Ким эдик-у, ким бўлдик…

Укам Россияда. Баъзан оиласини олиб кетади. Баъзан ташлаб кетади. Рўзғорини тебратиш учун саккиз йилдан бери сафарда. «Кел ўзимизга» десам кўнмайди. У ердаги ишидан кўзи қиймайди, «ўзимизга борсам, сиз рўбарў бўлгандай кимгадир йўлиқаман, қийналсам ҳам шу ер тинч» дейди. Катта қизи мактабга чиқди. Кичиги икки ёшга тўлмади. «Дада» деган зотни телефон ичидаги киши деб билади. Унга яхши гапни телефон гапиради, уни телефон эркалайди. «Даданг қани?» десам, «ана» деб телефонни кўрсатади. Дадасини меҳрига зорлигиданми, кичкинагина қўлларида эркалаб кўтариб юради…

Кеча сафардан қайтдим. Тўрт кун олдин яқин қўшнимиз, синфдошимнинг отаси оламдан ўтибди. Ғариброқ оила. Ҳол сўраб қўяй деб чиқдим. Мени сингиллари кутиб олди. «Синфдошим қаердалар?» дедим. «Россияда, келолмадилар» дейишди. Ачиндим. Васиятини, сўнги сўзини қизларига айтган ота оламдан ўтди. Амал-тақал рўзғор тебратиб, ҳам дадасининг даволаниши учун пул юбораман деган ўғил эса дунёнинг бир четида. Кузатиб қолган падари бузрукворнинг жанозасига ҳам келолмади…

Оталар Россияда, оналар Туркияда, ўғиллар Корея, акалар Қозоғистонда. Бола боқувчи. Энага. Касал қаровчи. Қоровул. Ҳизматкор. Умум айтганда — гастербайтер, мардикор.

Яна уялмасдан «ким эдик-у, ким бўлдик» деб ҳам қўямиз. Биз аслида ким эдик-у, бугун ким бўлдик…

Салим АЙЮБИЙ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *