Кимга ишониш мумкин?

Охирги вақтлар интернет қарама-қарши ахборотларга тўлиб-тошди. Одам қайси бирига ишонишни, кимнинг ахборотини тўғри деб қабул қилишни билмай қолади ҳам. Шу билан бирга, айрим турдаги ахборотларга расмий жавоб ёки муносабат билдирилмаслиги, жимлик ва мавҳумлик ҳам киши иккилантириб қўяди. Хусусан, ўн йиллардан буён Усмон Ҳақназаров номи остида мағзава ахборотни тарқатиб келаётган нусха(лар) ортида спорт журналисти Бобомурод Абдулла тургани ҳақидаги иддаодан кейин турли жавобсиз саволлар болалади.

Чет элда муҳожирликда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг баёнотига унчалик ишонмадим. Шу билан бирга Бобомурод Абдулланинг ҳам “фаришта” эмаслигига далиллар кўп, хусусан Фейсбукдаги профили кўздан кечирилса, футбол расмийлари билан бир қаторда Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан антипатия борлигини ҳам яққол кўриш мумкин. Эҳтимол мухолифат билан аралашиб юрган бу “пиёда” катта наҳангларга керак бўлмай қолиб, уни қайсидир манфаати учун қурбон қилиб юборишгандир. Агар бу тахмин ўзини оқласа, Ўзбекистонда юрган ҳақиқатталаблар дўпписини ерга қўйиб яхшилаб ўйлаб олиши керак бўлади. Ким учун бошини дорга тикиб катта ўйинга аралашаяптию, вақти келиб ундан ҳам осонгина воз кечиб юборишмасмикан?

Қилмиши фитна-фасод тарқатиш, оддий одамларда давлат ва ҳукуматга нисбатан норозилик, ишончсизлик кайфиятини уйғотишдан иборат бўлган номининг ҳам, ўзининг ҳам тайини йўқ одамнинг турган-битгани зарар. Айниқса катта ўзгаришлар остонасида турган, янги Ўзбекистон бугун қўллаб-қувватлашга ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж сезмоқда. Бу кўмак ҳам сўз, ҳам амал билан бўлиши керак.

Интернетдаги қандай хабарларга ишониш мумкин, деган саволга келсак, энг аввало манбаси аниқ ва ишончли янгиликларни тавсия қилган бўлар эдим. Хоҳ танқидий, хоҳ таҳлилий, хоҳ ахборий руҳда бўлсин, бугун Ўзбекистон ичидаги Kun.uz, Gazeta.uz, Daryo.uz, Sof.uz, Tafsilot.uz, Podrobno.uz, Anhor.uz, Uz24.uz каби интернет нашрлари етиб-ортади. Улар сони кундан-кун кўпаймоқда. Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот / Диалог с народом” гуруҳи ҳам турли мазмундаги ахборотларнинг ишончли манбасига айланиб улгурди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам ҳар кимга ишониб, эргашиб кетавериш ярамайди. Ўзи ким, асл мақсади нима, тарқатаётган маълумотлари қай даражада ҳақиқатга яқин — бир марта бўлса ҳам тарозига солиб кўриш керак. Энг яхшиси фақатгина кимлиги, касби аниқ, расми бор фойдаланувчиларга ишонч билдириш мақсадга мувофиқ. Троллар, маска-аккаунтлар, сохта исм-шариф ва тахаллуслар билан кирувчилардан узоқроқ бўлган маъқул.

Ҳар қандай ахборот қаршисида ўзингизга қуйидаги саволларни беришга эринманг:

— бу хабар ҳақиқатми-йўқми?

— унинг манбаси қаер?

— ким менга бу ахборотни узатаяпти?

— нима мақсадда бу ахборот тарқатилаяпти?

— бу хабарнинг менга қандай алоқаси бор?

— уни ўқиганимдан кейин менга бирор фойдаси тегадими?

Сизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, фойдаси ҳам, зарари ҳам тегмайдиган янгиликлар учун вақтингиз, асабингиз, интернет трафигингиз ва маблағингизни сарфлашдан нима наф?

Яна бир гап: сизга алоқаси бўлмаган ахборотлар билан кўп ўралашиш ёқимсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Айримлари саломатлик учун зарарли оқибатларни келтириб чиқарса, баъзиларини сақлаш ва тарқатиш қонунга хилоф. Афсуски, интернетда қайси ахборот манбалари, қандай ахборотларнинг тақиқланганини билиш қийин. Чунки улар рўйхати тузилиб, ҳамма ўқиш мумкин бўлган жойга илиб қўйилмаган…

 

Санжар Саид

8 комментариев

  1. АЖАБО!!! САЙТДА ЁЗИЛГАН НАРСАНИ У’К’ИБ ЧИКМАСДАН НИМА МАКСАДИ БОРЛИГИНИ БИЛИБ БУ’ЛМАЙДИ-КУ ЖАНОБ!!! ЁКИ САЛБИЙ ЁКИ ИЖОБИЙЛИГИНИ РАНГИДАН АЖРАТИБ БУ’ЛМАСА. МАНА ШУ БЕМАНИ МАКОЛАНИ ХАМ КИММАТЛИ ВАКТИМНИ КЕТКАЗИБ У’КИБМАН. АБСУРД…

  2. Санжар Саиднинг эълон қилган ушбу мақоласи юзасидан шуни айтишим мумкинки, муаллиф бир блогер-журналист сифатида, бугунги мустақиллик шароитида ёшларимиз орасида ўзингизнинг жасур, фаол ва ғайратли киши сифатида алоҳида ўрни, таланти, сўзи билан ажралиб туради. Фаолияти таҳсинга лойиқ. Мен унда кузатган алоҳида бир жиҳат шуки, бу кескинлик. Зиёли ва ижодкор инсонларда учраб турадиган хусусият. Лекин, мана шу жиҳат билан бирга журналист-ижодкор бирон шахснинг, қолаверса, сиёсий майдондаги феноменнинг ташвишли ва изтиробли, айтиш мумкин бўлса, қаҳрамонона ҳаёти, фаолияти, ҳақида ёзар, муносабат билдирар экан, бу каби муносабатнинг максимал даражада ҳолис бўлишига эришиши керак. Уша инсон ёки воқеани чуқур ўрганиб турли маълумотлар йиғиши, мантиққа асосланиб кучли таҳлилни омухта қилган ҳолда ёритса оддий зиёлилар, бутун халқ ичида оммабоплиги (машхурлиги, популярлиги) яна ҳам юксалади. Назаримда, у бу борада Бобомурод Абдулла ва Муҳаммад Солиҳ мавзусида кескинликка, мавҳумликка, шошқалоқликка оғиб кетгансиз. Ушбу инсонлар ҳақида тўла ишонч билан ёзиш учун ўзбекона айтганда, киши улар билан ҳеч бўлмаганда “бир пиёла чой ичган бўлиши” ёки ҳиссиётларга берилмай конкрет далил келтириши керак, шундай эмасми?
    Мен Муҳаммад Солиҳни шахсан танимайман ва у киши билан бирон ерда учрашмаганмаган. Лекин, бир интелектуал, зиёли, инсоф ва виждондан ўзоқ бўлмаган киши сифатида шуни айтишим мумкинки, 1999 йил 16 феврал портлашларидан кейин бутун маҳаллий ахборот воситаларида болалаб кетган “халқ душмани” принципидаги маълумотлар менда у кишининг шахсияти ҳақида қизиқишимга, имкони борича маълумотларни турли манбалардан чуқур бир ўқиб ўрганган ҳолда таҳлил қилиб мустақил фикрга келиш эҳтиёжи туғилган эди. Ушанда 17 ёшда эдим. Табиийки, уша пайтда кўпчиликда бўлгани каби менда ҳам бу мудҳиш воқеа бўйича зиёли инсон сифатида бир тўда саволлар пайдо бўлган. Шу жумладан:
    Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов, Солиҳ Муҳаммадамин бўлса керак. Исм-шарифнинг совет давридаги бўзиб рамийлаштириш сиёсати) ким ўзи? Нега қайта қўриш даврида ўз юртининг мустақиллиги учун юракдан ёниб-куйиб, топталган, қадрсиз ўзбекнинг шаънини турли давраларда ҳимоя қилган, қатъий принципиал позицияда турган шоир ва ёзувчи, янги тўлқиннинг бир вакили ўз юртида қон тўкиши керак? Уни ўз юртидан чиқиб кетишига қандай сабаблар мажбур қилган? Қандай қилиб ўзининг “Орзу фуқароси” (1990) шеърий тўплам, “Кўзи тийран дард” (1990) каби 90-йилларда, ҳатто, бугунги кунда ҳам ўзбек ҳаёти учун ўз қадри ва аҳамиятини йўқотмаган долзарб масала-муаммолар ҳақидаги мавзуларни қамраб олган публицистик асари ёки бўлмаса инсоният онгида ўзгариш ясаган Франц Кафканинг “Жараён”ини таржима қила олган, ноёб ва каттагина истеъдод эгаси – ёвузлик сари бориши, қўли қонга ботиши мумкин? Солиҳ хотин-қизларни паранжига қайтариш тарафдори деган тўқималар қаердан чиққан? Сўнгги йилларда унинг “Пайғамбарлар тарихи” номли кўп жилдли илмий асарни ёзишига қандай омил сабаб бўлди?
    Туғри, Муҳаммад Солиҳнинг ўз Ватанида исталмаган шахсга айланиб қўвғинга учрагани, таъқибга олинганидан кейин унда “аламзадалик” юзага келган бўлиши мумкин. Бу табиий, ҳар ҳолда инсон психологияси шундай. Лекин унинг портлашларга, гуноҳсиз кишиларнинг қони тукилишига бош қўшганлигига ҳеч ишонгим келмасди. Ва бир неча йиллар ўтиб кейин, тахминан 2012 йилда хабар топдимки, кўп ўтмай, уша вақтларда ич-ичимдаги бу шубҳаларим ўз тасдиғини топган экан. Бу тасдиқнинг эгаси эса, Олий Суд маҳкамасидан кейин ҳукм қилиниб қамоқда ўтирган Зайниддин Асқаров экан. Унинг инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари вакиллари, BBC Uzbek, Ozod Yevropa Ozodlik radiosi, Amerika ovozi ва бошқа қатор журналистлар тамонидан ўтказган матбуот йиғилишида МХХ ходимининг ўзи кўтмаган тарзда йўл қўйиб берган имкониятидан фойдаланиб Зайниддин Асқаровнинг Муҳаммад Солиҳ шаънига суд пайтида берган кўрсатмаси учун сўнгги пушаймон бўлиб айтган кечирим сўзларининг аудиоёзуви интернетда турибди. Афсуски, шундан сўнг у қамоқда бевақт улим топган. Мустақиллик даври журналистикамиз тарихида, умуман мустақиллик даври тарихимизда Солиҳ шахсияти билан боғлиқ анчагина чалкашликлар бор. Бунинг учун Солиҳ билан бирга унинг тарқатилган партиясидаги сафдошларига нисбатан ҳолис ва босимлардан ҳоли мустақил комиссия ишини ташкил этиш, у ва унинг сафдошлари фаолиятига ҳолис ва ҳаққоний баҳони бериш, ярашув жараёнини амалга ошириш эҳтиёжи мавжуд. Албатта, бунга тиш-тирноғи билан қарши бўлган “ақлли одамлар” ҳам топилади. Лекин, асосий гап ҳозирги ислоҳатпарвар раҳбарият ўзида ҳоҳиш ва куч, ирода топа олишида. Ҳар ҳолда Солиҳнинг кейинги вақтлардаги чиқиш ва фаолиятида Президент Шавкат Мирзиёевга ҳайриҳоҳлик ҳоҳиши, ишонч ўса бошлаган. Солиҳ ҳам ғурра ёшлардан эмас, донишманд ёши, 68 ёшда. Ўйлашимча, Муҳаммад Солиҳнинг асосий “айби” ҳақ сўзни тортинмасдан айтганлиги ва марҳум Ислом Каримовдек “сиркаси сув кўтармас” зиддиятли номзодга рақиб бўлгани, шунингдек, “сайловдаги мағлубият”дан кейин ҳам дунёвий муҳолифатдаги фаолиятини давом эттириб марҳум Ислом Каримовнинг ваъдаларига оғмаганлиги. Марҳум махбус Асқаровнинг юқорида эслатилган аудиоёзувда Солиҳ 16 феврал воқеаларидан сал аввал Ўзбекистон Ислом ҳаракати амири Тоҳир Йўлдош билан Ўзбекистон сиёсий ҳаётига қайтиб кириш масаласида Афғонистон ва Туркияда учрашиб сўзлашган. Лекин Туркиядаги иккинчи учрашувда Муҳаммад Солиҳ Т.Йўлдошнинг ёндошув усули яъни қўролли босқин борасида даҳанаки жанжаллашиб, ундан юз ўгирганига гувоҳлик берган. Қолаверса, БМТда Солиҳнинг шахсияти ва фаолиятига оид махсус адолатли қарор ҳам қабул қилинган бўлса. Айтиш мумкинки, мен ҳам миллатимни, Ватанимни севаман, Ўзбекистонда усиб-улғайиб, Ватанимда таълим-тарбия олганман ва шубҳасизки, Муҳаммад Солиҳга нисбатан расмий муносабатларнинг мазмунини ўқиганман, ўрганганман. Ҳолис фикрга эса, унинг биографияси, моҳирона ўзоқни кўра билишини зонал, регионал ва глобал сиёсат мавзуларида ёзган мақолаларидан кузатиб, ўз бошидан кўрган-кечирганлари, сиёсий сабоқ ва тажрибаларини эса “Йўлнома” асари билан танишган ҳолда келганман. Китобда билдирилишича, қанчалик пародоксал бўлмасин, Муҳаммад Солиҳ ўз вақтида рақиби Ислом Каримов ва унинг бутун бошли командасини самолётда бўлиши керак бўлган фитнали улимига рози бўлмаган. Инсонлар ҳаётини азиз билган.
    Инша Аллоҳ, миллатимизнинг зиёли фарзандларидан бири юзи ёруғ бўлиб, Худонинг иродаси, адолати билан ўз Ватани ва миллати ичига қайтар. Янги раҳбарият ҳам ўтмиш чалкашликларини, гина-қудратларини орадан йўқотиб, ўзаро тушуниш ва дўстлик ғалабасига тарихий ҳиссасини қўшади деб ўйлайман. Буни аввало, зиёлиларимиз, ёшларимиз яхши англаган ҳолда қўллаб-қувватлаши керак. Етар бир-биримизга кимларнингдир сийқаси чиққан иғво-буҳтони сабаб билиб-билмай тош отишларимиз, лой чаплашларимиз. Етар томошабинлик қилганимиз, нафс ўйловини қилганимиз. Етар ўзи ва дарди бегоналарнинг ўйинини ўйнаганимиз. Шахсан, мен бир ҳолис ўзбек сифатида шуни орзу қилаяпман, чин юракдан истаяпман.
    Ишонаманки, юқоридаги мулоҳазага ундовчи фикрлардан кейин виртуал оламда янги ва бойитилган муроса гап айтилади.
    Ҳурмат билан камина

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *