Кремлни титратган ўзбек қизининг тақдири

1981 йилнинг февраль ойида КПССнинг навбатдаги 26-съезди бўлади. Одатга кўра, Бош котибнинг маърузаси тингланади ва маъруза юзасидан чиқишлар бўлади. Аммо бу анжуман аввалгиларидан бир жиҳати билан фарқ қилади. Съезд делегатларини октябрят ва пионерлар табриклайди. Улар орасида Марказий Осиё ва бошқа миллий республикаларидан ягона бўлган ўзбек қизи Ҳилола ҳам бор эди. У 5 дақиқа гапиради. Унинг “мен ҳам онамга ўхшаб механизатор бўламан” деган сўзлари беш минг кишилик зални оёққа турғизади. Ҳилола икки марта Социалистик Меҳнат қаҳрамони, биринчи ўзбек механизатор аёли бўлмиш Турсуной Охунованинг 11 ёшли қизи эди.

Яқинда  Турсуной Охуновнинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбир мобайнида “Кремлнинг Съездлар саройини титратган қизнинг кейинги тақдири нима бўлди?” деган савол мени қизиқтирди. Ҳилола билан учрашиб, сухбатлашишга қарор қилдим.

Суҳбат самимий бўлди. Ҳилоланинг ўта маънавиятли, маданиятли экани менга ёқди.

-Келинг, суҳбатимизни сизни машҳур қилган анжумандан бошласак. Кремлда қандай пайдо бўлдингиз?

-Аслида съездга бир ой тайёргарлик кўрганмиз. Ҳар бир пионер ва октябрят устида тинимсиз иш олиб борилган. Чиқишимиз тугаб, саҳна ортига ўтганимизда делегатлар учун банкет тайёрлаб қўйишган эди. Бизни ҳам таклиф қилишди. Банкет вақтида СССРнинг раҳбари бўлмиш Леонид Брежнев олдимга келиб, чиқишим учун раҳмат айтган ва пешонамдан ўпиб қўйган эди.

-Мактаб қандай кутиб олди? Юлдузлик касалига чалинмадингизми?

-Оиламизда тарбия яхши берилган. Ҳеч қачон Турсуной Охунованинг қизиман деб мақтанмаганман.

27 — ўрта мактабда ўқирдим. 700-800талаб хат келарди. Ҳаммасига ҳам жавоб ёзмасдим. Отряд вожатийларимиз ёрдам берарди. Ҳар куни бўладиган линейка(мактаб ҳовлисида бўладиган мажлис)да ўқиб беришарди. Жон қулоқлари билан тинглашарди.

Ўқишларим яхши эди. Рақсга қизиқардим. Раққосаларни ҳаммасини танирдим.

Отам Султон Шерматов колхоз раиси эди. Уйга келиб газета ўқиб кейин овқатга ўтирардилар. Асосан “Время” ва “Ахборот” кўриларди.Тунги 10да яна далага кетардилар. Иш тартиби ҳар куни бир хил эди. Ҳалол ишлаганлар. Кўпинча овқатланиш иш жойида бўларди.

-Турсуной Охунованинг музейи бўларди. Ҳозир ҳам борми?

-Йўқ, музей кейинчалик йўқ қилинди. Кимга керак бўлди экан? Музей экспонатлари омборга олиб борилди. Музей биноси ҳозир қишлоқ фуқоролар йиғини биноси.

Физкультура ўқитувчимиз Усмон ака кейинчалик мактабга директор бўлди. Ўша кишидан миннатдорман. Музейни сақлаб қолишга анча уриндилар. Ҳар байрамда, онамнинг туғилган ва вафот этган кунларида бюст пойига гул қўйдирардилар.

-Интернетдаги маълумотларга қараганда Турсуной Охунованинг Дилфуза исмли қизи бор. Аммо Ҳилола ҳақида маълумот берилмаган.

-Буни ўзига яраша тарихи бор. Менинг исмимни Шароф Рашидов қўйган экан. Туғилганимга 40 кун бўлганида Шароф Рашидов (онам Шароф Рашидовни “Ота” дердилар) дала шийпонига келади. Онам мени ҳам далага олиб чиққан эканлар. Асли исмим Дилфуза. Шароф Рашидов мени кўтарибдилар-да, исмимни сўрабдилар, “Дилфуза” деган жавобни эшитгач Хилола бўлсин дебдилар. Шу-шу исмим Ҳилолага айланган. Ҳужжатда Дилфузалигимча қолганман. 16 ёшимда Дилфуза Шерматова исми шарифи билан паспорт олдим. 2007 йилда паспорт алмаштирганимда исмимни Ҳилола, фамилиямни онамнинг ҳурмати учун Охунова деб ўзгартирдим.

-Давр фарзанди бўлмиш Турсуной Охунова 22 ёшида Меҳнат қахрамони унвонини олган. Аслида Ленин ордени берилиши хақида фармон чиқади. Орадан бир неча кун ўтиб, бу фармон бекор қилинади ва “Социалистик Меҳнат қаҳрамони” бериш тўғрисида янги фармон чиқади. Яъни, Турсуной Охунова “Олтин юлдуз” медали ва Ленин ордени билан мукофотланади.1978 йилда эса иккинча марта Қаҳрамон бўладилар. Саволим оғир ботса аввалдан узр — онангизнинг сўнгги кунлари хақида нималар дея оласиз?У кунларни эслаш албатта оғир.

-1983 йилда онамнинг аҳволи кутилмаганда оғирлашиб қолди. Рашидовнинг саъй-харакатлари билан махсус самолётда онамни Москвага Кремль хукумат касалхонасига юборишди. Мени чақириб олдилар. Онам мени яхши кўрардилар. Онам 3 ой Москвада даволандилар. Кейинчалик бир нарсани билган бўлишса керак, шифокорлар онамга рухсат беришди. Онамнинг касаликларини жуда кеч билдик. Олдинроқ билганимизда онамни сақлаб қолармидик?!                                            Онамда касаллик соатлаб тракторда, мажлисларда ўтиришлари туфайли пайдо бўлган. Онам кеча-ю кундуз, юрагини тагида жажжи юракчалар пайдо бўлганда ҳам, қўлида ёш болалар бўлганда ҳам далада меҳнат қилдилар. Ҳалол ишладилар, бировнинг хақига кўз олайтирмадилар. Мен шундай инсоннинг фарзанди бўлганимдан фахрланман.                                                                            Онамнинг “мендан кейин сенга ким қарайди” деган гаплари ҳамон қулоқларим остида. Ахир мен ўшанда атиги 13 ёшда эдим. Ҳозир онам ёшида-46даман. Онамни йўқотиш мен учун қийин бўлган.

Онам тарбияда қаттиққўл эдилар. Биз фарзандлар, онам билан меҳмонга борсак дастурхонга асло қўл узатмаганмиз. Ҳафтасига ўша замон пули бўйича бир сўм берардилар. Клубга ҳиндча кино келса навбатда туриб чипта олардик. Колхоз раисининг, Турсуной Охунованинг фарзандимиз дея ҳеч қачон мақтанмаганмиз.

Ёлғони ёмон кўрардилар.

Маҳалла ва бригада хотин-қизлари билан иноқ эдилар. Улар тайёрлаган ҳар қандай таомни, ҳатто аччиқ-чуччукни ҳам бугун бошқача бўлибди, деб мақтаб-мақтаб танаввул қилардилар.

Дала шийпонида барча шароитлар яратилган эди. Болалар боғчасидан тортиб тиббий пунктгача бор эди. Ҳамшира ишларди. Одамлар буханка нон емасин деган ниятда шийпонда тандир қурилиб, нон ёпиларди.

Тўғри, Наврўз деб айтилмаса-да, аммо ҳар йили сумалак қилинарди. Гоҳ бир қозон, гоҳ икки қозон сумалак пиширилиб, челакларда колхозчиларга тарқатиларди.

Хотин-қизлар ўзларининг шароитларига қараб дастурхон учун у-бу нарса пишириб келишарди. Расмана байрам бўларди. Кейин дала юмушлари бошланиб кетарди. Кузда ҳосил йиғиб териб олингач яна байрам бўларди. Бир йилда икки марта хақиқий байрам уюштириларди. Қишда “Икарус” автобуси буюртма қилиниб Чимёнга сайёҳат уюштирардилар.

Тошкентдан тез-тез машҳур артистлар, саньаткорлар келишарди. Айниқса раққосаларга талаб кучли бўларди. Улар саҳнага чиққанлари каби дала шийпонида ўз санъатларини намойиш қилишлари керак эди. Отарчиларнинг ўйинчиларига ўхшаб ҳар хил кийимда келиб колхозчиларни алдаб кетишларига йўл қўймасдилар. Санъатни яхши тушунардилар.

Ҳар гал Москвага бориб қайтсалар қўни-қўшни, қариндош уруғларга кичик бўлса-да “мозор босди” деб совға олиб келардилар. Ҳаммани яхши кўрардилар.

Қишлоқ тўйлари онамсиз ўтмасди. Йўл-йўриқ кўрсатардилар. Лекин онам ҳамманикига ҳам боравермасдилар. Хижолат бўлардилар. “Мени қай мақсадда чақираяпти”, дердилар.

Бюстлари очилганда анча хижолат бўлгандилар. “Ахир мен тирикман, нима сабабдан бюст ўрнатишаяпти” деганлари эсимда. Лекин юқорининг топшириғи бўлгани учун бюст ўрнатилишига рози бўлган эдилар. (Ўша вақт қонунларига кўра икки марта Қахрамон бўлганларга ўз юртида бюст ўрнатиларди). Лекин ҳар гал бюст олдидан ўтганларида ўзларини бошқача сезиб, хижолат бўлганлари аниқ. Бир сўз билан айтганда бюстлари бўлишни ҳоҳламагандилар.

Мен онамни яхши кўрардим. Тракторларини ҳам яхши кўрардим. Ҳар гал “мени хам далага олиб кетинг” дея хархаша қилардим. Аниқ эсимда, ёшлигимда онам мени далага олиб кетдилар. Тракторнинг асбоб-ускуналари сақланадиган қисмга кўрпача солиб мени ўтқазиб қўйдилар. Ўшанда мен мазза қилган эдим. Бу гапимда асло муболаға йўқ. Тракторга минишдек завқни бошқалар ҳис қилмас, мен ўшанда ҳис қилганман. Севинганман. Бу туйғу ҳамон ёдимдан кўтарилмаган.

Фақат эгат бошига бориб, тракторни қайтараётганларида қўрқиб кетганман. Ўшанда пахта териш машинасини эркаклардек бошқараётган онамга тан берганман. Тракторни маҳорат билан бошқарар эдилар.

-Қаҳрамон сифатида Турсуной Охунова чет элда кўп бўлганми?

— Чет элларда неча марта бўлганлари аниқ ёдимда йўқ. Аммо мен билганим отам билан 1981йилда хорижга чиққанлар. Кемада бир ой дунё бўйлаб сайр қилиб келганлар.

-Механизаторлар хақида гап борганда, уларнинг мой босиб кетган комбензонлари тушунилади…..

-Фикрингизни тушундим, Онам механизатор бўлишларига қарамай жуда озода кийинардилар, бизни ҳам озода кийинишимизга эътибор қаратардилар. Ахир онам, авваламбор тарбияли оила фарзанди эдилар. Иккинчидан кутилмаганда Тошкентдан нозик одамлар(амалдорлар, журналистлар, ёзувчилар, санъаткорлар) келиб қоларди. Уларга мой босган кийимда кўриниш уят эди. Учинчидан онам аёл эдилар. Аёллар ҳар қандай шароитларда, хамиша ўзларига қараб юришлари керак. Онам хамиша озода бўлганлар. Мана шу озодаликлари учун ҳам Турсуной бўлганлар.

-Шу ўринда Турсуной Охунова нима сабабдан механизаторлик касбини эгаллаган деб ўйлайсиз?

-Онам оилада катта қиз эдилар. Оталарини поезд уриб кетганидан сўнг, барча масъулият онамнинг зиммасига тушади. Трактор овозини ёшликдан яхши кўрганлари боис механизаторликка ўқийдилар.

Интернетдаги хабарларда “Турсуной Охунова механизаторликка Қирғизистоннинг Қорасув туманида ўқиди” деган гаплар бор. Аммо бу хақиқатан анча йироқ. Чунки Ўзбекистонда ўша вақтда касб-ҳунар техника билим юртларида яхши ўқитишарди. Пахта терим машиналари ҳам ўзимизда чиққан бир вақтда бошқа республикага бориб ўқишлари хақиқатдан анча йириқ.

Ҳилола билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Камтарлиги ёқди. Дилидаги ҳамма гапларни, жумладан, оила аъзоларидан фақатгина ўзи олий маълумот ололмаганини айтди. Аммо айрим гапларни эълон қилмаслигимни илтимос қилди. Ваъдага вафо қилиб, кўп гапларини ёзмадим.

Бу суҳбат тарихи ҳақида қисқача маълумот берсам. 90-йилларда радиога ишга келдим. Кўп ўтмай, менга “Қатағон қурбонлари” деган эшиттириш тайёрлаш топширилди. Режага кўра,нафақаи 30 йиллар, балки 80-йиллар қатағонлари хақида ҳам эшиттириш тайёрлашим керак эди. Шу жумладан, Турсуной Охунова ва унинг қизи Ҳилола хақида. Ўшанда Чиноз туман хокимиятидагилар Ҳилоланинг бошқа туманга кўчиб кетганини айтишиб, масалага нуқта қўйишган эди. Бугун билсам ўшанда ҳокимиятдагилар ёлғон айтишган экан. Эзгуликнинг эрта кечи йўқ деганларидек Ҳилола билан сухбатлашиш имкони туғилди. Бу суҳбат мазмуни эътиборингизга ҳавола қилинди.

Биз Турсуной Охунова деган қахрамон аёл бўлганини эслатиб ўтмоқчи эдик. Тарихни унутишга хаққимиз йўқ. Адибимиз айтганидек, мозийга қараб иш кўрмоқ, хайрлидир. Бир вақтлар Коммуна Исмоилованинг “Турсуной бўлай дейман, тонналаб пахта терай дейман”, деган қўшиғи бўларди. Куз бошланиши билан ҳар куни телевидение ва радиода бериларди. Бу қўшиқ ҳозир фонотекада сақланиб қолинганми, ёки йўқ. Бу менга қоронғу.

Шарофиддин Тўлаганов

манба:http://dia.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *