Кўрсатма

Кўрсатма бўлмаса, миқ этолмаймиз,
Кўрсатма бўлмаса, чалмаймиз қарсак.
Кўрсатма бўлмаса, ухлаёлмаймиз,
Ҳатто, танқидга ҳам кўрсатма керак.

Кўрсатма бўлмади – ўқимай қўйдик,
Кўрсатма бўлмади – қуриди Орол.
Кўрсатма бўлмади – емасдан тўйдик,
Кўрсатма бўлмади – газетлар увол.

Кўрсатма бўлганди – ҳамма китобхон,
Ўқиган, ўқимаган ақл сўқяпти.
Онасидан туғилибоқ қизларжон,
Зулфияга атаб шеър тўқияпти.

Кўрсатма бўлса гар, кўкка учамиз,
Марсдан марсликларни топиб келамиз.
Кўрсатма бўлса гар, тоғни кесамиз,
Ойдан оёқяланг чопиб келамиз.

Кўрсатмага шундай кўникканмизки,
Кўрсатмасиз бир иш қилмас тўралар.
Ногаҳон Навоий тирилиб келса,
“Ким кўрсатма берди?”, – дея сўралар.

Порахўрларимиз кўкдан тушмаган,
Ҳар қандай чорага топишар чора.
Кўрсатма бўлса ҳам, кўрсатмасиз ҳам
Ҳамиша кўрсатмай олишар пора.

Футбол фанатлари, кўп хуноб бўлманг,
Кун келиб, жаҳонга чиқамиз бешак.
Бунинг учун… э-ҳа, топдингиз, ўлманг,
Юқоридан катта кўрсатма керак!

“Депутат, дегани – қўл кўтарувчи,
Уззукун мажлисда мудрайдиган зот” –
Шундай ўйлар эдик, энди кўринг-чи,
Қишлоқни оралаб юрибди, ҳайҳот!

Кўрсатма одамни робот қилади,
Унда қалб, тафаккур не учун керак?
Кўрсатма одамни бебурд қилади,
Кўрсатмасиз, ахир, урар-ку юрак?!

Тўнкани тушунса бўлар – юролмас,
Жони йўқ, тушунса бўлади, тошни.
Инсоннинг иймони – энг нодир компас,
Қиблага қаратар бир умр бошни!

Азиз мамлакатнинг, азиз инсони,
Қалбимизга қулоқ солайлик биз ҳам:
Она-ватанимиз Ўзбекистонни,
Келинглар, севайлик кўрсатмасиз ҳам!

Носиржон Тошматов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *