Ким ўзини фош қилди? ёки қўлда тутилган қаламнинг масъулияти бўлади

…Кечадан буён Фейсбук ва Телеграммда кўплаб хатлар оляпман. «Сизни ёмон қилишибди-а?!», «энди сиз бир бопланг», «жавоб зарбасини қачон ўқиймиз?» қабилида ҳайбаракалла қилаётганларнинг сон-саноғи йўқ.
Очиғи, нима дейишгаям ҳайронсан киши. Аслида бунақа шов-шув ва «кўтар-кўтарлар»га ҳушим йўқ. Аммо одамларда турли саволлар туғилмаслиги, аслида гап қаерда эканини айтиш учун шу муносабатни ёзишга мажбурман.
Ўткир Қаламтебратарнинг «Жиддий газеталарни нега ўқимаймиз?» мақоласини биринчи бўлиб, унинг Фейсбукдаги саҳифасида ўқидим. Ва дарҳол материалдаги хатолар, нотўғри маълумотларга эътироз билдирдим ва газетанинг сайти, Фейсбукдаги саҳифасининг ҳаволасини юбордим. Ортиқча гап-сўз, бақир-чақир бўлгани йўқ. Айтилганидек, самимий ёздим. Ва, табиийки, «бўлди, муаллиф энди материалини ўчиради ёки хато жойларини таҳрирлайди», деган ўйда эдим. Аммо буни қарангки, «қаламтебратар» хатосини тўғрилаш ўрнига мен ёзган «комментлар»ни скриншот қилибди… Қойил! Камига орадан бир неча кун ўтиб, кун.уз ва бошқа сайтларга улашибди. Балки бу сайтларга ўз қўли билан етказмагандир, (аслида бунга шубҳам бор) аммо нотўғри маълумотнинг оммага тарқалишига йўл қўйгани рост. Ва ана шундан кейингина раддия ёзилди.
Бу одам кеча «раддияга раддия» ёзиб, мени яна бир марта қойил қолдирди. Унда айтилган гапларни нима деб таърифлашни ҳам билмайсан киши. Негаки, унда «қаламтебратар» ўз мақоласида йўл қўйилган хато ва нотўғри маълумотлар ҳақида гапириш ўрнига, билдирилган фикрларни нотўғри талқин қилиб, «мот» қилмоқчи бўлибдилар. Менинг фикрларим орасида «партия, газета, унинг саҳифаси икки тийинга қиммат» деган гапнинг ўзи йўқ, балки камчиликлар бор экани, танқидга муносиб экани тан олинган. (Ўзи умуман, бизда танқидга муносиб бўлмаган соҳанинг ўзи йўқ) «Ўткир қаламтебратар» эса ўзи йўл қўйган хатони тан олиш ўрнига бошқаларга мағзава ағдараётганини, ғаламисликдан бошқа нима билан изоҳлаш мумкин?!
Мақолада шахсиятга ўтилган жойлари ҳам йўқ эмас. Масалан, «аммо, агар уни ўзи, ўз хохиши билан ёзган бўлса, «Полвон» деб тахаллус қўймаслиги керак эди. Чунки, полвонларнинг иккиюзлиси бўлмайди…», дебдилар. Мен-ку, ҳали иккиюзлилик қилганимча йўқ, ҳамон ўз сўзимда собитман. Керак бўлса, давлат раҳбари ҳам «талабга жавоб бермайди», деб турган газетани кўкка кўтаришдан маъни йўқ. Аммо «Ўткир қаламтебратар»нинг ёзганларини ўқиб, ўзига муносиб бошқа тахаллус олса бўлар экан, деган хулосадаман.
Кеча бир ҳамкасбимиз «ҳар қандай одам сизнинг газетангиз ёки сайтингиз ҳақида ўзининг танқидий фикрини билдиришга ҳақли», деди. Албатта ҳақли, фақат у қачонки холис бўлса! Аммо номи-зоти номаълум, «емаган» тахаллус ва монитор ортига беркиниб, бошқаларга лой чаплашни одат қилган кимсанинг фикри наинки мен, балки жамият учун ҳам «икки тийинга қиммат». Чунки холис журналист «маска тақиб» ёзмайди. Эркак киши панадан туриб тош отмайди.
Менинг бу мавзуда айтадиган гапларим тугади. Агар «Ўткир қаламтебратар» бу «карам шўрва»ни давом этирмоқчи бўлса, унинг қалами тиш кавлашдан бошқасига ярамайди, (таъкид — Ў.Қники) деган фикрни ўзгартиришга мажбурман. Чунки бунақа чўп билан тиш кавлаб бўлмайди. У билан фақатгина… кавлаш мумкин, холос. Бундайлар билан баҳслашишга эса ҳожат йўқ. Агар қўлда тутгани қалам бўлса, унинг масъулияти бўлади.
Аҳмаджон Юсупов,
«Миллий тикланиш» газетаси мухбири.

Биринчи изоҳ

  1. Ахмаджон Юсуповнинг ёзганлари жуда галати. Зиёли одам танкидни тугри кабул килиши керак эмасми? Бу энди журналист матни эмас, аллакандай «ёзгувчи»нинг хатидай булибди. «Жиддий газеталарни нега укимаймиз?» маколасида жамиятимизнинг энг уткир муаммоси тахлилга тортилган ва муаллиф реал холатни баён килган эди. Президентимиз хам журналистлардан айнан шундай позицияни талаб киляпти-ку. Тахаллус хакида хам бемаъни гаплар ёзиади Ахмаджон Юсупов. Уз даврида буюк ёзувчиларимиз хам Жулкунбой, Норин Шилпик каби тахаллусларни куллашган танкидий маколаларида.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.