Кўчар мулкнинг таъминот сифатида қабул қилиниши енгиллаштирилади

Марказий банк манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда кўчар мулкни гаров, лизинг ва бошқа таъминотга тақдим этишни енгиллаштириш учун қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқмоқда.

Таъминот бўйича битимлар тузишни такомиллаштириш бизнесни молиялаштиришни соддалаштиради ва кўчар активларда йиғилиб қолган капитални ҳаракатга келтиришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг кредит ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, гаров ва кафолатларни таъминлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, шу асосда бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Шунга доир манфаатдор вазирлик ва идоралар, молия институтлари вакиллари иштирокидаги семинарда, хусусан, таъминотга доир битимлар тузиш механизмларини жорий этиш Жаҳон банкининг ҳар йили эълон қилинадиган “Doing Business” ҳисоботида Ўзбекистон рейтингининг ошишига ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланди.

Бугунги кунда таъминотга доир битимлар ва гаров реестрига оид қабул қилинган меъёрлар мамлакатимиз иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Таъминот молиявий маблағларнинг қайтмаслиги бўйича кредиторларнинг эҳтимолий йўқотишлар хатарини камайтириб, уларни молиялаштириш манбаларига кўпроқ эга бўлиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Кўпчилик мамлакатларда кредитлар бўйичатаъминот сифатида, одатда, кўчмас мулк тақдим этилади. Бунда, қонунчиликдаги мавжуд камчиликлар туфайли кўчар мулклар (ашё ва анжомлар, дебитор қарздорлик, ҳосил, асбоб-ускуналар ва ҳоказолар) учун таъминот битимлари тузишда чекловлар мавжуд, ва натижада, катта ҳажмдаги капиталлар амалда “музлаб ётади”, бундай активларни гаровга қўйиш орқали молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти чекланади.

Кўчар мулкни таъминот сифатида қабул қилиш бўйича яратиладиган қулай ҳуқуқий ва институционал муҳит тадбиркорлик субъектларининг, авваламбор кичик бизнеснинг инвестиция жалб қилиш ва фаолиятини кенгайтириши учун ўз активларидан манба сифатида фойдаланишини таъминлайди.

Таъкидланганидек, муҳим вазифалардан бири бозор тамойиллари асосида кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўлиб, таъминот битимларини тузиш механизмларини такомиллаштириш ушбу долзарб масалаларнинг ечими бўлади. Анжуманда иштирокчилар ва халқаро экспертлар таъминотга доир битимларни амалга оширишнинг самарали тизимини яратиш усулларини атрофлича муҳокама этдилар.

“IFC микро, кичик ва ўрта корхоналарни молиялаш кўламини оширишда таъминотга доир битимларни молиявий инфратузилмани ривожлантиришнинг таркибий қисмларидан бири деб ҳисоблайди. Биз Ўзбекистоннинг мамлакатда мана шундай тизимни яратишга бўлган хоҳиш-истагини қўллаб-қувватлаймиз, – деди IFCнинг таъминотга доир битимлар бўйича халқаро эксперти Мурод Султонов. – IFC Ўзбекистоннинг молиявий имкониятларини кенгайтириш учун таъминотга доир битимларни амалга оширишнинг халқаро тажрибаларидан қолишмайдиган яхлит ҳуқуқий муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларига амалий ёрдам кўрсатиб боради”, деди у.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *