Махтумқули: “Ўғлон, Аллоҳ ёринг, боргил!”

Қилгин намозни

Одам ўғли, сенинг юрагинг дарддир,
Айланиб, ўргилиб қилгил намозни.
Бу дунё дегани – ҳанги эшакдир,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Намозинг ўқисанг, гўё пир каби,
Ўтириб-туришинг олғир шер каби,
Ёлғончининг моли ўтар сел каби,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Завқ дея, бўккунча емагил, ичма,
Бошингга тош ёғса, беш вақтдан кечма,
Олдингда тамуғ бор, ёлғонга учма,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Бу ерда тухумни сочаринг билгин,
Аллоҳга тан бериб, битарин билгин,
Ёлғончи беш кундир, ўтарин билгин,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

Махтумқули, сендан жавоб сўралар,
Бунда берилганлар, унда олинар,
Қиёмат-маҳшар кун кўприк солинар,
Айланиб, ўргилиб, қилгил намозни.

*****************************

Ҳолимга менинг

Карам айла, ё Раб, қудратли Субҳон,
Ғариб, ғамгин кечган ҳолимга менинг.
Ақлим ҳайрондадир, дилда пушаймон,
Билмасликда кечган солимга менинг.

Маҳшарда бўлмасанг Сен менга далда,
Ё Раб, нечук бўлар ишим шу ҳолда,
Имоним юкини етказган йўлда,
Йўлтўсар қўймагил, йўлимга менинг.

Дин қиличин урсам, танда зўрим йўқ,
Муҳтожга нон берар, қўлда зарим йўқ,
Фақирманам, сендан ўзга ёрим йўқ,
Бир тасалли бергин, кўнглимга менинг.

Истаса, тенг тўшлар бошга олтин тож,
Фақирлик мулкидан менга бергин бож,
Ё Яратган, номардга этма муҳтож,
Тилагим, дуч этма, золимга мени(нг).

Ожизманам, сендан ўзга кимим бор,
Ўз берган жонингга жабр этма, Жаббор,
Махтумқули айтар, карамли Ғаффор,
Боқма, қилганимга, феълимга менинг.

***************************************

Ҳар ёна

Ёрсизликдан ёмон иш йўқ,
Кўз солиб кезсам ҳар ёна,
Ё Яратган, бир ёр бергил,
Кўп машаққат тегди жона.

Бир ёр бергил, этли-қонли,
Кўнгли кенг, кўкси майдонли,
Дил билан ақлу камоли,
Юзи ҳам бўлсин кўркона.

Худо билмасга дуч этма,
Қадрсизга йўлдош этма,
Тил билмас, бало, жўш этма,
Садо, тил бўлсин – туркона.

Караминг кенг, банда ғофил,
Деярсан: «Дуо қил, қўл кергил»,
Не берсанг, тезроқ бергил,
Эътибор йўқдир бу жона.

Бўйи узун, паст бўлмасин,
Ҳатдан оша маст бўлмасин,
Ақлсиз, нокас бўлмасин,
Турк бўлсин, сўзлари дона.

Яхши мудом қўлга келмас,
Нодон хўпнинг қадрин билмас,
Сўққабошга миқдор бўлмас,
Дўнсанг ҳукму Сулаймона.

Дарвешларга йўлсизликни,
Йигитларга молсизликни,
Илоҳо, аёлсизликни,
Кўргизма ҳеч мусулмона.

Махтумқули, куйсам, пишсам,
Инонмаслар ўтга тушсам,
Ҳавасим бор, бир қиз қучсам,
Десам сўзимни аркона.

**********************************

Карам истарам

Аввал бошда қодир Аллоҳ,
Сендан бир карам истарам.
Бодом қобоқ, олма ёноқ,
Бир зебо санам истарам.

Тангри бермаса, нетайлик,
Бош олиб қайга кетайлик,
Ўтириш-туриш қилайлик,
Қошлари қалам истарам.

Ҳурмат, иззатга эришган,
Қадр-қимматга талашган,
Шодлик-қувончга ўрашган,
Юзлари кулар истарам.

Йигирма ёш ўтди мендан,
Ҳузур топмадим дунё сендан,
Сўзи ширин, лаби хандон,
Бир боғу чаман истарам.

Фироғий, келдим жаҳона,
Бир ёр бергил, ақли доно,
Тушдим, им билмас нодона,
Бир қадрим билган истарам.

*******************************

“Тургил” дедилар
(Tуш)

Бир кеча ётардим, туннинг ярмида,
Тўртта отлиқ келиб: «Тургил» дедилар.
“Хабардор қиламиз фурсат жойида,
Шул жойда эрлар бор, кўргил!” дедилар.

Назарим етишгач шу тўрт мардона,
Кўнгил жўша келди, бошим гардона,
Орасидан шунда икки девона:
“Турмасингдан, анда боргил!” дедилар.

Шул икки девона тутди қўлимдан,
Етаклаб кетдилар ётган ўрнимдан,
Бир ишорат бўлди анинг биридан,
“Сайронда борибон тургил!” дедилар.

Ўлтирдик, келди икки пирзода,
Кўзидан ёш оқар, дили дуода,
“Ҳув, Ҳақ!” дебон чекди олти пиёда,
“Одам энди келар, кўргил!” дедилар.

Тўртта отлиқ келди, бари сабзабоз,
Асолари яшил, оти қирғий, боз,
“Мажлис ҳалқасини қурманг бўйла оз,
Одам кўпдир, кенгроқ олгил!” дедилар.

Нурдан инди олтмиш отли орифлар,
“Муҳаммад” деб, тамом қарши юрдилар,
Соғлик-саломатлик бир-бир сўрдилар,
“Турманг, улуғ жойга юргил!” дедилар.

Бир отнинг ортига мени бердилар,
Сайронда шул жойга бориб турдилар,
Тамом ўлтирдилар, мажлис қурдилар,
“Ўғлон, менга, ора киргил!” дедилар.

“Алидир!” дедилар, тутди дастимдан,
Бўйра тўшагимни олди остимдан.
Мен билмадим, нима қуйди устимдан,
“Учраган даврондир, сургил!” дедилар.

Ҳайдардан сўрадим барин отма-от,
“Ҳазрати пайғамбар улдир, бўлма ёт,
Ул Салим хожадир, Бобо зурриёд,
Ул Вайсил Қарондир, билгил!” дедилар.

“Ул Баҳоуддин, ул ҳам бир эрдир,
Бири Занги бобо, ул-да номдордир,
Суюнишиб турган тўрт чориёрдир,
Мақсадинг не бўлса, айтгил!” дедилар.

Икки шайх ҳалқадан балқиди офтоб,
“Ўғлонга фотиҳа беринг – деди, соф –
Юз йигирма тўрт минг анбиё, асҳоб,
Бариси шулардир, билгил!” дедилар.

Расулуллоҳ айтди: “Ё Шоҳимардон,
Аё, Салим хожа, ё бобо Салмон,
Абубакир Сиддиқ, ё Умар, Усмон,
Бу қулнинг мақсадин, бергил!” дедилар.

Салим, бобо Салмон буюрди мардга,
Пиёлани тутиб, солдилар дардга,
Кетди ақл-ҳушим, ётдим шу ерда,
“Аршда, фаршда не бор, кўргил!” дедилар.

Ел бўлдим, етишди ернинг томири,
Назарга тўқинди Аршнинг камари,
“Жабруд оламида Жалил сирини –
Келиб, ўзинг қараб, кўргил!” дедилар.

Нени хаёл этсам, қўлга келтирдим,
Қайга боқсам, анга назар етирдим,
Бу ҳол ила мен фароғат ётардим,
Юзимга тупуриб: “Тургил!” дедилар.

Расуллулоҳ айтди: “Асҳоблар, юринг,
Ўғлонни кузатинг, фотиҳа беринг, –
Буюрди; тўрт от-ла, элтиб топширинг,
Уйғонган жойида қўйгил!” дедилар.

Уйғониб, Фироғий кўзин очибдир,
Бошига не кўйлар келиб, кечибдир,
Маст туядек оқ кўпиклар сочибдир,
“Ўғлон, Аллоҳ ёринг, боргил!” дедилар.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *