Кутубхонага қулф османг!

Қадимдан китоб ўтмиш ва келажак ўртасида маънавий кўприк вазифасини бажарган. Одамлар матнларни аввал ҳайвон териси, кейинчалик матоларга битган. Замонлар оша бу соҳа ривожланиб, қоғоз кашф қилинди. Китоблар босма ускуналарда чоп этила бошланди. Аста-секин уларни жамлайдиган зиё масканлари — кутубхоналар пайдо бўлди.

Кейинги йилларда юртимизда китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган бир қатор муҳим давлат ҳужжатлари қабул қилинди. Барча шароитлар муҳайё, оқилона фойдаланиш керак, холос. Бебаҳо адабий меросга эга халқмиз. Уни асраб-авайлаш, аввало, китобга меҳр қўйишдан бошланади, назаримда. Демак, кутубхоналарга бўлган эҳтиёж бундан кейин ҳам ортиб бориши аниқ.

Тан олиш керак, тенгдошларимизнинг барчаси ҳам мутолаасевар эмас. Айрим ўқувчилардан охирги марта қандай асар ўқидинг, деб сўрасангиз жавоб беришга қийналади. Ҳаттоки кутубхонага қачон кирганини ҳам эслолмайдиганлар бор. Беш қўл баробар эмас. Баъзи ҳолларда билимга чанқоқ ёшлар ўз таълим муассасидаги кутубхонадан фойдалана олмаслигини айтиб, куйинади. Сабаби энг керакли пайт­да бундай масканларнинг эшигига қулф осилади-да.

Юқоридаги эътирозга мен ҳам қўшиламан. Шундай кутубхоналар борки, уларнинг асосий вазифаси фақат китоб жамлаш ва сақлашдан иборатдек гўё. Ўқувчининг талаб ва эҳтиёжи эса, иккинчи даражали. Бадиий асар сўраб келганларни турли баҳоналар билан қайтариб юборган кутубхоначилар ҳақида ҳам эшитганмиз. Китобларни авайлаш керак, деб ўтираверсак, ёшлар уларни қачон ўқиб, мағзини чақади?! Бу кетишда телевидение, радио ва матбуот орқали тинмай узатилаётган китоб ўқиш ҳақидаги чорловлар қуруқ гап бўлиб қолиши аниқ-ку!

Коллеждаги курсдошим бадиий адабиётга хуши йўқлигини кўп такрорларди. Яқинда қўлида Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарини кўриб қолдим. Саломлашиб улгурмасимдан, у китоб ҳақидаги таассуротларини сўзлай кетди. Ке­йин билсам, асарни қўшнисидан олган экан. Тез фурсатда қайтариб бериши керак. Ҳайрон бўлдим. “Нега кутубхонадан сўрамадинг? — десам, янги адабиётлар уйга берилмаслигини айтиб, чуқур хўрсинди. Ана холос! Ёнингга бир навраста билим оламан, деб келса-ю, унинг раъйини қайтарсанг, бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлишига имкон яратмасанг, шу адолатданми?! Кутубхона музей эмаски, ундаги нодир жавоҳирларга қўл теккизиб бўлмаса. Ёки китоб чинни буюммиди, уни токчага териб қўйиб, томоша қилиб ўтираверсак. Китоб йиртилади ёки йўқолади, деб кутубхонани қулфлаб ўтиришга кимнинг ҳаққи бор, ахир?! Ундан кўра, кутубхоначиларимиз ўғил-қизларга китобни эҳтиётлашни, мутолаа маданиятини ўргатса, нур устига нур бўларди.

Ҳар қайси таълим масканининг юраги бўлмиш кутубхона ўқувчилар учун доимо очиқ туриши керак. Шунда мутолаага иштиёқманд ёшлар кўпаяди. Интеллектуал авлод эса, элу юртнинг бойлигидир.

Мардона ЗОКИРОВА, ўқувчи

http://www.yoshlarovozi.uz дан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *