Президент танқид қилган мавзу журналист Тўра Мурод нишонида

Тўй ҳақида, тўйлардаги исрофгарчилик ҳақида, тўйдаги дабадабабозлик ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Қарорлар қабул қилинди, тавсиялар ишлаб чиқилиб, оммалаштирилди. Аммо натижаси сезилмаётгандек. Ҳаммаси аввалгидек, ҳатто аввалгидан ҳам ошиб тушмоқда.

Биз ҳам тўй ҳақида ёзмоқчимиз. Аммо шунчаки мақола эмас, бир босилиб, унутилиб кетадиган мақола эмас, Ўзбекистондаги ҳар бир юртдошимизнинг қалбига етиб борадиган, тафаккурини уйғотадиган, фикрлашга ундайдиган шундай мақола ёзмоқчимизки, натижа сезилсин! Мақолани эл ўқиб, муҳокама қилсин! Мақола оммани ғафлатдан уйғотиб, тўй ҳақида бир ечимга келсин! Керак бўлса, давлат, ҳукумат қонун билан тўйни меъёрга солсин!

Нега бу ишга бел боғлаганимизнинг сабабларини ва бизнинг энг катта мақсадимизни эса мақолани ўқигач, билиб оласиз.

 Дуоми қарғишми?

Ўзбек азалдан болажон халқ. Тўй-томошани севади. Тўй қилса, яқин-йироқдан барча қариндошларини, таниган-танимаганини чақиради. Тўйда кексалар дуо қилади:

− Топганинг тўйга кетсин!

Ана шу дуо қабул бўлди. Йиллар давомида тирноқлаб йиққанимиз бир кунлик тўйда кетаяпти.

Ана шу дуо аслида, дуоми, қарғишми?

Ўзбекнинг топган-тутгани фақат тўйга кетмаяптими? Тўйдан бошқа ишга пул орттиролмаётган ўзбек, минг кишига ош берган ўзбек тўйдан кейин арзимаган битта шамоллашини даволатишга пул тополмай, ўлиб кетмаяптими?

Тўй ўзбек миллатининг фожеасига айланиб кетмаяптими?

Арифметика дарси

Гапни ўзимизнинг ўзбеклар қилаётган Майамида, Дубайда, Ялтада ўтаётган, бутун бошли меҳмонхоналар, қимматбаҳо яхталар банд қилинадиган, бир неча юз минг АҚШ доллари сарфланадиган тўйлари ҳақидаги гаплар билан бошламоқчи эмасмиз. Гапни газета ходими сифатида, газета ўқувчиси бўлган миллионлаб оддий Ўзбекистон фуқаролари қилаётган ўртамиёна тўйлардан бошлаймиз.

Тўғрисини айтинг, ҳозир қўлингизда ўн минг доллар пулингиз бўлмаса, тўй бошлайсизми? Баракалла!

Ўзбекистон адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, бир йилда уч юз минг атрофида никоҳ қайд қилинмоқда. (2014 йилда 296.000 та, 2015 йилнинг тўққиз ойида 186.220та.) Бу 300.000 никоҳ тўйи дегани!

Энди озгина арифметика билан шуғулланамиз: 300.000 х 10.000 = 3.000.000.000. Демак, Ўзбекистонда фақат никоҳ тўйларига бир йилда ўртача УЧ МИЛЛИАРД АҚШ доллари сарфланаяпти экан. Келинг, буни сўмга айлантириб кўрайлик. Табиийки, “қора бозор” нархида: 3.000.000.000 х 8.000 = 24. 000.000.000.000.

Демак, юртимизда никоҳ тўйлари учун йилига ўртача ЙИГИРМА ТЎРТ триллион сўм сарфланаётган экан!

Уч юз мингта тўйдан кейин тенг ярми “чарлар” қилиб, унга икки минг доллардан сарф қилди, дейлик. Натижа салкам ИККИ ТРИЛЛИОН СЎМ.

Ўртача ЎН ТРИЛЛИОН СЎМга суннат тўйлари бўлаётган бўлсин, дейлик.

Демак, Ўзбекистонда бир йилда никоҳ тўйи, “чарлар” ва суннат тўйларига ЎТТИЗ ОЛТИ ТРИЛЛИОН СЎМ сарфланаяпти экан. Фотиҳа тўйларини, “Нон синдирди”, “Сомса келди”, “Либос кийди” маросимларини санамадик. “Келин салом”, “Куёв салом”ларни ҳисобга ҳам қўшмадик. Бир ой Рамазонда тўйдан кўп бўладиган, бир тўйнинг пули ишлатиладиган ифторликларни бу ҳисобга қўшмадик. Қўшсак, ЭЛЛИК ТРИЛЛИОН СЎМ пулни Ўзбекистон аҳолиси фақатгина ўйин-кулгуга сарфлаётганига амин бўлардингиз.

Ана шу харажатни беш баравар камайтирсак, нима бўлади?

Ўзбекистон халқи йилига ҚИРҚ ТРИЛЛИОН СЎМ пулни ЎЗИДА сақлаб қолган бўлади. Йилига халқимиз қирқ триллион сўмга бой бўлаверади. Бу пул давлат бюджетидан олинмайди, чет элларнинг банкидан қарзга олинмайди, бировга сарғаймасдан, бор-йўғи тўйлардаги сарф-харажат ва дабдабани беш марта камайтириш билан бунга эришилади.

Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистон халқи йилига ўша, иқтисод қилинган ҚИРҚ ТРИЛЛИОН СЎМ пулни ўз фарзандларининг билим олишларига, даволанишларига, дам олишларига сарфлашса, нима бўлади?

Ўзбекистон дунёда тенги йўқ мамлакат, дунёда энг илғор давлат бўлиб кетади!

Аммо ўзбеклар ҳозирча, наҳорда ош, саҳарда ош, куни билан, туни билан тўй еяпти, ўйин-кулгу қилаяпти!

Ватандошимизнинг эътирофи

Ўзбекистон мустақил бўлгач, турли сабаблар билан Ватандан чиқиб кетган юртдошларимиз Ватанга кела бошладилар. Жидда шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошимиз Самарқандга ташриф буюрди. Жума намозида микрофонни олиб, юртдошларимизни Ватанимиз мустақил бўлгани билан табриклади.

Бир ой ўтиб, сафари ниҳоясига етган ватандошимиз яна микрофонни сўраб олиб, шундай деди:

− Ватандошларим, мустақил бўлибсизлар, ҳур бўлибсизлар, муборак бўлсин! Аммо бир гапни айтиб кетай, сизлар яқин орада бой бўлмайсизлар! Нега? Мана, бир ойдан бери Ўзбекистонда юрибман. Ҳар куни саҳардан тўй, кундузи тўй, кечаси тўй. Минг кишилик тўйларни кўрдим. Ахир бу очиқдан-очиқ исроф, ношукурчилик-ку? Минг кишига ош берганинг билан эртага ўша минг киши “Фалончи зўр тўй берди”, дея овқат емаса экан. Яна ейди. Биз ҳам тўй қиламиз. Суннат тўйларимизда ўттиз кишини чақирамиз. Никоҳ тўйларимиз каттароқ бўлади. Чунки унда икки оила қариндош бўлади. Шунинг учун никоҳ тўйларимизда қирқ киши иштирок этади. Минг кишига ош бериш Фиръавнга ўхшаб Худоликни даъво қилган сингари, ширк ва ношукурчиликдан бошқа нарса эмас. Одамларнинг ризқини сиз эмас, Аллоҳ беради.

Ўша ватандошимиз мустақилликнинг илк йилларида келган эди. Бугун келса, нималарни кўрарди? Нима дер эди?

Бугунги никоҳ тўйлари

Бугун никоҳ тўйлари тўй эмас, шоу, фестиваль.

Самарқанддаги никоҳ тўйларида дабдабабозлик ҳаддан ортиб кетаётганлиги учун вилоят ҳокими махсус йиғилиш чақириб, тўйлардан олинган суратлар, видеотасвирларни кўрсатиб, тўйларда нималар бўлаётганини таҳлил қилди. Бу йиғилиш вилоят телевидениеси орқали намойиш этилди. Унда тўйларда ниҳоятда кўп одам иштирок этаётгани, минг кишилик, ҳатто бир ярим минг кишилик тўйхоналар одамлар билан тўлаётгани, келин билан куёв тушган қимматбаҳо машиналар шаҳарда ҳаммага халақит бериб, кўчаларни бутунлай эгаллаб олиб, баланд сиреналар чалдириб, халқнинг тинчини бузаётгани, йўлда фалокат рўй беришига сабаб бўлаётганликларини, айрим ҳаддидан ошган тўйчилар мислсиз катта фейерверклар қилаётганини, бир неча миллион сўмлик тўй альбомлари, видеофильмлар қилаётганини, тўйхоналардаги шовқиннинг зўрлигидан ўтириш амримаҳол эканини айтиб ўтди. Йиғилиш сўнгида тегишли идораларнинг раҳбарларига тўйларда одам сони уч юздан ошмаслигини, келин-куёвлар минадиган машиналар сонини, тўйхонадаги овоз кучайтириш мосламаларининг баландлигини назорат қилишларини вазифа қилиб топширди. Тўйхоналарда шовқин ўлчагич асбоблар ўрнатилишини шарт қилиб қўйди.

Афсуски, ҳоким вазир бўлиб кетди-ю, ўрнига келган бирор ҳоким ўша қарорнинг натижаси билан қизиқмади ҳам. Дабдабалар эса, ундан ҳам баттар давом этмоқда.

Кошки эди, бунақа ҳаддидан ошишлар фақат Самарқандда бўлса. Ҳамма шаҳарларда, ҳатто қишлоқларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас.

Бугунги никоҳ тўйларида ҳар биримиз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган антиқа ишларга гувоҳ бўлаяпмиз. Қаранг, келин билан куёвни тўйхона ташқарисидан то келин-куёв ўтирадиган “тахт”гача қуллар, ҳа-ҳа, ишонаверинг, тўрттадан қул тахтиравонда кўтариб, олиб боришмоқда! Бунақасини қадимги подшоҳлар ҳақидаги киноларда кўрар эдик. Келиннинг “қадамига гуллар сочилмоқда”, ён-атрофларида оловли фавворалар отилмоқда.

Тўйга авваллари ният қилиб, машҳур ҳофизларни чақиришарди. Улар тўй эгаси кўнглидан чиқариб берган пулни олиб кетишарди. Кўпинча ўртадан тушган пулга қаноат қилишарди. Бугунги тўйларга айтилган, айтилмаган ўнлаб ҳофизу, ҳофизалар ташриф буюришмоқда. Уларнинг бахтига фонограмма деган нарса бор. Концертлар, телевидениеда чиқишлар, катта байрамлар майли эди, энди тўйларда ҳам бирорта хонанда жонли қўшиқ айтмай қўйган. Яқинда Самарқанддаги тўйга бир “жуфтлик” келди. Келин кириб келаётганда “Келибдиё-келибди” деган қўшиқни бошлаб юборишди. Ажабландим, йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам овози худди Фаррух Зокировга ўхшар эди. Суриштирсам, улар уялмай-нетмай, Ф.Зокировнинг фонограммасига оғиз қимирлатиб туришган экан. Юзсизликнинг ҳам чегараси бўлсин экан! Яна “фонандалар”нинг ҳар бирининг “бирров” ташрифи фалон доллар!

Ҳозир биргина Самарқанднинг ўзида “Ўзбекнаво”, “Муҳаббат наволари”, “Регистон наволари”, “Тўй наволари” каби антиқа номдаги ўнга яқин тўйингизни артистлар билан таъминловчи ва фақат шу иш билангина бой бўлаётган фирмалар бор. Уларнинг рекламаларини кўрсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз: “Тўйингизга Юлдуз Усмоновадан тортиб, Алла Пугачёва-ю, Женефер Лопасгача, Шерали Жўраевдан тортиб, Филлип Киркоров-у, Тото Кутуниогача олиб келиб берамиз. Сизнинг пулингизга сизнинг тўйингизни бетакрор қилиб берамиз!”

Тўйларда рақс гуруҳларнинг табриклари анъана бўлиб қолди. Бу тўйчининг ихтиёридан ташқари. Тўйхона ҳисобидан дейишади, баъзилари. Аммо уларнинг ҳам хизмат ҳақи олинади. Ўша рақс табрикларининг аксариятини шайтон кўрса, шайтон бўлиб юрганидан уялиб кетарди. Бир тўйда саккиз қиз шунақа табрикка чиқди. Саккиз қиз чиқдими, саккиз сув париси чиқдими, саккиз балиқчи чиқдими, билолмадим. Уларнинг эгниларида фақатгина балиқчиларнинг тўри бор эди, холос! Тўр ҳам катта балиқларнигина тутадиган тўр!

Тошкентга тўйга бордим. Ўшанақа раққосалар тўрт марта чиқиш қилди. Учтаси ҳиндча, биттаси лўлича. Тошкентда неча фоиз одам ҳинд, неча фоизи лўли эканини ҳисоблай олмадим…

Яқинда бир тўйга гувоҳ бўлдик. Катта бассейн атрофида ўтган тўй давомида сувда синхрон сузиш усталари бўлган қизлар “табрик” қилиб туришди. Сувдан гоҳ бошлар чиқади, гоҳ оёқлар, гоҳ …

Нима дейсиз, тўй эгаси шунақасини яхши кўрар экан-да!

Қурилишда ғишт, цемент каби ашёларни ҳов, тепага чиқариб берадиган “кўтарма кран”да тўйхонага “туширилган” келин-куёвни кўрганмисиз? Ана шу келин-куёвлар бизга ўн икки қаватли уйнинг баландлигидан юз дона чиннигул отишди. Пастдагилар эса улар тарафга қарата юзта мушак отишди. Шунақа қилишса, юз йил бахтли умр кўришармиш. Кўришсин, аммо техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилишни ҳам унутишмасин!

Куни кеча, Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг нутқидан янги нарса – Тошкентда “Келин навкар” чиққанини ҳам эшитдик. “Олдин куёв навкарлар бўларди, энди бунақаси ҳам чиқибди. Келин 10 нафарча дугоналарини бир хил кийинтириб, келин навкар бўлар экан”, деди президент.Шу йиғилишда давлат раҳбари тўйларни ортиқча ҳашамларсиз ўтказиш учун бош вазир А.Арипов ва бош вазир ўринбосари Т.Нарбаевага тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш бўйича вазифа ҳам топширди.

Тўй бизнеси

Бугун тўй Ўзбекистонда энг зўр бизнесга айланди. Тўйни бугун тўй эгалари, келин ё куёв ёки, қадимдагидек, совчилар белгилашмайди. Тўйни, унинг кунини, тартибини, ундаги сарф-харажатларни тўйни ташкил этувчилар белгилайди. “Йўқ, мен ўзим ҳал қиламан!” деб борган мардлар ҳам тўйхонага боргач, қандай қилиб уларнинг домига илинганини билмай қолади.

− Акажон, ҳаммасини бизга қўйиб беринг, тўйингизни бир умр эсда қоладиган қилиб ўтказиб берамиз, хурсанд бўласиз! – дейди улар. – Тўйга иккита карнайчи, иккита сурнайчи, ноғорачи, доирачи чақирамиз. Тўйхона ташқарисидан то келин-куёвнинг тахтигача гуллардан пояндоз тўшаймиз. Тўйни видеофильм қилиб берамиз. Бор-йўғи минг долларга тушадиган бу фильм бир умрга эсдалик бўлиб қолади. Келиннинг бўянишидан бошланадиган бу фильм унинг ётоғига куёвнинг кириб келиши, келинни тўшакка ётқизиши билан ниҳоясига етади. Фильмда сиз, ота-оналарни ҳам кўрсатамиз. Сизлар ҳовлида “Ҳаммаси яхши ўтсин!” деб дуо қилиб юрган бўласизлар. Беш юз долларгинага шундай фотоальбом қилиб берамизки, кўрган дўсту-душманингиз ҳасаддан куйиб ўлади. Унинг биринчи бетига янгам билан тушган сизнинг суратингизни қўямиз. Минг кишига мана бунақа тўрт хил, истасангиз, беш хил таомлар тортамиз. Охирида йогурт ва музқаймоқ ҳам берамиз. Меҳмонларингиз маза қилиб еб-ичиб, яйраб, сизни мақтаб кетишади.

− Йўқ, мен камроқ одамга, камчиқим қилиб, тўй қилмоқчи эдим, − дейсиз.

Аммо тўй ташкилотчилари “қитиқ патингиз”га тегишади.

− Яхши, унақа вариантимиз ҳам бор, аммо нариги ҳафта қўшнингиз (маҳалладошингиз, ҳамкасбингиз, …) Фалончи минг кишилик тўйни бизда худди мана шундай қилиб ўтказди. Ана, ҳамманинг оғзида ўша тўйнинг таърифи-да, акажон.

Ана шунда “ўзбекона ориятингиз” қўзийди-да.

− Менинг Фалончидан кам жойим борми? – дейсиз. – Нима қилсанг, қил, Фалончиникидан зўр бўлсин!

− Э, яшанг! – дейди ташкилотчи ўзини сизга яқин олиб. – Бу томонини бизга қўйиб беринг! Тошкентдан зўр артистларни чақирамиз. Раққосаларнинг “ёндираман” дейдиганларини чақирамиз. Тўйхонани энди очилган атиргуллар билан, замонавий шарлар билан безатамиз. Фейерверкнинг зўри сизнинг тўйингизда бўлади. Келин-куёвга шунқанги кортеж юборамиз-ки, ҳали бунақаси шаҳарда бўлмаган. Келинга янги чиққан кўйлак бор, унга қадалган мунчоқнинг ўзи нақд етти кило. Исроилдан олиб келганмиз. Бир кеча кийиши бор-йўғи минг доллар бўлади. Сизнинг тўйингизга антиқа таклифномаларни тавсия қиламан. Донаси бор-йўғи эллик минг сўм турадиган бу таклифномаларни меҳмонларингиз узоқ йиллар эсдалик сифатида сақлаб қўйишади.

Уёғи нималар бўлишини тасаввур қилаётгандирсиз?

Яқинда ана шундай тўй ташкилотчиларининг бири билан суҳбатлашиб қолдим. Минг кишилик тўйхона қурган бу йигит ярим миллион долларга тўйларда келин-куёвлар минадиган машиналар сотиб олганини айтди. Битта узун қора машинасининг ўзи юз минг доллардан ортиқ турар экан. Бу машинани бир соат “катайса” қилиш куёвга икки минг долларга тушаркан. “Тинчлик бўлиб турса, ярим йилда харажатим қопланади”, дейди.

Ишқилиб, тинчлик бўлсин! “Тинчлик бўлса”, бу йигит машиналарнинг ўзидан бир йилда бир миллион доллар (Олтмиш миллиард сўм) топар экан-да! Бахтингга шу машиналарингга минадиган аҳмоқлар бор экан, қандингни ур!

Яна бир хизмат йўлга қўйилди: келин-куёвларга, энди уларнинг ота-оналарига ҳам тўйда вальс тушишни ўргатишаяпти. Бор-йўғи юз доллар эвазига! Ана, ҳунари ўтмай қолган раққосаларга ҳам бу бизнесда иш топилди.

Самарқандда янгича савдо нуқталари очилган. Уларда кечаси, тўйдан кейин то куёвнинг уйигача ёқиб бориладиган юрак шаклидаги катта-катта машъалалар сотилади. Пиротехника воситалари, мушаклар сотилади. Уларни сотиб олган куёв ва куёвнавкарлар тунги соат бир-иккиларда ўша машъалаларни ёқиб, мушакларни отиб, айни ухлайдиган соатларда маҳалла аҳлининг, кексаларнинг тинчини бузиб, ўзларича шўхлик, аслида, қип-қизил жинниликлар қилишади. Уларнинг тунги соат иккида бақириб айтган алмойи-алжойи “Ёр-ёр”ларидан ўша соатда эндигина ором олаётган беморлар, оғир хасталик билан курашиб ётганлар қанчалик безовта бўлишини, озор топишини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Энди айтинг, тўй бизнесичалик жадал ривожланаётган, ютқизмайдиган, ўтган йилгидан кам даромад қилмайдиган бирор соҳа борми? Йўқ! На қишлоқ хўжалиги, на саноат, бирор соҳа, ақалли савдо, тижорат соҳаси ҳам бунчалик ривожланмайди. Ана шунинг учун ҳам бу бизнеснинг бошида кичик одамлар тургани йўқ. Ақлли, қўли узун, пулдор, ўзбекларнинг психологиясини яхши билган одамлар бу соҳани монополистик индустрияга айлантириб олишди!

 

Тўйдан кейин

Яширмасдан, тан олиб айтинг, “Отдан қолма, эшагим”, деб, “Эл қатори тўй қиламан”, деб, “Фалончиникидан кам қилмайман”, деб бир кунлик тўйни дабдаба билан ўтказиб, тўйдан бир ой ўтиб ё ўтмасдан куёв ҳам, баъзан куёвнинг отаси ҳам бўйнига илинган миллионлаб қарзини тўлаш учун пул топиб келиш мақсадида Россияга кетаётганини кўрмаяпсизми?

Мен кўраяпман, эшитаяпман. Таҳририятларга келаётган юзлаб мактубларда ана шундай оилалар бузилиб кетаётгани афсус ва надоматлар билан баён этилмоқда. Уйда қолиб, бир ойгина келинлик гаштини сурган келин эрини йиллар давомида қайтиб кўрмаса, устига қайнона, қайинсингилларнинг фитнаси билан юзма-юз қолса, ким кафолат беради, унинг остона ҳатлаб, кўчага чиқмаслигига? “Келин бўлиб нима кўрдинг? Ёшлигинг ўтиб кетаяпти, кел, ўйнаб қол, яйраб қол!” деб имлаётганларнинг даъватига “кўниб қўймаслиги”га?

Адлия вазирлигидан олган маълумотимизга кўра, йилига ўртача ўттиз минг никоҳ бекор қилинаяпти экан. Бу ҳар ўнта оиладан биттаси барбод бўлаяпти, дегани! Биз юқорида таърифлаган дабдабали тўйларнинг ЎН ФОИЗИ бекор бўлаяпти, уларга сарфланган миллиардлар ҳавога учиб кетаяпти, дегани!

Бузилаётган никоҳларнинг акасариятига куёвларнинг бўйнига тўйда илинган қарз сабаб бўлмоқда.

Бой мамлакатларнинг тўйларида

Арабларнинг тўйида иштирок этдик. Биздаги асъаса-ю, васвасани кўрмадик. 30-40 киши келин-куёвни табриклашди, ширинлик еб, сув ичиб, ёшларнинг ҳақига дуо қилишди. Куёв келинни ўз уйига олиб кетди. Биз, Ўзбекистондан борганлар тўй қизишини, арабларнинг Озодбеги келишини, тўрт-беш хил таомлар келишини кутиб ўтиргандик, тўй тугагани айтишди.

Истамбулда тўйда қатнашдик. Ўттизтача киши ташриф буюрган тўйда битта каттароқ торт ва шарбатлар бор эди, холос. Келин-куёвни табриклаган меҳмонлар бир бўлакдан торт еб, бир финжондан шарбат ичиб, кетавердилар. Истаганлар келин-куёв билан суратга тушди. Бойнинг тўйи бўлгани учун Иброҳим Татлисас, Мустафо Сандал, Сардар Ўртач, Таркан деганларининг ҳаммаси “бирров”га келса керак, деб умид қилгандим. Магнитафондан тўртта мусиқа янгради, холос!

Хитойда яшаётган диндошларимизнинг тўйи каттароқ бўлди. Эллик кишига дастурхон тузалди. Ҳаммага бир косадан лағмон тортилди. Шундан кейин келин-куёвнинг ҳақига дуо қилинди.

 Нима қилмоқ керак?

Тўй қилишдан мақсад нима эди?

Икки ёшнинг никоҳини билдириш эди. Буни икки оила ва уларнинг энг яқин қариндошларига билдириш етарли. Бутун дунёга жар солиш шарт эмас! Минг кишини йиғиб, ўзини, бойлигини, қўли узунлигини кўз-кўз қилишнинг асло ҳожати йўқ!

Биз барча юртдошларимиз мушоҳада қилиб кўришлари учун қуйидаги тавсияларни тақдим этамиз:

  1. Тўйлар оилавий байрам бўлсин, унга оиланинг энг яқин қариндошларигина таклиф этилсин;
  2. Тўйларга юз кишидан ортиқ одам чақирилмасин;
  3. Минг, икки минг кишилик тўйхона қурганларнинг кошоналари давлат ихтиёрига сотиб олиниб, улар музей, кутубхона, ўқув марказларига айлантирилсин;
  4. Тўйларда БИТТА санъаткор РАҚҚОСАЛАРСИЗ хизмат қилсин;
  5. Тўйларда бир хил таом берилсин;
  6. Тўйларда ароқ қўйилмасин;
  7. Тўйлар бир соатдан ортиқ чўзилмасин;
  8. Янги тўйхона қуришга рухсатни ҳокимиятлар эмас, ўша жойдаги маҳалла берсин;
  9. Бу қоидаларни бузган кишилар катта жаримага тортилиб, тўйлари телевидениеда кўрсатилсин;
  10. Тўйдан кейинги “тўйчалар”нинг ҳар қандай номдагиси таъқиқлансин!

Буни ким қилади?

Бу тавсиялар кўп берилди, айтилди, ёзилди, кўрсатувлар қилинди, катта йиғилишлар қилинди ва ҳоказо. Демак, айтган билан, ёзган билан бўлмас экан. Бу муаммони йиғилишда ҳал қилиб бўлмас экан.

Демак, юқоридаги тавсияларни давлат қонун билан тасдиқлашига, шу талаблар бажарилишини назорат қилишига, бу талабларни бажармаганларни жазолашига эришмоғимиз керак!

Бунинг учун ҳар сафар бундай мақолани ўқиганда, “Тўғри ёзибди, раҳмат!” дейдиган, эшиттиришни эшитганда, кўрсатувни кўрганда “Баракалла, отангга раҳмат!” дейдиган миллионлаб одамлар, яъни халқимиз ана шу нарсани давлат раҳбарларидан, қонун қабул қилувчи парламентдан талаб қилиши керак.

Мен шу масалада, керак бўлса, умумхалқ РЕФЕРЕНДУМини ўтказишга чақираман!

Ҳозир менинг талабларим кўпчиликка кулгули туюлаётгандир, балки хомхаёл, амалга ошириб бўлмаётган иш туюлаётгандир, аммо, билиб қўйинг, “ХАЛҚ КУЧДИР, ХАЛҚ ДЕНГИЗДИР”! Халқ бирлашиб, биз кўзлаётган мақсадга эришсак, Ўзбек халқининг келажаги, ёш авлод келажаги учун энг буюк хизматни қилган бўламиз!

Мен ХАЛҚни шунга даъват қиламан!

Азиз юртдошларим! Ўз фарзандларимиз келажаги учун шу ишни қилайлик! Бир кунлик тўй учун сарфлаб юбораётган миллионлаб маблағимизни уларни БУЮК қилиш учун сарфлаш мақсадида тўйларни ОИЛАВИЙ БАЙРАМ даражасига олиб келайлик! Унда фақат икки оила вакилларигина иштирок этишига эришайлик!

Ана шунда биз бой бўламиз! Ўзбекистон бой бўлади!

Фарзандларимиз яна дунёни лол қиладиган фарзандлар бўлади!

Тўра Мурод

6 комментариев

  1. 1915 буюк Узбек алломаси Бехбудий хазратларини айтганлари эстмга тушди: агар халкимиз туй ва маракаларга кетгазган акчаларини илим марифат ва дин йулига сарфлаганларида эди юртимиз оврупо тараккий этгандек илгари кетади деган эдилар.
    Бунга карийб 102 йил булибти. Жаноб Тура Мурод оху долингизни халкимиз Бехбудий хазратларини эшитмагандек сизни хам эшитмаса керак!

    1. Aslida xalq eshitishini kutib o`tirish shartmas. Aqli bor odam o`zi xulosa chiqarib amal qilaveradi. Men to`yimga qo`shiqchi aytmaganman. To`ydan keyingi «to`ycha» larning ham birontasini qilganim yo`q. Hudoga shukr buning uchun jinoiy yoki ma`muriy javobgarlik belgilanmagan ekan. Jarima ham to`lamadim, ozodlikdan ham mahrum qilinganim yo`q. 😀

    2. Abu Abdulloh илим булмаса ак,ил к,аердан булсин! Сиз хам бу хулосага узингизча келмагандирсиз?! Укигансиз ургангансиз устозларингиз ургатишган шундан кегин уйлангансиз. Аллох хам одам атога акилни берди ва шунга яраш юа уз илмидан ургатди.

  2. Тўра Муроднинг фикрларини қисман қўллаб қувватлайман. Нима учун қисман.
    1.Тўйчилар тўйдан қилинган иқтисодни албатта бошқа ҳою ҳавасларга ишлатишади. Агар етишмаса ўзлари янги ҳою хавасларни ихтиро қилишади. Аталган пулларни сарфламагунча кўнгиллари тўлмайди уларнинг.
    2. Тўй қилиш дегани тинмай меҳнат қилиб пул топиш дегани. Агар тўйни биз камҳарж ҳолга келтирсак, бу қуруқ керик тўйчилар мехнат қилмай қўйишлари ҳам мумкин. Озроқ пулни топадида тўйни ўтказади ва яна илгаригидек ҳаёт тарзини давом эттираверади. Хозир тўй қилишдан аввал уй қуриш лозимлигини ҳамма билади. Тўйдан кейинги машмашалар учун ҳам мехнат қилиш лозим. Камбағал бойдан нимам кам қабилида иш тутиб, чиройли қоматини чирантириб узумнинг зангига айланса рози бўладики, имкониятига яраша тўй қилмайди.
    3. Бойлар тўй қилса, ҳалқ, яни маҳалла кўй, таниш билишлар бир тўйиб яйрашиб олишадилар. Агар катта тўй бўлмаса уларнинг пули ўзларида қолади. Шунинг учун бадавлат одамнинг тўйида ёшларга янги бир корхона куриб совға қилинса, биринчидан мамлакат иқтисодиётига фойдали, қолаверса бир неа одамга иш жойи очилади. Ана шуни мажбурий қилиш керак. Агар бошқача қилиб, етимхоналарга, қариялар уйларига, шифохоналарга хайрия учун пул ажратиш ҳам мумкин. Ёки бирор фондга мажбурий пул ўтказилсагина бойларнинг фарзандларини никох қилиш ва хоказолар. Ёки битта бойнинг тўйига 2та қўли юпқа оиланинг ҳам тўйини бирлаштириб ўтказиш ҳам бўлиши мумкин.
    Бунақа таклифларни истаганча топиш мумкин. Лекин??? булар самара берадими деган саволга жавоб йўқ хозирча.
    4. Мамлакат миқёсида бунинг учун Президентдан тортиб то махалла оқсоқолигача бир хил сиёсат олиб бориш керак бўлади. Аста секинлик билан.
    5. Бунинг учун аввало барча тармоқларда коррупцияни йўқ қилиш керак. Текин пул бор экан шайтоний ҳирсу ҳавас инсонни бўйнидан бўғиб турган қўлларини бўшатмайди.
    Шунга ўхшаш таклифларим кўпу лекин бугунги кунда қалби кибру ҳавога ўч бўлган одамларга бу гапларнинг кераги йўқлигини билиб туриб ёзишим лозиммикан деб гапларимни тугатаман.

  3. Яхши бир йули бор,туйларда исрофгарчиликка йул куйганларга ибрат учун яхшигина штраф езиб, пулни уша захоти махалла етимларига булиб бериш керак.Хеч булмаса бир савоб иш килинади…

  4. Бу муаммолар касаллик эмас, шунчаки «симптом». Касаллик эса савия пастлиги. Мана шу савия пастлигини даволашимиз керак. Буни даволаш эса битта катта, кучли зарба билан ҳал бўладиган иш эмас. Узоқ курашиш зарур ва минглаб, балки миллионлаб кичик зарбалар зарур. Шу жумладан, юқоридаги мақола ҳам яхшигина зарба бўлибди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *