Кириш имтиҳонлари: адолат қачон қарор топади?

20-21 июль кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)га 2017-2018 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. 1,4 минг нафарга яқин абитуриент Тошкентдаги «Ўзкўргазмасавдо» АЖ биносида имтиҳон топширди. Бу жараён интернет орқали бевосида видеотрансляция қилинди. Яна бир жиҳатга эътибор беринг: ҳозирнинг ўзида 42 нафар абитуриент 20 июнь куни бўлиб ўтган IUT нинг Тайёрлов курслари якуний имтиҳонлари натижасига кўра Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаларига айланишди.
Кўраяпсизми? Мақсад йиқитиш, ерга топташ эмас. Мақсад энг муносибларни танлаб, саралаб олиш. Шунинг учун ҳам кириш имтиҳонидан олдиноқ тайёрлов курсларида кўзга ташланиб қолган иқтидорли абитуриентлар талаба бўлди. Улар энг муносибларни танлаб олишаяпти, уларга янаям кўпроқ имконият берилаяпти, ўссин, унсин, билимли бўлсин, малакали мутахассис бўлиб етишсин, дейилаяпти! Ана шундай холислик ва адолат билан танлаб олинган талабалар бугун мўъжизалар яратмоқда, кашфиётлар қилиб, кутилган натижаларни намоён этмоқда! Ана ўшалар Қозоғистонда бўлиб ўтаётган EXPO 2017 халқаро кўргазмаси Ўзбекистоннинг шаънини муносиб ҳимоя қилаяпти. Яна ким бор, қайси ОТМ, қайси тадқиқот институти вакили бор у ерда?! Ахир Ўзбекистонда қарийб юз йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган ОТМлар борку!
Миллий ОТМлардаги аҳволдан хабарингиз борми? Адолатсизлик, бировнинг ҳақига зулм қилиш олийгоҳга ҳужжат топширишдаёқ бошланаяпти. Ижодий имтиҳонларда ҳақиқий иқтидор эгаларига энг паст баҳолар қўйилмоқда. Эндигина катта ҳаётга қадам қўяётган мурғак қалблар кўз ўнгида адолатсизликлар рўй бераяпти. Энди уларни Ўзбекистонда адолат, ҳақиқат бор, деб сира ишонтира олмайсиз! Гапимга исбот-далил сўрамоқчи бўлганларга ижодий имтиҳонлар ўтказилаётган ОТМларга бориб энг юқори балл олганлар билан суҳбат уюштириб кўришсинчи, билишади асл ҳақиқатни. Бу йилги имтиҳонлар ҳам юз фоиз ҳаққоний ўтади, деган гап-сўзларга унча ишонмайман. Чунки хабарларда кимларнингдир ўқишга киритиб қўяман, деб қўлга олинаётганлар юздан, мингдан бир ҳолат. Ҳақиқий наҳанглар, ебтўймас акулалар эркинликда, сочлари оппоқ профессорлар, ректорлар мавсумдан унумли фойдаланиш пайида…
Шундай хаёллар ичида савол туғилади: нега бошқа ОТМларда ҳам Инҳаники каби барча жараёнларни шаффофлаштириш, битта очиқ жойда имтиҳон олиб, уни онлайн видеотрансляция қилишга киришилмаяпти? Бунга техник салоҳият етмайди, деб ўйлайсизми? Балки бу йил ҳам пул ишлаб олайлик, кейинги йилларда қилармиз, деган таклиф бўлдимикан?

Санжар Саид

5 комментариев

  1. Eng asosiysi tanish bilishlik yo’q imtihon paytida hamma o’zbeklarni chiqarib ko’reyslar o’zi nazorat qilib turdi. Atrofga qarab gaplashishga urinsa javoblar varaqasini yirtib tashlayapti.
    Xullas imtihonga gap yo’q

  2. Ҳақиқий наҳанглар, ебтўймас акулалар эркинликда, сочлари оппоқ профессорлар, ректорлар мавсумдан унумли фойдаланиш пайида…
    Тили ва дили бошка одамлар. Гиппократ касамидай онт ичтириш керак.

    Бунинг хаммаси иш уринлари камлигидан. Яхши иш урин булса укиб нима бор.
    Институт пора, Корея пора, ишга кириш танишлик качон адолат булади.

  3. Уйлаб ёзинг муаллиф. Мен хам институтда ишлайман. Мен учун бу ишлар бегона. Чунки ундай харом пулни (ха албатта, ХАРОМ пулни) фарзандларим учун сарфласам окибатда нима булишини яхши биламан. Илтимос, бунда кимларнидир истисно килиш керак. ОТМларда бу жараёнга аралашмайдиган халол укитувчилар куп. Хаммасига юкоридагидек хукм укиш нотугри. Хакикатан шунака ректорлар бор. Асосан ректорлар килади бунака ишларни. Мен улар пора олиб киритган талабаларни укитаман. Жонимга тегиб кетди бундай саводсизлар. Колаверса, ОТМдан ташкарида, яъни алокаси булмаган шахслар ундан куп. Кимлари назарда тутганимни тушунгандирсиз. Уларни айтгани айтган, дегани деган. Ёзинг уларни хам. Махаллий хокимиятда хам бор бундай шахслар. Ёзинг уларни хам. Факат ОТМми?

  4. Уйлаб ёзинг муаллиф. Мен хам институтда ишлайман. Мен учун бу ишлар бегона. Чунки ундай харом пулни (ха албатта, ХАРОМ пулни) фарзандларим учун сарфласам окибатда нима булишини яхши биламан. Илтимос, бунда кимларнидир истисно килиш керак. ОТМларда бу жараёнга аралашмайдиган халол укитувчилар куп. Хаммасига юкоридагидек хукм укиш нотугри. Хакикатан шунака ректорлар бор. Мен улар пора олиб киритган талабаларни укитаман. Жонимга тегиб кетди бундай саводсизлар. Колаверса, ОТМдан ташкарида, яъни алокаси булмаган шахслар ундан куп. Кимлари назарда тутганимни тушунгандирсиз. Уларни айтгани айтган, дегани деган. Ёзинг уларни хам. Махаллий хокимиятда хам бор бундай шахслар. Ёзинг уларни хам. Факат ОТМми?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *