Кунлардан бир куни…

Қандай тарқатасиз?

Эркин Воҳидов: – Етмишинчи йилларда шеърият ҳам, отахон шоиримиз Ғафур Ғулом номи билан аталган нашриёт ҳам гуркираган, лекин ана шу нашриётнинг айни шеърият бўлимида ишлар пачава эди. Бўлимда Миртемир домла, Абдулла Ориф ва камина ишлардик. Домла шогирдлардан, Абдуллажон мухлислардан, мен шахматдан ортмас эдик. Қўлёзмалар вақтида топширилмаган, корректуралар ўқилмаган, план бажарилмаган, ҳамма иш ўлда-жўлда. Нашриёт директори бир мажлисда зарда билан, шеърият бўлимини ёпиш, тарқатиш керак, деган. Ўшанда зўр жавоб айтилган эди: “Тарқатиш учун аввал йиғиш керак. Уч ходимни тўплаб бўлмаса, қандай тарқатасиз?”

Булбул

Шоир Акмал Пўлат катта идоралардан бирида раҳбар эди. Кунлардан бир куни  Эркин Воҳидов унинг ҳузурига иш билан боради. Шоир эшикдан кирса, Акмал ака столга энгашиб, бир нималар ёзаётган экан. Эркин ака одоб сақлаб, индамай кутиб тураверади. Ниҳоят, раҳбар бош кўтариб машҳур шоирга кўзи тушади.

– Э-э, бу қандоқ бўлди, ахир, бир оғиз биз келдик дея йўталиб қўйсангиз бўларди-ку, Эркинжон!

– Энди, илҳомга халақит бергим келмади-да, Акмал ака, – дейди Шоир.

– Оҳ, оҳ, оҳ, булбул тилини булбул билади-да, булбул! – дейди Акмал ака “камтарлик” билан.

 

Шоир кўчаси

Эркин ака бир куни кечки зиёфатдан уйига қайтаётиб таксига чиқди. Йўл-йўлакай “Ўнгга юринг, энди чапга бурилинг”, дея ҳайдовчига йўл кўрсатиб борди. Ниҳоят, ўзи яшайдиган Ҳувайдо маҳалласига борганида ҳайдовчининг энсаси қотиб, ёнидаги йўловчига иддао қилди:

– Э-э, шунчалик бошимни қотирмай, Эркин Воҳидовнинг кўчасида тураман десангиз бўлмайдими?!

Эркин ака жилмайганча бош ирғаб, ноилож “айб”ини бўйнига олади.

Дўстлик

Эркин Воҳидов Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётда директор бўлган кезлар эди. Бир даврада вилоятда яшаб, ижод қилаётган шоир қадаҳ кўтариб, шундай деди:

– Биз Эркин ака билан қалин дўстмиз!

– Тўғри, биз сиз билан дўстмиз, – дея жавоб қилди Эркин ака кулимсираб, – чунки сиз бизга шеър олиб келмайсиз-да.

 

Энг яхши ижрочи

Халқимизнинг суюкли фарзанди Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов  адабиётимизга ёниб, довруқ солиб кириб келаётган кезлар эди. Кунлардан бир куни ўша пайтдаги Республика “Билимлар уйи”да шеърият кечаси бўлади. Кечада мухлислар ҳам ўзларига маъқул шоирлар шеърларидан ўқишарди. Кўпчилик Абдулла аканинг шеърларидан ўқиб берар, аммо шоирнинг ўзидай таъсирчан етказа олмас, шу боис бундай чиқишлардан қаноат ҳосил қилиш қийин эди. Буни кечани олиб бораётган Эркин Воҳидов яхши илғаб турарди. У ҳамманинг дилидаги гапни шундай чиройли лутф билан изҳор қилди:

– Энди сўз Абдулла Орипов шеърларининг энг яхши ижрочиси – шоир Абдулла Ориповга!

Шодмон Отабек

 

Йўли топилди

Эркин Воҳидов университетни энди битирган пайтидаёқ таниқли шоир эди. Ўзингиз биласиз, олий ўқув юртини битирган одам олдида уйланиш муаммоси кўндаланг бўлади. Шу масала юзасидан Эркин ака Саид Аҳмад акага маслаҳат солибди.

– Оқсоқол, – дебди, – хабарингиз бор, бир-иккита китобим чиқди. Уч минг сўмча пулим ҳам бор. Лекин қайси бирига етказишни билмаяпман: машина олайми, уй солайми, хотин олайми? Машина олсам, уй сололмайман, уй солсам, уйланолмайман, уйлансам машинага пул қолмайди… Нима қилай?

Саид Аҳмад ака пешонасини Рашид Абзининг гармонидай тириштириб чуқур ва узоқ ўйга толибди. Охири чеҳраси ёришиб, бундай дебди:

– Болам, мен хўп ўйладим. Ҳисоблаб кўрсам, уч минг сўм пулинг ҳаммасига етаркан. Маслаҳат шуки, сен автобус сотиб олгин! Автобус – машина дегани. Рулини қаёққа бурсанг кетаверади. Бу – биринчидан. Автобуснинг ичи кенг-мўл бўлади. Кўч-кўронингни олиб кирсанг, тайёр уй бўлади. Бу – иккинчидан. Учинчидан, автобус бўлганидан кейин ичида кондуктори ҳам бўлади. Ўша кондукторни хотин қилиб қўя қоласан! Кўрдингми, окагинанг айлансин, ман санга ҳеч қачон нотўғри маслаҳат бермайман…

Ўткир Ҳошимов

https://yoshlikjurnali.uz/ дан олинди

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *