Кўпқаватли уйлар: Фалокат яқин!

Қозоғистон ҳудудида 52 нафар ватандошимиз тириклайин ёниб кетгани ҳаммамизни ларзага солди. Шу фожеа сабаб бўлиб, ҳукуматимиз мамлакат ҳудудларидан четга чиқиб кетадиган пассажир транспорти воситалари учун махсус талаблар ишлаб чиқиш ҳақида қарор қабул қилибди. Бу, албатта, яхши тадбир, бироқ…

Ҳайратдан ёқа ушлайдиган бир ҳолат, бизда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам тез-тез учраб туради. Яъни катта бир фалокат рўй бергандан кейин ҳукумат қандайдир тартибларни, қонунларни жорий қилади. Ваҳоланки, илгарироқ зарурий чораларни кўриб, фалокатларнинг олдини олиш керак эди. Ахир, дунёда “Хавфсизлик техникаси” (русчаси “Техника безопасности”, лекин бизнинг баъзи мутахассисларимиз “Техника хавфсизлиги” дея таржима қилиб, саводсизликни намойиш қилишади) деган илм бор, ҳар қандай иншоот, техникавий ва ташкилий тадбирларнинг лойиҳаси учун мажбурий, шарт бўлган қисм!

Аллоҳ кўрсатмасину, мамлакатимизда яна битта катта фалокат аста-секин яқинлашиб келаяпти. Гап шундаки, Тошкентда (балки, бошқа шаҳарларда ҳам?) кўпқаватли уйларни тинмай бузиб ётибмиз. Одамлар илгаридан яшаб келаётган квартираларидан зерикканлари сабабли, янгигина сотиб олганлар эса, кўчиб киришдан олдин хоналарнинг жойлашувини ўзлари истаганча ўзгартираяптилар. Биринчи қаватдаги квартираларни дўконлар, офислар, аптекалар, дўхтирхона ва шу каби идораларга айлантираяптилар. Бу ишлар осонликча битмайди, расмий лойиҳа асосида қурилган деворлар буткул ёки қисман олиб ташланади. Қарабсизки, уй олдида бетон синиқлари солинган қоплар тоғ бўлиб ётади. Бетон ичидаги металл синчлар айқаш-уйқаш ётганидан хулоса қилиш мумкинки, демак, юк кўтарадиган деворлар ҳам олиб ташланаётган экан.

Буларни кўриб ваҳминг келади! Ахир, уй деворларининг ҳар бир қаричи маълум даражадаги силкинишларга мўлжаллаб, мураккаб формулалар ва компьютер ёрдамида ҳисобланади. Деворларни бошқача шаклга келтирамиз албатта, лекин зилзилабардошликни илгариги ҳолатга келтира олмаймиз-ку! Биз яшаб турган минтақа зилзилалар ўчоғи эканини, илгари кўплаб сикинишлар бўлиб, катта фалокатларга учраганимизни хаёлимизга келтирмаймиз. Ҳозирги кунларда ҳам зилзила ўзини эслатиб турибди. Барибир, кўзимиз кўр, ақлимиз ноқис, ўзимиз ўтирган шохни арралаб ётибмиз.

Кўпқаватли уйлар ҳокимият назорати остида туради. Ҳар бир квартира эгаси хусусий уй-жой эгалари ширкатига тўлайдиган пулдан 30 фоизини, ҳокимият, ширкатдан расман сўраб ўтирмасдан, ўзининг ҳисоб рақамига ўтказиб олади. Лекин уйни бузишаяпти, чора кўринглар, деб мурожаат қилинса, пинагини бузмайди, ширкатда эса ҳеч қанақа ваколат йўқ. Кўп йиллардан бери шундай аҳвол давом этиб келаяпти, керак бўлса, буни далиллар билан исботлаб бера оламан.

Ҳокимиятнинг бепарволиги — эҳтимол, уйни бузиб, қайта қуриш ҳолатларига тегишли ҳеч қанақа расмий ҳужжат йўқлигидандир? Эҳтимол, шундай ҳужжат бор-у, ҳокимиятдагилар бошини оғритгиси келмаётгандир? Эҳтимол, бунда қандайдир манфаатлар бордир? Эҳтимол…

Буёғи ҳукуматга ҳавола. Яхши тадбирлар фалокатдан олдин ҳам ишлаб чиқиладими ёки фақат фалокатдан кейинми? Буни вақт кўрсатади. Омон бўлсак, кўрармиз.

Қудрат Дўстмуҳаммад

7 комментариев

  1. Тугри ва долзарб мавзу, куп уйлар шунака узбошимча узгартиришлар боис зилзилага бардош беролмаслиги мумкин.

  2. Жудаям тугри йозилган .Эски куп каватли биноларни сотиб олишиб билганича бузиб узларига макул килиб куриб олишган .

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *