Коммунал хизматининг ҳечам битмас муаммолари

Кўпқаватли уйлардаги хонадонлар қишда нима билан иситилиши керак, деган саволга барча бирдек жавоб беради: “Албатта, иссиқлик манбаи билан”. Бироқ мана неча йилдирки, ҳатто Самарқанд шаҳрининг кўплаб ҳудудларига иссиқлик етиб бормаётгани сабабли уйлар табиий газ билан, яна қатор жойларда электр энергияси билан иситилмоқда.

Туманларда жойлашган кўпқаватли уйларда иссиқлик таъминоти ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили бўлиб қолди. Доимий электр энергияси ва табиий газ таъминоти ҳақида гапиришга ҳам ҳали эрта. Хўш, унда туманлардаги кўпқаватли уйларда яшовчилар қишда қандай ҳаёт кечиради? Умуман, коммунал хизматларнинг аҳволи қандай? Ургут туманидаги бир қатор кўпқаватли уйларни ўрганиб, шу саволга жавоб изладик.

31 та қўпқаватли уйга битта ширкат

Туман марказида жами 31 та кўпқаватли уй мавжуд бўлиб, ана шу уйларнинг барчасига “Зуҳра Санам” уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Бу борада туманни ўзига хос рекорд соҳиби дейиш мумкин. Негаки, ҳозирги замонда бой моддий-техник базага эга ширкатлар ҳам нари борса, бешта уйга хизмат кўрсатяпти. Бундан ортиқ уйга хизмат кўрсатишга ширкатнинг на вақти ва на имконияти бўлади. Ургутда эса 31 та кўпқаватли уйдаги 600 га яқин хонадонга 10 нафар ширкат ходими хизмат кўрсатиши керак. Агар битта канализация ходими ҳар куни иккита хонадондаги муаммони ўрганиб чиқса ҳам барча хонадонларга бош суқиш учун унга қарийб бир йил вақт керак.

“Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги ¤збекистон Республикаси Қонуни кучга кирганига 11 йилдан ошди. Ушбу қонунга кўра, битта ёки унга ёндош бир нечта уйга битта ширкат хизмат кўрсатади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир». Ушбу қонун эълон қилингач, республиканинг барча ҳудудларида ширкатлар қайтадан тузилди. 4-5 та кўпқаватли уй яшовчиларига хизмат кўрсатувчи биттадан ширкат ташкил этилди. Ўатто фақат иккита уй учун ҳам ширкат ташкил этилган ҳолатлар кўп. Ургутда эса… 29 таси ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган бу кўпқаватли уйларнинг аҳволи, хизмат кўрсатиш сифати ҳақида тасаввур қилаверинг. Юқоридаги қонуннинг туманга етиб келишига 11 йил камлик қилган шекилли.

Ўттиз йиллик канализация

Ширкатдаги биргина канализация тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун ҳали бир неча йил ишлашга тўғри келади.

– Бу уй қурилишидан бир йил ўтиб, 1984 йилда кўчиб кирганман, — дейди 9-уйда яшовчи Г.Аҳадова. – Мана, орадан салкам ўттиз йил ўтибдики, ҳали бирор марта канализация тизими янгилангани, ҳатто капитал таъмирланганини эслолмайман. Шундай экан, бизнинг уйлардаги санитар ҳолатни тасаввур қилаверинг.

Навбоғ маҳалласидаги кўпқаватли уйларни кўздан кечирарканмиз, оқова сувлар тўпланган ўраларнинг яқиндагина кўмиб ташланганига гувоҳ бўлдик. Маълум бўлишича, катта канализация қувури яроқсизлиги туфайли йиллар давомида оқова сувлари тошиб кетган. Уйлар атрофида антисанитар ҳолат юзага келган.

– Жорий йил 1 май куни ширкатда иш бошлагач, уйларни ўрганиб чиқиб, ачинарли санитар ҳолатга дуч келдик, — дейди ширкат раиси С.Суяров. – Биринчи навбатда канализация тизимини яхшилаш керак эди. Туман ҳокимлигига аҳволни баён этгач, 5 май куни 421 миллион сўм кредит ажратилди. Канализация қудуқлари тўлиб кетиб, уйлар атрофига ҳам оқова тўплана бошлаган эди. Барчаси тозаланиб, янги қудуқлар олинди. 38 метр канализация қувурлари тортилди. Тўғри, бу жуда оз, аммо ўнлаб йиллар давомида тўпланиб қолган бу муаммони бирданига бартараф этиш ҳам қийин.

Дарҳақиқат, учта уйнинг канализация тизими қайтадан қилинган. Ертўлалар тозаланиб, яроқсиз қувурлар алмаштирилган, қолганлари бўялиб, изоляцияланган. 15 миллион сўмлик янги канализация қувурларига буюртма берилган. Айрим жойларда уларни ўрнатиш ишлари ҳам олиб бориляпти. Аммо юқорида айтганимиздек, канализация тизими фақат бир нечта уйларда янгиланган. Тумандаги барча уйларни қамраб олиш учун эса жуда катта маблағ, ишни тўғри ташкил этиш талаб этилади.

Ҳар ким уйи устини ўзи ёпади

Шу йил 5, 7, 9-уйларнинг том, ертўла қисмлари, йўлаклар ва уйнинг ташқи кўриниши таъмирланди. Йўлакларга бетон ётқизилиб, подъездларга темир эшиклар ўрнатилган. Қолган уйларда эса бундай ишларни амалга ошириш ҳали-бери имконсиз. Уйларнинг ҳолатини ўрганарканмиз, ойна қўйилмаган фрамугалар ҳам, темир эшик қўйилмаган подъездлар ҳам оз эмаслигига гувоҳ бўлдик. Аҳоли билан суҳбатда эса қишда сув ўтмаслиги учун ҳар ким ўз уйи устини ўзи таъмирлаб олиши маълум бўлди.

Ҳудуддаги айрим уйларнинг ертўлалари тартибга келтирилган. Аммо бетон қилинмаган, ҳалигача сув ўтадиган ертўлалар бор. Уйлардан бирининг ертўласини аҳоли омборхона қилиб олган. Болалар ўйинчоқлари ҳам, турли маиший буюмлар ҳам, хуллас, хонадонларда нима ортиқча бўлса, ертўлага туширилган.

«Қишда уйларга кириб бўлмайди»

Иссиқлик масаласида аҳоли билан суҳбатлашганимизда худди шу гапни айтишганида ҳайрон қолгандик. Кейин билсак, уйларни иситиш учун ўтин ва кўмир ёқиларкан. Кўпқаватли уйлар на ўтин ва на кўмирга мослашгани сабабли қишда хонадонлардан уззукун печкадаги кўмир ва ўтин тутуни аримайди. Уйларни кўздан кечираркансиз, ҳар бир хонадон қоидага хилоф равишда деворларни тешиб, қўлбола мўри ясаб олганига гувоҳ бўласиз. Деярли барча уйлар деворларининг ташқи қисми қорайиб кетганидан ҳам англаш мумкинки, бу мўрилар табиий газ учун эмас.

– Нима билан иситардик, албатта, кўмир билан-да, – дейди кўпқаватли уйда яшовчи М.Турсунова. – Бу уйларда қачон иссиқлик манбаи бўлганини ҳеч ким эслолмаса керак. Илгари табиий газ билан уйларни иситардик, газ келмай қўйганига ҳам анча йил бўлди. Кимдир газ баллони, кимдир кўмир билан, хуллас, ҳамма ўзи эплаган йўл билан қишда жон сақлайди.

Кўпинча кўпқаватли уйларни табиий газ билан иситишнинг инсон саломатлиги учун хавфли экани айтилади. Модомики, табиий газ билан уйни иситиш инсон саломатлигига зарар экан, кўпқаватли уйларни кўмир билан иситиш инсон ҳаёти учун қанчалик хавфли. Аслида бу каби маърузалардан кўпчилик безиб бўлган, нима бўлганда ҳам совуқда жон сақлаш керак-ку. Хуллас, ҳозирча тумандаги иккита – 15 “А” ва 15 “Б” уйларда табиий газ бор. Қолган уйларда истиқомат қилувчилар беш-олти йилдан буён қишни қандай ўтказишаётган бўлса, бу йил ҳам шундай қилишади. Чунки иситиш муаммоси ечими бўйича аҳоли ҳозирча ҳеч қандай янгилик эшитган эмас.

Аҳоли пул тўлашни истамайди, хўш, коммунал хизмат қандай яхшиланади?

Уй-жойларни сақлаш, таъмирлаш ишлари, умуман, ширкат фаолияти, табиийки, хонадон эгаларининг ойлик тўловлари асосида амалга оширилади. Ҳозирги пайтда бу тўлов бир квадрат метр учун 450 сўм этиб белгиланган. Аммо ушбу тўловни жорий йил таъмирлаш ишлари олиб борилган 5, 7, 9-уйлардаги айрим фуқаролар амалга оширади, холос. Мисол учун, ҳозирда бир ой давомида ширкатга жами 1,5 миллион сўм тўлов амалга оширилган. Бу пул банкдан олинган имтиёзли кредитнинг фоизларига етади, холос. Уйларни сақлаш ишлари эса яна қолиб кетаверади. Бошқача айтганда, қолган уйларнинг аҳволини бундан кейин ҳам яхшиланади, деб айтиш қийин. Аҳоли билан суҳбатлашганимизда кимдир «Аввал хизмат кўрсатсин, кейин пул берамиз» деса, яна кимдир «Шунча йил хизмат кўрсатмаган ширкат энди ишлармиди», дейди. Ширкатлар фаолияти ҳақида аҳолида мутлақо тушунчанинг йўқлиги ишни яна ҳам қийинлаштиради. Айрим фуқароларнинг «Марҳамат, уйимни таъмирлаб берсин, кейин тўлайман», деганидан ҳам буни билиш мумкин.

Хуллас, ширкат ва аҳоли ўртасида узоқ йиллардан буён мана шундай муносабат шаклланган. Бу эса мутасадди идораларни қизиқтирмаган ҳам. Охир-оқибат кўпқаватли уйларнинг аҳволи бугунги даражага келиб қолган. Дарвоқе, республикамизда коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва унинг туман, шаҳар органлари иш бошлаганига ҳам бир неча ой бўлди. Вилоят миқёсида бошқарма томонидан йирик лойиҳалар амалга оширилаётган бир пайтда Ургутда ҳали ҳам ходимларни ишга олиш, расмийлаштириш жараёни кетмоқда. Жуда катта умидлар билан ташкил этилган бу идора Ургутда қачон ишга киришади?

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

«Зарафшон» мухбири.

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *