Кутилган жиноят: Капгиркалла яна ишга киришди

Капгирнинг иштиёқи сўнган. Бирорта ишни бошламайди ҳам, бошласада охирига етказмайди. Дунё шунчалик тез ўзгариб кетаётганини беданани моягидек мияси қабул қилмаётган кўринади. Бечорага қийин, қўлида бирорта тайинли ҳунари йўқ, фақат жиноятларни фош этишни билади, аниқроғи биларди… Маҳалладаги “Мунаввар маркет”дан продукта қилиб, квартирага йўл олмоқдамиз.

—Капгир сўнгги вақтларни ишингиз юришмай, “синганиз”ни сезаяпсизми?

—Ким “синибди”, мени? Мен сингунча булбулни шоҳи синади галварс, Чўмич!

—Ҳаётимиз ривожланиб кетаётганига шошиб қолдингиз-а? Янгиликларни бирини қабул қилиб улгурмасиздан бошқаси чиқиб келаяпти. Сизга ҳам қийин, тушунаман.

—Чўмич, эсиз буханкага суртилган “Маселко” сарёғиникига ўхшаб оқиб тушдими нима бало. Нега янгиликларни қабул қила олмас экан. Билсангиз мен буларнинг барчасини аввал ҳам бошимда ўтказганман. Худди ҳаммаси дежавюдек, 90-йилларда содир бўлган нарсалар яна қайтарилмоқда. Менга морал ўқишни бас қилингда, эшикни очинг, қистаб кетди.

Эшикни очишим билан Капгир ҳожатга югурди, эшигини очди-ю, менга ўгирилди.

—Квартирамизда кимдир бор.

Юрагимни ваҳима босди. Бирорта ишни очиб, кимнингдир думи босиб қўйган бўлса, қасос олгани келдимикан-а?

—Қодиров менга бир қошиқ қаҳва ҳамда уч қошиқ шакар, — дея бақирганича Капгир, ҳожатга кириб кетди.

Қарасам балкондан майор Қодиров қўлида кружка кўтарганича чиқиб келаяпти.

—Эшикни қандай очдингиз?, — дедим қўл бериб сўрашгач.

—Битта эшикни оча олмасак, нима қилиб юрибмиз шунча йилдан бери хизмат қилиб вей…

—Чўмич, “Халқ сўзи”дан берворинг.

—“Халқ сўзи” қолмаган-ку, фақат “Тафаккур” бор.

—“Тафаккур” тирнаб ташлайди, кроватни тагида “Жамият” бор эди, ўшани узатаворақолинг бўлмасан.

Икки дақиқа отар-ўтмас Капгир сафимизга келиб қўшилди. Пишиллаб-пишиллаб қаҳвасини ича бошлади.

—Мен эканлигимни қаердан билдиз?, — деди Қодиров.

—Ҳожатхонадан. Қарасам бакнинг ичига сув оқаяпти экан, демак ундан кимдир фойдаланган, бундан ташқари унитазни ўриндиғи кўтарилган, демак фойдаланган киши эркак. Квартирамизни эшигини очишга қодир бўлган эркаклар иккита — бири сиз, иккинчиси мени акам. Акам ҳозир Молдовада эканлигини ҳисобга олсак…

—Қойил-ээ.

Қодиров Капгирнинг топқирлига тахсин ўқиб турган вақтда мен телевизорни қўйдим. Ўзбекистон каналида “Халқаро пресс клуб” кўрсатуви бўлаяпти экан.

—Шуни ўчира қолинг Чўмич. Бу кўрсатув одамни соғлиғи учун зарар.

—Нега зарар бўлади?

—Шунчаки, менга ёқмайди негадир.

—Сизга ёқмаган нарса зарар бўлавермайди-ку…

Гапгир гапимни бўлиб, майорга юзланди-да:

—Умуман олганда, подезни ёнидаги “Ментни мошинаси” деб ёзиб қўйилган Nexia’га кўзим тушганди. Нима гап? Сизни анчадан бери қорангизни ҳам кўрсатмаётгандингиз, тинчликми?

–Тинчликмас-да! Ёрдамиз керак. Шаҳарда cерийали қотилликлар бошланган, калавани учини топишнинг имкони бўлмаяпти.

—Сиз ануни учини ҳам тополмайсиз-ку, калаваникига йўл бўлсин-э, кароче қанча тўлайсизлар?

—Чўмични временний пропискаси тугаяпти экан, шуни чўздириб бераман.

—Мен бутун бошли cерийали қотилликни очар эканман-у, эвазига Чўмич чўздирадими?! Бўлмапти. Эшитишимча, бошқармаларинг Telegram’да ўзининг каналини очаяпти экан, бир ҳафтада каналларингда текинга учта реклама бериб туришга рухсат берсаларинг, ҳозироқ ишга киришаман.

—Бу мени қўлимда эмас, Капгир. Бошлиқлар билан маслаҳатлашишимиз керак. Временний прописка билан Чўмични Ёшлар Иттифоқига аъзо қилдириб қўяман.

—Аъзоликни бир жойизга тиқиб қўйинг! Мен мол дўхтириман, галстук тақиб тадбирма-тадбир юрадиган лўттивоз эмас, — дедим тутоқиб. Қодировни қанчалик ҳурмат қилмайин, бу гаплари нафсониятимга тегиб кетди. Яхшиям бахтига телефони жиринглаб қолди.

—Алло, нима бўлди? Янами? Қаерда?… Телефонини ўчириб Капгирни совуқ башарасига тикилди.

—Келишдик, фақат ишни тезроқ бошлашиз керак. Яна битта одамни ўлик ҳолда топишибди.

—Нима қилиб ўтирибмиз унақада, кетдик бўлмасам, — деди Капгир ўрнидан шаҳд туриб.

Йўлга отландик. Қодировни мошинасини “виу-виу”сини ёқтириб, Сергили томон ҳайдадик.

—Капгир шунча танаффусдан кейин бирдагига серийали қотилликни очиш оғирлик қилмасмикан, нима дейсиз.

—Мен сизга айтсам, жиноятни очиш — бу худди фоҳишага боришдек гап. Бир борасан, икки борасан, беш борасан… ўзингни тўхтата олмайсан. Мен шунча вақт ўз иродамни синаб, бирорта иш олмадим. Энди эса серийали қотиллик чиқиб турганида ўйланиб ўтирайми, бу ахир бутун бошли ишратхонанинг қизлари ихтиёримда деганик-ку! Йўқ Чўмич, кайфни белига тепа олмайсиз.

—Метафора келтиришни ҳам йиртиб қўясизда. Қийналиб қолманг дейманда дўстим.

—Мен гўшангага биринчи марта кираётган куёвчак эмасман, қийналиб қоладиган, яхшиси иш ҳақида ўйланг. Йўқ, ўйламай қўя қолинг. Ахир бу барибир қўлингиздан келмайди.

Катта йўл томонга қараган, олд қисми чиройли қилиб бўялган, бироқ орқа тарафидан бу ерда бирорта одам яшаши даргумон бўлган домларни ораси бўйлаб ўтиб, янги қурилган етти қаватли турар-жойн биноларининг олдига чиқдик. Навбатдаги қурбон 5 қаватда яшайди экан. Кругом мелиса, маҳаллаком, уч-тўртта хотин-халаж ва албатта доимгидек масжидни имоми… “Тарқалинглар, тарқалинглар” деганча ораларидан ўтиб марҳмуни хонадонига кирдик. Капгир ўзининг текширувларини бошлаб юборди. Аввалига ўликни яхшилаб томоша қилди, унинг бош томонида ётган телефонини олиб бирпас титкилади-да, ҳожатга кўтариб кириб кетиб ўн беш минут деганда терлаб чиқиб келди. Ошхонадаги аҳлат қутисини текширди, музлатгични ичини пайпаслади яна хонага қайтиб ўликни чўнаткларини ковлаштирди. Ёрилган бошини қимирлатиб, ўнг бармоғи билан қотиб қолган қонни ялаб кўрди…

—Бирор нима борми Капгир?

—Нихао ҳеч нима йўқ. Менимча, у ўз жонига қасд қилган. Ўзи қаердан чиқди, уни кимдир ўлдирди, деган тахмин?

Шу пайт Қодиров телевизорнинг палос устида синиб ётган пултига ишора қилди.

—Барча ўлганларнинг уйида телевизор пулти синган, шунингдек, ҳаммасининг боши деворга уриб ёрилган. Бундан ташқари ҳаммаси деярли бир вақт оралиғида — соат 12:00 билан 13:00 орасида вафот этган. Менимча, қотил шу орқали ўз имзони қолдирмоқда.

Мен эса қадди-қомати келишган, ораста кийинган, сочлари текис қилиб таралган, қошлари хоразмлик қизларникига ўхшаш қалин ва чиройли, расмий кофта-юбка кийган, хонанинг бир бурчагида туриб унсиз йиғлаётган 30—35 ёшлар атрофидаги жувонга термулиб турардим. Ичимда “нақадар ажойиб ҳилқат-а?! Афродита каби нуқсонсиз гўзаллик” деганча, уни хаёлан қучоқлашга ҳаракат қилардим.

—Манави минғиллаётган аёл ким?, — деди Капгир Қодировга қараб. Бу Капгир нозик жинс вакилларига хушмуомала бўлишни ҳеч ўрганмадида. Қодиров эса худди гугурт чўпига ўхшаган — қомати ингичка, боши эса катта, тоғаси мажбурлаб академияда ўқитганми нима бало, қилаётган ишидан норозисифат летенантга савол оҳангида қаради. Бу аёл марҳумнинг собиқ ҳамкасби. Иш юзасидан унинг ёнига келган экан, ўлгани ҳақида шу хабар берди.

—У эмас, мен хабар бердим, — деб шанғиллади орқа тарафдан битта хотин. —Қарасам Комилжонни эшиги очиқ (марҳумнинг исми Комилжон эканини шунда билдим), нима бало қулфламай кетдими деб эшикни очиб ичкарига киргандим, бу аёл йиғлаб турган экан. Умрида ўлик кўрмаганми дейман, шокка тушганидан гапиролмаётганди ҳам, телефон қилармиди. Мен қилдим телефон, фуқаролик бурчимни бажардим. Энди менга мукофот беришадими?

Кимнинг дарди нимада вей…

—Сизга марҳум ким бўлади?, — дея Капгир шундоқ ҳам ўзи зўрға турган жувонни сўроққа тута бошлади.

—Собиқ ҳамкасбим. Олдин бирга ишлаганмиз.

—Олдин ишлаган бўлсангиз, нега бугун уни ёнига келдиз ёки ўйнашимиз?

—Оғзизга қараб гапиринг, мен оилали аёлман, — деди жувон кўзи нафратга тўлиб.

—Унда бегона эркакнинг уйига нега келдингиз?

—Иш юзасидан, мени лавозимимга у тайинланган эди, шунга бирор кун вақтиз бўлганида ҳужжатларни олиб келиб, янги лавозимда масъулятим нимадан иборат эканлиги ҳақида тушунчалар берворинг деганди.

—Сизни уйига чақирмагандир?

—Бунчаям фикрларингиз ифлос бўлмаса, йўлим тушган эди Сергелига, бир йўла ҳал қилиб қўя қолай дегандим.

—Нима мақсадда келгандиз Сергелига?

—Опамнинг олдига келаётгандим!

—Бу ерга соат нечида келдингиз?

—Аниқ эслай олмайман, соат ўн бир яримда “Беруний” метроси ёнидан автобусга мингандим, одатда 40—50 дақиқаларда етиб келади манзилгача. Менимча, бу ерга келганимда 12:30 лар бўлиб қолганди.

—Автобуснинг ҳайдовчисини кўрсатишса таний оласизми?

—Йўқ, автобусни орқа ўриндиғида бўлганим учун унинг юзи кўринмади.

—Опангизни олдига нега келаётгандиз?

Аёлнинг жаҳли чиқа бошлади. Бунақанги маънисиз савол-жавоб менинг ҳам жонимга тегди, тўғриси. Бечора аёл ўзи зўрға турибдию, манави эшак уни баттар қийнайди.

—Капгир бас қилинг, иш билан шуғуллансангиз-чи ундан кўра, дедим секин куркасидан тортиб.

—Мен нима қилаяпман сизнингча? Бу аёлни опаси ростдан ҳам Сергелида яшаш яшамаслигини аниқланг, тез.

Қодировга бу ҳақида айтдим, у эса ўз шотирларига. Уч дақиқада жавоб келди. Жувоннинг ростдан ҳам шу яқин атрофда опаси яшаркан. Капгирга бу ҳақида айтдим. Дами чиққан пуфакдай, шалпайиб қолди.

—Тушунарли, уларнинг бошқа умумий жиҳати йўқми?, — дея сўради Капгир Қодировдан.

—Йўқ бўлса керак. Барчаси шаҳарнинг турли четларида яшайди, ҳаммасининг ёши ўттиздан ошмаган, оиласи бор, давлат структурасида ишлайди, маошлари зўр бўлмаса ҳам яхшигина. Ўйлашимча бунинг ҳеч қандай аҳамияти бўласам керак?

—Бу ерда аҳамияти йўқ нарса фақатгина сизсиз ўртоқ Қодиров. Биз бошқа марҳумларни ҳам кўришимиз керак, — дея жеркиб берди Капгир.

—Окей, уларнинг ҳаммаси марказий касалхонани моргида, мен эса ишга боришим керак. Ҳа, айтганча, бугунгини ҳам қўшадиган бўлсак, уларнинг барчаси сешанба куни ўлдирилган.

—Шуни эртароқ айтмайсизми?

—Нима бирор нимани аниқладизми?

—Йўқ, ҳаммаси ҳафтанинг бир кунида ўлдирилганидан кейин боғлиқлик бўлади-да. Сиз бораверинг, биз ўзимиз бир амаллаймиз. Айтганча, бўлажак хотинизга салом деб қўйинг. Ёки у шунчаки ўйнашдир…

—Бас қилинг-э Капгир, яна қанақа ўйнаш?! Мен ишга боришим керак, сиз эса вазифангизни бажаринг, деб Қодиров шошганича чиқиб кетди.

Талабимизга кўра, марҳумнинг хонадонида ёлғиз Капгир иккимизни қолдиришди. Капгир ошхонага чиқиб қаҳва дамлаб ичди, яна келиб марҳумни текширди, яна қаҳва ичди… У аввалги қобилиятини йўқотгани шундоққина билиниб турарди, энг ачинарлиси буни ўзи ҳам тушунаётган эди. Эндиликда қўлингдан ҳеч нима келмаслигини билишингдан ҳам оғирроқ нарса бўлмаса керак. “Бўлди, кетайлик, бунга тишимиз ўтмайди” демоқчи бўлдим-у, унинг ўзига қўйиб бердим. Балки ўзи тан олиб қолар. Шу кўйи яна уч соатга яқин хонада ўтирдик. Капгир уч соат олдин оғзига отган носини ҳамон тупуриб ташламаган эди. Хавотирлана бошладим, лабига нос отгани эсидан чиқиб кетган бўлсая? Эслатиб қўйиш учун гапга солмоқчи бўлдим.

—Капгир носизни анчадан бери тупурмадиз?

—Уни ютвора қолдим.

—Жинни бўлганмиз! Ахир ошқозонизни ўлдирасиз-ку, дедим ҳовлиқиб.

—Ўпкайзни босинг Чўмич, уйга боргач, қатиқ ичворсам ўтиб кетади ҳаммаси. Лекин манави нега ўлганини тушунолмаяпман. Ақлим етмаяпти.

—Тишимиз ўтмайдими дейман дўстим, балки кетармиз.

—Кетамиз, кетамиз, фақат аввал моргга кириб ўтишимиз керак.

Бу эшак ҳеч қачон ўзининг ожизлигини тан олмайди барибир. Тортишгандан фойда йўқ. Борсак, бора қоламиз. Барибир уйга ўша тарафдан кетсак арзонга тушамиз. Ташқарига чиқиб салкам йигирма минут совуқда туриб етмишга яқин таксини тўхтатдик. Бирортаси шаҳарни марказига олиб бориб қўяй демайди-да. Авваллари ҳамма Сергелига деса қочарди, энди кўчаларни камера босганига… Ҳаёт тескарисга айланди. Охири 15 мингга бир бало қилиб гаплашдик.

—Капгир, Қодировни нега яна уйланмоқчи деб ўйладиз?

—Оббо, шунча йилдан бери ёнимда юриб бирор нимани ўрганмадиз-да Чўмич. Қўлига эътибор бермадизми уни. Никоҳ узуги йўқ эди.

—Ахир ўтган йили хотини вафот этди-ку, шунга ечиб қўйгандирда.

—Бунақа типдаги одамлар хотинининг хотирасини қаттиқ ҳурмат қилади. Айниқса, унинг ўлимида ўзини айбдор деб ҳисобласа. Узукни ечиб столнинг тортмасига солиб қўйиши мумкин, фақатгина рафиқаси билан қаттиқ урушиб қолган бўлса, арвоҳлар билан эса урушиб бўлмаслигини ҳисобга олсак, у ўзини айбдор деб ҳисобламайди ва бошқа бирортасига эски ҳаётини кўрсатиб қўймаслик учун узугини ечиб қўя қолган…

—Каллангиз ишлаётганини инобатга олсак, аввалги ҳолингизга қайтаяпсизми дейман.

—Мен ўзгарган эмасман блин, шунчаки дам олдим. Но биз текшираётган жиноятни боғлайдиган бирорта подсказкани тополмаяпман.

Қодировнинг квартирасидан чиқиб кетдик. Чесно говоря миям бу каби тушунарсиз ечимни қабул қилмаётган эди. Бироқ Капгир — бу Капгир. У ҳеч қачон адашмайди. Ортиқча савол бериш эса, унга ишонмаётганимни билдиради. Шунча ойлик танаффусдан кейин унга ўзгаларнинг ишончи жуда муҳим.

—Яна таксида кетамизми Капгир?

—Ҳа, нимайди?

—Пулни чўғи сал камроқ қолди-да. Балки автобусда кетармиз.

—Оббо, майли автобус бўлса, автобус-да.

Салқин ҳавода Миллий университетнинг стадиони орасидаги йўл бўйлаб “Беруний” метросигача келдик. У ердаги ер ости йўли билан нарги тарафга ўтдик. Биз кутган автобус ҳам келди. Чиқсак, деярли ҳеч ким йўқ, фақат орқа ўриндиқда иккита қиз хиринглашиб ўтирарди. Янги “MAN” автобуси экан. Бирам шинам, бирам қулай.

—Автобус муборак бўлсин амаки, дедим ҳайдовчига қараб.

—Раҳмат болам, мана “Мерс”дан қолишмайдиган автобус ҳам минадиган кунларга ҳам етиб келдик. Президентимизга раҳмат.

—Ҳамма линияларга янги автобус беришдими?

—Йўқ, ҳозирча бизни 34 линиямиз билан анавиларга берди, дея ҳайдовчи қарама-қарши тарафидан келаётган 131 автобусга ишора қилди. Биз ярмимиз янгиладик, буларни эса ҳаммасини янгилаб берди, Сергелига қатнайдиганларнинг пешонасига офтоб тегиб қолди.

—Чўмич эзмаланмасангичи, ундан кўра анави орқада ўтирган қизларга қаранг. Яхшиям автобусни орқа ўриндиғини баланд қилиб ишлашибди, эртага ёзда калта-култа кийган қизлар чиқиб, ўша ерга ўтириб қолса, маза қилиб кетамиз.

Орқа ўриндиққа ўғрилиб қарасам, ростдан ҳам ажойиб манзара. Эртага ёзда юпка кийган қизларга ноқулай бўларкан.

—Ундан кўра уйланинг Капгир. Гармонлариз миянгизни суюлтириб қўйибди. Эҳ бу автобусни технологлари шу орқа ўриндиқларни ҳисобга олмабди-да. Ростдан ҳам эртага кунлар исиганида ўзбек аёлларига ноқулайлик туғдираркан.

—Эээ бу ўзбек аёллариз бунақа жойда ўтирармиди… Шундай дея Капгир қизларга тикилиб қолди.

Уни кўриб мен хижолат чека бошладим.

—Капгир одамни уялтирманг, олдингизга қаранг.

—Чўмич тез Қодировга қўнғироқ қилинг. Биз адашибмиз. Қотил ҳақиқатда мавжуд.

Ўзи бошидан тушунмаётгандим, энди бўлса умуман чалкашиб кетдим. Нима деяпти бу Капгир ўзи? Жиноятни фош қилдинг, бўлдида. Қўшимча бош оғриғи нега керак. Қодиров учинчи марта телефон қилганимдан кейин гўшакни кўтарди. Капгирга узатдим.

—Майор, ўлганлар айнан қайси лавозимда ишлагани ҳақида маълумотлар ёниздами?

—Ҳозир кўрайчи… Так… Биринчи марҳум ташкилотнинг Чилонзор туманида етакчиси, иккинчиси Олмазор туман раисини ўринбосари, учинчиси ҳам етакчи, Мирзо-Улуғбекда, тўртинчиси эса…

—Бўлди етарли. Ҳозироқ Шайхонҳотур, Яккасарой, Бектемир, Учтепа, Миробод, Яшнобод, Юнусобод туманларининг ташкилот бўйича етакчилари, раислари ва уларнинг ёрдамчиларини уйига соқчи қўйинг. Фақат бу ҳақида ҳеч ким билмасин, улар уйни яширин равишда кузатсин. Дарҳол! Кимнидир қўлга олишса бизни чақиринг…

—Капгир нима бўлди?

—Ҳаммаси тасдиқлансин кейин айтаман, унгача сўраманг. Яна хато ечим бериш ниятим йўқ.

Квартирамизга етиб келдик. Капгир барибир ҳеч нима демади. Ўзимча ўйланиб, масаланинг ечимини топишга ҳаракат қилдим. Аммо ўхшамагани сабаб, ухлавордим. Эрталаб Капгир уйғотди.

—Чўмич туринг, Қодиров телефон қилди. Қотил қўлга тушибди.

Чала-чулпа ювиниб чиқиб, тезда кийиндим ва йўлга отландик. Манзилимиз Учтепа тумани экан. 20 дақиқада етиб бордик. Бу ерда ҳам янги қурилган етти қаватли бинонинг юқори қаватига кўтарилдик. Ўзимизга керакли манзилга кирсак, Қодиров, яна унинг икки ёрдамчиси, яна бегона киши (менимча, уйни эгаси бўлса керак) ва…

…Ва ўша Сергелида Комилжоннинг уйида кўрган хушбичим жувон қўли кишанланган ҳолда турарди. Ахир қанақасига? Нега? Қотилликни нима сабабдан амалга оширди у? Капгирга савол оҳангида қарадим, у ҳам мени нима демочилигимни тушунди.

—Демак, барчасига ойдинлик киритадиган вақт келди. Қаршингиздаги аёл ўлдириб кетилган барча иттифоқчиларнинг қотили ҳисобланади. Ҳаммангизни уни қандай қилиб фош этганим ўйлантираётгандир? Қисқаси кеча янги Чўмич билан янги автобусга чиқдик. Жудаям ажойиб қилиб ишлашибди ўзиям, айниқса, орқа ўриндиғини, шундаймасми?, — дея Капгир жувонга юзланди. У дўстим нима демоқчи эканлигини тушунолмаётганди.

—Тушунмаяпсиз-а? Сизнинг иккита хатоингиз бор. Кеча опамникига “Беруний”дан автобусда келдим дедиз. У ердан Сергелига фақат 131 автобус қатнайди. Сиз ҳойнаҳой ушбу линияга янги автобуслар қўйилганидан бехабар кўринасиз. Бу сизнинг биринчи хатоингиз! Иккинчиси эса ёлғон сўзлаб унинг орқа ўриндиғида ўтириб келдим деганингиз. Агар янги автобусга чиққанингизда унинг орқа ўриндиғи аёллар учун, айниқса кофта-юбкада бўлганлар учун нақадар ноқулайлик туғдиришини билган бўлардингиз. Сиз каби оиласини ўйлайдиган ўзбек аёллари ҳеч қачон у ерга ўтириб келмасди. Демак, шундай экан сиз ёлғон сўзлагансиз. Ёлғон сўзлашдан мақсад нима? Одатда ёлғонлар бирор айбни ёки жиноятни яшириш учун сўзланади. Кеча сиз Комилжоннинг уйига ҳужжатлар баҳона уни ўлдиргани боргансиз. Фақат яна бир нарсани эътибордан қочиргансиз. Қизиқувчан қўшнини! Агарда у марҳумнинг уйига кириб, сизни учратиб қолмаганида, сиз ҳеч қандай қийинчиликсиз у ердан чиқиб кетган ва биз билан тўқнашмаган бўлардингиз. Тўғрими? Аммо яна бир нарса мавҳумлигича қолмоқда: нега уларни ўлдирдингиз? Бунга ҳам тахминим бор. Сизни ишдан ҳайдашган. Мен аввалига бунга аҳамият бермаган эканман, бироқ марҳумларнинг барчаси янги тузилган Ёшлар иттифоқининг аъзолари эканлигини билгач, сиз собиқ “Камолот”да ишлаганизни фараз қилиб кўрдим. Шунда келиб чиқадиган бўлсак, улар сизнинг ишингизни тортиб олган ёки сизни ишдан олиш учун қурултойда учун овоз берган шундайми? Шунинг учун уларни ўлдирдингизми?

Аёл Капгирдан қутулиб бўлмаслигини фаҳмлади шекилли, худди ҳинд филмларидаги каби бошини икки қўли билан чангаллаганча полда ўтирди. Чуқур хўрсиниб гап бошлади:

—Қисман тўғри, лекин тўлиқ эмас.

—Хўш сўзлангчи, эшитайлик гап нимада эканлигини.

—Мен умримнинг 10 йилини “Камолот”га бағишладим. Барча тадбирларини қатнашдим, қандачан қанчасини ташкиллаштирдим. Қорақалпоғистон деса Қорақалпоғистонга, Андижон деса Андижонга бордим. Берадиган ойлигига ўзимдан орттириб, оиламга бирор нима ололмасамда, ташкилот томонидан бериладиган “Ёшлар уйи” учун тинмай меҳмат қилдим. Ва ниҳоят ўтган йили менинг ҳам уй оладиган навбатим келди. Беҳад хурсандлигимдан шунча йиллик азобларимни унутиб юбордим. Ахир, 14 йил ижарама-ижара юриб яшашнинг осонмас-ку. Энди эса уйимиз бўлади! Бироқ адашган эканман. Навбатим келди деганда, ташкилотимиз ўрнига Ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Менга ўхшаб 30 дан ошганларни эса секингина ишдан бўшатиб юборишди. Уй ҳам ухлади. “Биз Камолот ваъда қилган уйларни бермаймиз, уларнинг рўйхати бизга тегишли эмас” деган жавоб юрагимга пичоқдек санчилди. Бизнинг ўрнимизга келган ёш-ёш боллар ҳали бирорта иш қилмасидан туриб, турли мукофотлар-у, уларга эга бўлди. Бу сизга алам қилмасмиди? Мен бунга чидай олмадим, барчасини ўлдиришга қарор қилдим. Бор гап шу!

—Ахир қилган ишингиз нақадар аҳмоқлик эканлигини билмайсизми?

—Биламан, лекин бундан афсусланмайман.

—Бу олиб чиқиб кетинг, айбини тан олганини протоколга киритиб қўйинг, — деб буйруқ берди Қодиров қўл остидагиларга.

Уни олиб чиқиб кета бошлашди. Капгир эса ўйга толди. Негадир жиноятни фош этганидан хурсанд эмасдек эди.

—Балки, жиноятни очиб хато қилдиммикан-а Чўмич?

—Ақлиз жойидами Капгир. Ахир у одам ўлдирди. Иттифоқчи бўлса ҳам ўлганлар одам-а!

—Тўғри айтасиз, биз ҳаммасини яхши бажардик. Виждонимиз тоза. Ие тўхта, бир нарсани сўраш эсдан чиқибди-ку. Шундай дея Капгир пастга югуриб кетди. Ортидан мен ҳам чопдим. Жиноятчи аёлни энди машинага ўтирғишаётганларида етиб олдик. Капгир бир минут дея, аёлда юзланди.

—Нега уларни айнан ҳафтанинг бир кунида, бир вақт оралиғида ўлдирдингиз?

Аёл мийиғида кулиб жавоб берди:

—Уларнинг ҳаммаси “Халқаро пресс клуб”ни бирорта кўрсатувини ўтказмасан кўришга мажбур. Уни томоша қилиб, кўтарилган масалалар ҳақида ўзларича маъруза тайёрлайдида, кейин эртасига қўл остидагиларга ўқиб беради. Шунинг учун кўрсатувни диққат билан томоша қилади. Мен эса айнан шу кўрсатув бошланиши арафасида, уларнинг уйига бирор нимани баҳона қилиб, масалан, собиқ “Камолот”нинг ҳужжатлари масаласида борардим-да, телевизорга анқайиб қолган вақтларида қўлимга илинган нарса билан бошини уриб ёрардим…

Нақадар вахшийлик деб юбордим мен.

Аёлни олиб кетишди. Биз Капгир иккимиз машинанинг ортидан анча вақтгача тикилиб турдик.

—Мен сизга айтмаганмидим, Чўмич, — деди Капгир.

—Нимани? Кўп нарса айтгансиз менга.

—“Халқаро пресс клуб” соғлик учун зарар деб…

Жамшид Чўмич