«Соққа шилиш»нинг инновацион тури: «Ўзбекконцерт» бизга керакми?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензия талаб қилинадиган фаолият тури ҳисобланади.

Ҳукуматнинг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон қарори билан тасдиқланган концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, лицензия концерт-томоша фаолиятининг олти рейтинг гуруҳлари бўйича берилади.

Оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклиплар тақдим этиш учун I, II, III, IV рейтинг гуруҳлари бўйича лицензия талаб қилинади.

V ва VI рейтинг гуруҳлари бўйича лицензия берилиши тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга концерт хизмати кўрсатиш, шу жумладан кўнгилочар ташкилотларда (клублар, дискотекалар ва ҳ.к.) концерт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг хулосалари асосида Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатлардаги қонунчилик

Ривожланган хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлили аксарият давлатларда фақатгина ўзига тегишли бўлмаган мусиқий асарни ижро этиш учун рухсат олиш амалиёти мавжудлигини кўрсатди.

Масалан, АҚШнинг Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонуни адабий, мусиқий, драматик, хореографик, аудио-визуал ва бошқа бир қатор муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ фаолият турларини тартибга солади.

Унга кўра, шахс омма олдида ёки ОАВ орқали ўзига тегишли бўлмаган аниқ мусиқий асарни ижро қилиш учунгина лицензия олиши лозим. Чунки омма олдида ижро этиш ҳуқуқи юқоридаги қонунга мувофиқ мусиқа эгасининг мутлақ муаллифлик ҳуқуқи ҳисобланади.

Буюк Британиянинг 1988 йилдаги Муаллифлик ҳуқуқи, дизайнлар
ва патентлар тўғрисидаги Қонунига кўра агар бошқа шахснинг мусиқаси бирор жойда мижозлар ёки ходимлар учун радио, ТВ, СD, MP3 ёки компьютер карнайлари орқали ёки жонли тадбирларда ўзга шахслар томонидан ижро қилинса, бу оммавий ижро деб ҳисобланади. Ўз навбатида юқоридаги Қонунга кўра оммавий ижро учун лицензия олиш талаб қилинади. Бундан ташқари Британия қонунчилигига кўра “cover” ижро учун унинг муаллифидан ҳам рухсат олиш лозим. Айни шу амалиёт Германияда ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, АҚШда ҳам, Буюк Британияда ҳам ўзга шахслар қўшиқларини ижро қилганлик учун лицензия давлат ташкилотлари томонидан берилмайди. Хусусан, АҚШда ушбу фаолиятни лицензиялаш Америка бастакорлар, муаллифлар, ноширлар жамияти (ASCAP), Broadcast Music, Inc. ҳамда SESAC, Inc. каби ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур давлатлардаги мусиқий асарни ижро этиш учун бериладиган лицензия бизнинг қонунчиликда назарда тутилган лицензиядан тубдан фарқ қилади. Бизда лицензия фаолият юритиш учун тақдим этилса, АҚШ, Буюк Британия, Германияда лицензия шахсга тегишли бўлмаган аниқ бир мусиқий асарни маълум бир ҳудуд доирасида ёки вақт давомида ижро этиш ҳуқуқини (маълум бир ҳаракатга рухсат) беради.

Россия Федерациясида ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаларида мусиқий фаолиятни лицензиялаш амалиёти мавжуд эмас.

Туркманистон Республикасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, маданият ва санъат фаолияти лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қаторига киритилган.

Мазкур фаолият турлари Туркманистон Маданият ва радиоэшиттириш вазирлиги томонидан лицензияланади. Унга кўра, фақат концертлар, мусиқа кечалари, ижодий учрашувлар ўтказиш учун лицензия талаб қилинади, бошқа фаолият учун, жумладан, ТВ, радио ва бошқа ОАВда қўшиқ ёки клип чиқариш учун лицензия талаб қилинмайди. Лицензия бериш учун 500 туркман манати (Марказий банк курси билан 1 млн 354 минг 620 сўм) миқдорида бож ундирилади. Ўзбекистонда мазкур сумманинг минимал миқдори 8 млн 920 минг сўмни ташкил қилади.

Муаммолар

  1. Қонунчиликка мувофиқ санъаткор телевидение ва радиога видео ёки аудиомаҳсулот тақдим этиши учун лицензия олиши шарт бўлса-да, телевидение ва радиода фақатгина лицензияси мавжуд санъаткорларнинг видео ёки аудио маҳсулоти чиқарилиши лозим, деган талаб қонунчиликда мавжуд эмас.

Бу борада телевидиниедаги амалиёт оғзаки сўров йўли билан ўрганилганда, амалиётда давлат телеканалларида лицензия фақатгина эстрада йўналишида фаолият юритувчи санъаткорлардан талаб қилиниши, мумтоз ва мақом йўналишида фаолият юритувчи санъаткорлардан одатда лицензия талаб қилинмаслиги маълум бўлди. Хусусий телеканаллардаги амалиётга кўра, лицензия талаб қилинмайди, эфир вақти учун тегишли тўловни амалга оширган санъаткорнинг видеоклипи телеканал бадиий кенгаши рухсатига асосан эфирга узатилади.

Бундан ташқари, интернет тармоғидаги видеохостинглар (youtube, facebook, mover.uz ва ҳ.к.) орқали ҳам бемалол видео ёки аудио маҳсулот айлантирилиши мумкин. Бу ҳолат ҳам санъаткорларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

  1. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан бериладиган лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши лозим бўлса-да, бугунги кунда лицензия 5 йил муддатга берилмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 11 апрелда ПФ–5409-сон “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 июндан айрим фаолият турларидан бошқа барча фаолият билан шуғулланиш учун бериладиган лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши белгиланган.

  1. Тугатилган лицензияни айрим сабабларга кўра эгаларига яна қайтариш қонунчиликка зид.

Кўп ҳолатларда муассаса томонидан тугатилган лицензиялар, у ёки бу асоссиз сабабларга кўра, маълум муддат ўтганидан сўнг ўз эгаларига қайтарилганлиги тўғрисида расмий хабар берилади.

Маълумот учун: “жумладан, хонанда Абдулла Қурбонов, Жаҳонгир Отажонов, Шаҳло Аҳмедова ҳамда Ҳалима Ибрагимовалар бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини билдиришганлиги сабаб лицензиялари қайтарилганлиги эълон қилинди”, дейилади муассасанинг расмий сайтида.

Ҳолбуки, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг лицензия муассасага қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак. Демак, бу ҳолатда лицензияни қайтаришнинг имкони мавжуд эмас. Лицензия асоссиз равишда тугатилган тақдирда лицензияни тиклаш суд тартибида амалга оширилиши лозим.

  1. Санъаткорларнинг аҳоли фикрига катта таъсир кўрсатиш имконияти мавжуд.

Маълумот учун: хонанда Райҳон Ғаниевани инстаграм профилида 2,8 млн нафар, Лола Йўлдошеваникида 2,2 млн, Шохрухон Юлдашевникида 2,1 млн, Юлдуз Усмонованикида 740 минг нафар кузатувчи мавжуд.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан уларни мажбуран турли хил тадбирларга жалб қилиниб хизмат ҳақи берилмаётгани ҳақидаги фикрлари бевосита давлат ҳокимияти органлари обрўсига салбий таъсир ўтказмоқда.

Бундан ташқари, у ёки бу санъаткорнинг лицензиясини олиб қўйилиши ҳақидаги хабарлар эса катта резонанс келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, истеъдодли бир қатор ёш ижодкорлар лицензия олиш учун етарлича маблағга эга эмас ва бунинг оқибатида улар ўз ижодини давом эттиришда қийналишмоқда. Бу ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Маълумот учун: концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 13 бараваридан 195 бараваригача давлат божи ундирилади.

  1. Солиқ кодексига асосан концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун давлат божи тўловчи жисмоний шахслар мазкур фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади. Бу ҳам бошқа солиқ тўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Таклифлар

  1. “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини лицензиялаш билан боғлиқ функцияларини тугатиш, концерт-томоша фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни солиқ органлари ва маҳаллий ҳокимликларга тақдим этиш. Бунда концерт-томоша тадбирларига бир марталик рухсатнома бериш амалиётини сақлаб қолиш ва мазкур давлат хизматини Давлат хизматлари марказларида кўрсатишни жорий этиш.
  2. Санъаткорларга умумий асосда олган даромадига солиқ солиш амалиётини жорий этиш.
  3. Санъаткорлар фаолиятини ахлоқий жиҳатдан тартибга солиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи ҳамда санъаткорларни бирлаштирувчи янги нодавлат нотижорат ташкилот ташкил этиш.

Нурбек Алимов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.