«Кимда қандай фикр ва таклифлар бор дейилганда ҳамма жим!»

Мен бу мақолани ёзмоқчи эмасдим. Аммо кўпчилик имомлар бу ҳақида ёзишимни сўрадилар.

Шу йилнинг 23 ноябрь куни Ислом университетида имом-хатиблар, ноиби имомлар, маънавият ва маърифат, маҳалла бирлашмаси аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ўзгаришлар, Озарбайжон делегацияси ва Ислом сивилизацияси тўғрисида маърузалар қилинди. ТВ, радио ва ОАВ мухбирлари ҳам иштирок этди. Мажлис сўнгида таклиф ва тавсияларга навбат келди. Кимда қандай фикр ва таклифлар бор дейилганда ҳамма жим. Шунда «менда таклиф бор» деб сўзга чиқдим. Ишонасизми, ўрнимдан туришим билан залдагилар қарсак чалиб юборишди. Бу олқишлардан гангиб қолдим, кўп таклифлар ҳаяжон босиб ёдимдан ҳам кўтарилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мажлис ўтказсалар, 4-5 соат эринмасдан қулоқ соламиз. Ўтирганлар докладлардан энсаси пир бўлиб ўтирган эканми, чиқишим билан қарсак чалиб юборишди. Ўтирганлар домла ҳозир бирор янгилик киритади деб умид тутиб турганларини англадим. Биринчидан, шунча вақтини йўқотиб, имомлар ҳар куни эшитадиган, ўзлари биладиган гапларни, Озарбайжон билан бўлиб ўтган учрашувда қатнашганларга эски гапларни қайтариш шартми? Президентимиз мажлисбозлик, қарсакбозликдан амалий ишга ўтинглар деган бўлсалар ҳам яна мажлисбозликми?

Қисқаси ёшлар, хотин-қизлар, уларнинг тарбияси кабилар ҳақида гапирар эканман: «Бугун мактаб ёшидагилар, коллеж ва лицей ўқувчилари жиноят йўлига кириб кетаётганлари сир эмас. Сизлар уларни тарбиялашга кўмаклашишингиз керак, улар сизларга қулоқ солади, демоқдасиз. Хўш улар масжидларга келмаса, улар билан учрашувга борсак, 50-60 таси қатнашса, уларни имомлар қандай тарбиялайди? Бугун юртбошимиз халқ биздан рози бўлсин деса, оддий Қуръон ва тажвид курсларида ўқиймиз деб минглаб одамлар навбат кутиб турса, уларга шароит яратмасак, илм бермасак? Улар биздан рози бўладими?» каби саволларни бердим. «Ҳар мажлисда қатъий бир йўл кўрсатилмаса, халқ рози бўладиган ишларни қилмасак, муфтийга ёрдам бермасак, бизнинг қуруқ гапимиз кимга керак. Қолаверса, нуфузли бу мажлисга муфтий, ноиблари, масжидлар бўлими раҳбарлари қатнашмаса, демак бунда қарама-қаршилик муҳитини сездим ва бу тўғрида идорадан сўрасам, «бу каби йиғилиш ўтказилган» дейишди. Қани президентимизнинг гина-кудурат, адоватни унутиб бирлашиб ҳаракат қилайлик деганларига итоат? Диний қўмитадан ҳам ҳеч ким йўқ! Қолаверса, биз ягона куч бўлиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшмасак, биз киммиз? Президентимиз юртма-юрт юриб, халқ фаровонлиги учун жон фидо қилаётганда нега биз бепарвомиз? Терроризмга қарши курашларнинг янги услуб, тарғибот режалари қани? Агар биз инсоф билан ишласак эди. Хоразмда 200-300га яқин хотин-қизлар масиҳий динига ўтиб кетмасди. Уларнинг ноқонуний тўпланганларини, ташвиқотларини наҳот кўриб-эшитмаган бўлсак. Ўнта мусулмон йиғилса, бир лаҳзада хабар топяпмиз-ку.

Уларни (масиҳийларнинг ноқонуний йиғилишларини – таҳр.) кўрганмиз, эшитганмиз, аммо кимлардир пул олган, сотқин. Шу боис улар бемалол шу даражага етишди. Агар яна озгина вақт ўтсайди, уларни ҳимоя қиладиган давлатлар ҳам пайдо бўларди. Нега бугун уларга нисбатан фикр, учрашув ва ташвиқотлар қилинмаяпти? Черковлар қаерга қараяпти? Биз мусулмонлар билан бўлаётган учрашув ва мажлислар улар билан ҳам ўтказиляптими? Ўтказилса, нимага бирорта маълумотлар йўқ? Биз масиҳий динидагиларни ҳурмат қиламиз, афсуски уларнинг ичида ҳам турли оқимлар бор, уларга қарши нима ишлар амалга ошириляпти? Демак олдимизда қилинадиган ишлар талайгина, фақат эътибор ва ғайрат зарур.»

Таклифларимдан сўнг яна қарсак чалишди. Тўғриси уялиб, қаттиқ хижолат чекдим. Баъзилар берган таклиф ва илтимосларимни, маҳмадоналик, ўзини кўрсатиш деб билишди. Аммо менинг ниятим холис; яхши фикрларни қабул қилишсин, нотўғриларини ташлашсин. Таклиф киритганнинг кўксидан итаришмасин. Ҳаммамиз ягона мақсад сари интилайлик. Аллоҳ таоло ҳам, халқ ҳам, президентимиз ҳам биздан рози бўлсин. Бугун очилаётган масжидлар, ўқув даргоҳлари ва бошқа масжидлардаги маърузалардан халқ хурсанд, биз халқни рози қилиш учун янаям ғайрат камарини маҳкам боғлайлик. Вазирлар, ҳокимлар хоналарида ўтирмасдан тинмай меҳнат қилишяпти, биз улардан ўрнак олайлик. Юртбошимиз, муфтий ва диний идорага қўлдан келган ёрдамни берайлик. Шунда Аллоҳ таоло ва халқ рози бўлади. Юртимиз яна-да гуллаб яшнайди, жоҳиллар оқилга айланади. Бир хатони иккинчи такрорламайлик.

Шермурод ТОҒАЙ,
“Дўмбиробод” жомеъ масжиди имом-хатиби

https://azon.uz/

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *