҳам ўтмади. Телефоним жиринглади. «Ака, қаердасиз? Маълумотнома тайёр. Солиқ идорасига келиб туринг, беш дақиқада ўзим олдингизга олиб тушиб бераман”. Кўзимдан ўт чиқиб кетди.

Яшасин бюрократия… ие, узр, яшасин мустақиллик. Икки дақиқада ҳал бўладиган масала учун нақ уч кун қатнадим. Минбарларда туриб қонун устуворлиги, буюк давлат стратегияси каби гаплар тобора ўз салоҳиятини йўқотиб бораётгандек, назаримда. Мен у даражада ватанпарвар эмасманки, тўрт кун вақтимни зое қилсам. Мана, тинчгина «сеҳрли қўнғироқ» билан ишларимни ҳал қилсам ҳам бўлар экан-ку!

Эрталаб ҳокимиятда мажлис. У ердан чиққан барча ташкилот ва корхона ходимлари ўз идораларида яна мажлис ўтказишади. Жумладан, ҳокимиятдаги мажлисдан келган солиқ идорасининг раҳбари, табиийки, қўл остидагилар учун мажлис уюштиради. Ҳамма солиқчилар йиғилишга кириб кетади. Энг ками бир ярим соат мажлис.

Энг ажойиби, бу ишлар иш вақтида бўлади. Мажлис вақтида ҳамма иш тўхтайди. Навбатда турганлар ҳам «кўкариб» чиқади. Солиқ идорасига келган юзлаб одамлар ҳам бирор жойда ишлар, улар ҳам жамиятнинг турли хил бўғинларига жавобгардир… бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Икки соатда мажлисдан чиққан солиқчилар ҳам ўз навбатида участкаларига бориб, мажлис қилишади. Мажлисдан чиқиб бозорга борган солиқчилар бозор мутасаддиларини йиғиб, мажлис қилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. У ерда мажлис, бу ерда мажлис.

Табиий савол туғилади: ярим кунни мажлисдан мажлисга, катта мажлисдан кичик мажлисга сарфлайдиган ходимлар қачон ишлайди? Тушликкача умрини ярми мажлисда ўтса, қолган ишларга қандай улгурилади? Ундан ҳам даҳшатлиси, кечаси ярим тунда ҳокимиятда кун ҳисоботи юзасидан мажлис бўлади. Тунги соат 23:00-дан 00:00 га қадар давом этади баъзида.

Чет эл фирмасида ишлаганман. Иш аъло даражада йўлга қўйилган эди. Ҳар бир нарсага алоҳида эътибор бериларди. Раҳбарлар ўз ишини ҳақиқий мутахассислари. Юздан ортиқ одам ишлашига қарамай, бирор марта мажлис бўлмасди. Бир йилдан ошиқ ишлаган вақтим давомида фақатгина бир марта мажлис бўлган. У ҳам ойлик, ҳисобот, кейинги йил режалари ва умумий гапириладиган гаплардан ташкил топган. Қолган вақт ҳамма ўз ишини билиб қиларди. Топширилган вазифа аниқ, ундан ортиғи талаб қилинмайди. Агар вазифа бажарилмаса ёки қандайдир муаммо туғилса, фақатгина ўша одам билан алоҳида гаплашиб, муаммо бартараф этиларди. Оммага умумий вазифа бўлса, смс орқали ёки ҳужжатлар устига «записка» ёзиб қўйиларди. Мен шуни англадимки, раҳбарият ишни тўғри амалга оширса, ишчиларини алдамаса, ўз мажбуриятларини бажарса, ҳар бир жойда ўз касбининг ҳақиқий мутахассислари ўтирса — мажлисга ҳожат қолмас экан.

Ундан бошқа ишлаган жойларимда, қолаверса, ўзим ишламасам ҳам ўша ерда ишлаганлар орқали эшитишим бўйича, ҳамаси эски тос, эски ҳаммом экан: Худонинг бермиш куни — мажлис! Айрим жойларда якшанба куни ҳам мажлис.

Бизнинг раҳбарлар шу даражада буюришни яхши кўрадики, «одам итга буюради, ит қуйруғига», дегандай ҳамма фақат буюради. Униси бунисига, буниси ўзидан пастдагиларига ва ҳоказо. Ишдан эса дарак йўқ. Ҳамма иш қоғозда аъло. Юқоридан пастга қараб, ҳамма бир-бирини алдаб юраверади.

Дарвоқе, ўзим ҳам ҳозир шу ёзилган нарсани мажлис баҳона, навбатда туриб ёздим. Ёзиб ҳам бўлдим, лекин ҳалиям кутяпман…

Саййид Ислом

 

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *