Халқ вакилисиз, кўзингизни очинг!

Депутат дегани аслида ким? ХАЛҚ сайлаган, ХАЛҚ ишонч билдирган оддий ХАЛҚ хизматкори эмасми? Унинг (депутатнинг) бугунги унвонию, қўлга киритган ютуқлари, қўйингки, барча бойликлари ана шу халқнинг, яъни сизнинг, менинг, унинг, бунинг билдирган ишончи, берган овози орқали қўлга киритилган эмасми? Бугунги кунларда Президент минбарга чиқиб, аччиқ ҳақиқатларни — долзарб муаммоларимизни, чиркин иллатларимизни ва бор камчиликларимизни бот-бот такрорлаб, «Мендан бошлаб биз барчамиз халққа хизматкормиз!» деб айтаётган бир пайтда, «Миллий тикланиш» партияси депутатининг очиқ-ойдин президент бошига кўтараётган шу халқни алдаб ўтириши инсофданми? Умуман, Шавкат Мирзиёевнинг бугунги талабларига жиддий ёндошмаган депутату-амалдорларга «чиқиш эшикларини» кўрсатиш вақти келмадимикин? Қуйида шу мавзуда Гўзал Рўзиева ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

 

Депутатлар ва сенаторлар қонунчилик тизимида халқ номидан иш кўришини, яъни оддийгина қилиб айтганда, халқ вакили эканлигини барчамиз яхши биламиз. Аммо, сенатори чиқиб, халқнинг саводини чиқарувчи ўқитувчилар ҳақида гапира туриб, кўча тозалаш ишини шулардан бошқа ким қилади, қабилида гапирса, неча йиллардан бери партияни бошқариб келаётган лидери бўлса, ўзини қачонлардир сайлаган халқдан уялмай ҳеч нарсани билмаслигини тан олса — давлат раҳбаридан «мастер-класс» ўтиб беришини сўраб, маддоҳлик қилса, бунга кулишними-йиғлашними билмай турган пайтингизда, бошқа депутати чиқиб, гапи ёлғонлигини кўз қисиб, ўзи исботлаб турса… қайга бориш керак? Халқ вакили бўлиб, халқнинг номидан иш қилиши керак бўлган кишилар шундай даражага етиб келган бўлишса, халқ дардини кимга айтсин?..

“Бор, депутатнинг роли бор” дея сўз билан таъкидлаётган, амалда эса аксини қилаётган, халқ олдида ҳар беш йилда бўладиган сайловлардан бошқа жойда кўринмайдиган депутатларнинг виждони борми, кўзи қаерда? Шуларни биз сайлаганмизми? Нима учун сайлаганмиз ўзи? Халқнинг номидан иш кўриб, халқум учун яшайдиган “халқ вакиллари”нинг уруғи қаердан кўкариб чиққан? Саволлар кўп, аммо жавоби йўқ…

Аслида “Миллий тикланиш” демократик партияси депутати Дилфуза Жалилованинг эфир вақтидаги ҳатти-ҳаракати шунчаки кулгуга олиб кетиладиган ҳатти-ҳаракат эди, холос. Аммо, нега бунчалик оммавий нишонга сабаб бўлгани одамни ўйлашга мажбур қилади. Демак, бир қошиқдан берса тўйдирадиган, бир шапатидан урса ўлдирадиган халқнинг сабр косаси тўлган, унинг номидан иш кўрувчи депутатлар-у сенаторлар каби номи улуғ, амалда қуруқ вакилларидан аллақачон ҳафсаласи пир бўлган. Аммо, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор.

Ҳурматли “халқ вакиллари”! Кўзни қисиб яшаш вақти ўтди, энди кўзни очиш, ҳеч бўлмаса кейинги фаолиятингизда халқнинг ишончини оқлаш, сайловлар жараёнида халққа берган ваъдаларингизни бажариш фурсати аллақачон етиб келди. Соф виждон билан эслаб кўринг, ўз сайловчиларингизнинг қай бири ўз дарди билан охирги марта сизнинг ҳузурингизга борди? Ўша виждон билан яна хотирланг, сайлов жараёнида фалон-фалон ишлар билан шуғулланамиз, фалон йўлларни тузатамиз, фалон даволаш пунктларига янги жиҳозлар келтирамиз деган, яна кўп ваъдалар берган қайси сўзингизнинг устидан чиқдингиз, сизга ишонч билан овоз берганларнинг қайси оғирини енгил, қай мушкулини осон қилдингиз? Нега одамлар ўз муаммолари билан гурра-гурра халқ қабулхоналарига боришяпти? Аввало халқнинг ўзи сайлаган, унинг муаммосини ечиш учун тайинланган депутутатлар бор жойда нега халқ қабулхоналари ташкил қилинди?

Шу саволлар мияда айланиш асносида маърифатпарвар шоир Чўлпоннинг машҳур мисралари беихтиёр ёдимга тушди:

«Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ оловдир, халқ исёндир, халқ ўчдир…»

Халқнинг сабр тоқати тўлиб борса, ҳеч ким танимайдиган “кўзқисар”(Д.Жалиловани рус тилидаги сайтларнинг бирида “подмигивающая” деб номлабди, шундан таржима қилдим) вакилларини бир кунда машҳур қила олишини ижтимоий тармоқлар кўрсатиб берди. Демак, халқ хоҳласа — мисқоллаб тўплаган обрўингизни бир кунда йўқотишингиз мумкин. Бундан буёғига кўзни қисиш эмас, очиш керак!

Гўзал Рўзиева

12 комментариев

  1. Бу депутат хотини козини эмас котин кисиб койиш керак башараси этиб турибти афирислиги факат ози уч озини лавозимидан фойдаланадигалиги кориниб турибти

  2. Кўзингизни каттароқ очиб, ғафлатдан уйғонинг жаноб депутатлар!
    Депутат Дилфуза Жалилованинг телеэкранда «боплабдимми?» дея кўз қисиб қўйганига оддий фуқоролар бефарқлик қилмай ўз муносабатларини билдираётганлиги таҳсинга лойиқ. Негаки бефарқлик жамиятни емирувчи энг хавфли иллат. Энг ёмони депутат хонимнинг қилиғига шу пайтгача на Миллий тикланиш партиясининг, на Олий Мажлиснинг расмийлари тамонидан ҳеч қандай муносабат билдирмай оғизларига талқон солиб олганликларини қандай баҳолаш мумкин. Балким улар «ит ҳураверади, карвон ўтаверади» деб халққа бўлган «ҳақиқий» муносабатини билдираётгандир. Балким кўз қисиб, «бопладиммми» дейиш Олий Мажлис депутатлари учун оддий одатий ҳолдир. Балким шармандали бу одобсизлик ва халққа билдирилган ҳурматсизлик ҳолатига ПРЕЗИДЕНТИМИЗ муносабат билдирсагина «сайраш» компаниясини бошлаш мумкин деб ўйлашар. Акс ҳолда бу ҳолатга ақалли бирон бир расмий ёки депутат муносабат билдирган бўларди. Кўзингизни каттароқ очиб, ғафлатдан уйғонинг жаноб депутатлар, сизни оғзингизни ҳеч ким тикиб қўйгани йўқ. Токи Юртбошимиз бирон бир муоммога муносабат билдирмаса, мум тишлаб олиш керак деган замонлар ўтди.

  3. Дилфуза Жалилова Қарши давлат Университети қошидаги 1- АЛ директорими? Лицейда эркак- аёл, ўқувчиларни русчалаб сўкадиган хотинми? Агар ўша киши бўлса, бу кўз қисиш Sarvarbek Yuldashev: 12.08.2017 в 23:59 айтган вазиятку!!!!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *