Келажак биз ёшларга боғлик!

Бугунги суҳбатимиз қаҳрамони ҳалқаро математика олимпидаларида юртимизнинг довруғини таратаётган ёш математик, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг математика факультетини 4 курс  талабаси    ЭГАМБЕРГАНОВ ҲАКИМБОЙ ҚУДРАТ ЎҒЛИ ҳақида қисқача маълумот: 

Урганч туманида 1995 йил зиёлилар оиласида дунёга келади.

Қўлга киритган ютуқларининг айримлари:                                                              

·                  2015-йил Болгариянинг Благоевград шаҳрида бўлиб ўтган Университет талабалари ўртасидаги 22-Халқаро Математика Олимпиадасида олтин медал;

·                   2016-йил  Кипр  давлатининг  Проторас  шаҳарчасида  бўлиб  ўтган  Халқаро 10-SEEMOUS Олимпиадасида олтин медал;

·         2017-йил Санкт Петербург шаҳрида ўтказилган Университет талабалари ўртасидаги 4-NCUMC (online) олимпиадасида 1-даражали диплом(олтин медал);

·         2017-йил Болгариянинг Благоевград шаҳрида бўлиб ўтган Университет талабалари ўртасидаги 24-Халқаро Математика Олимпиадасида олтин медал;

·         2015-2016 ўқув йилида ЎзМУ стипендияси соҳиби;

·         2015-йил ,,Ўзбекистон белгиси“ кўкрак нишони сохиби;

·         2016-2017 ўқув йилида Мирзо Улуғбек номли давлат стипендияси соҳиби;

·         2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби;

·         Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофотининг “йилнинг энг яхши талабаси” номинацияси ғолиби

 

-Ҳакимбой  якунланаётган 2017 йил билишимча сиз учун жуда омадли ва ютуқларга бой йил бўлди. Иккита ҳалқаро математика олимпиадаларининг олтин медали, Президент стипендияси ва йил якунида ЁИ мукофоти. Биламиз буларнинг барини замирида катта меҳнат ётибди. Сени 2017 йилда эришган барча ютуқларинг билан “Хоразм ёшлари” газетаси номидан чин юракдан муборакбод қиламиз!

-Раҳмат Давлатназар оға. Шу ўринда мен ҳам қўлга киритган  ютуқларимни инобатга олиб , берилаётган давлат мукофотлари учун Президентимизга биз ёшларга яратилаётган шароитлар ва берилаётган эътибор учун чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Менга берилган мукофотлар мени янада кўпроқ ўз устимда ишлашга ва келажакда юртимизнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилишга ундайди.

-Ҳакимбой, нима учун айнан математика сизни ўзига жалб қилди?

-Очиғи оилавий муҳит туфайли менда 3-4 ёшданоқ математикага бўлган қизиқиш уйғонди. Отам Эгамберганов Қудрат қурувчи-мухандис, онам Қутлиева Ирода математика ўқувчиси бўлгани боис кичкиналигимдан менга турли қизиқарли математик масалалар, фокуслар билан менда математикага бўлган ихлосни  уйғотдилар десам ҳечам муболаға бўлмайди.  Математика аслида кўпчилик ўйлагандек зерикарли, амалиётга керак эмас,  қийин фан эмас. Зеро математикани бежизга фанларнинг султони деб атамайдилар. Бугунги кунда математика қўлланилмайдиган биронта соҳанинг ўзи йўқ.

-Устозларинг кимлар улар билан таништириб ўтсанг

-Мен математикадаги дастлабки устозим онам бўлса, математика олимпиадаларида ғолиб бўлишимга замин яратган устозларим Аҳмаджон Собиров, Умид Раҳмонов ва Карим Раҳимовлар математиканинг ҳақиқий фидойилари.  Қолаверса илмий раҳбарим, плюропотенциал назария асосчиси, замонамизнинг энг машҳур математикларидан бири академик Азимбой Саъдуллаев  динамик системалар борасидаги  илмий изланишлар олиб боришимга бош қош бўлмоқда.

-Шу ўринда бир савол бермоқчи эдим, олиб бораётган илмий изланишларингизнинг реал ҳаётимизга таъсир қилувчи фойдали жиҳатлари нималардан иборат?

-Биз ўрганаётган муоммоларнинг ечими ҳаётимизнинг барча соҳасига бевосита  таъсир қилади. Айтайлик самолетларнинг ердан кўтарилишидан бошлаб, турли турдаги энергиялардан фойдаланиш самарадорлигини кескин равишда оширилишида,  ҳаттоки  қишлоқ хўжалигида айнан бир турдаги экинларнинг ҳосилдорлигини оширишга ва бошқа исталмаган бегона ўтларнинг ўсишига йўл қўймайдиган  препаратлар тайёрланишида ҳам кенг фойдаланилади.

-Келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

-Давлатназар оға биласизми математиканинг ривожланишини учта буюк кашфиётлар даврига ажратиш мумкин. Биринчиси қадимги юнон математик олимларининг даври бўлса, иккинчиси бобокалонимиз ал Хоразмий бошлаб берган ўрта Осиё  ва яқин шарқ математик олимларининг даври. Учинчи даври эса ўрта асрлардаги европалик математиклар даври ҳисобланади. Математикларнинг фикрига кўра математиканинг ривожлпнишини  янги даври бошланиши учун минг йиллик математик жумбоқларидан бири ҳисобланган Риман гипотезасини исботланиши билан бошланар экан. Менинг орзуим нокамтарликда айбламангу,  айнан мана шу даврни келишида бевосита ўз илмий изланишларим билан иштирок этиш.  Буюк боболаримизнинг муносиб издоши бўлиб, Ўзбекистонимизни дунёнинг кўзга кўринган илмий марказлардан бирига айлантиришга ҳиссамни қўшиш. Ишонинг тендошларим орасида нафақат математика фанида бошқа соҳаларда ҳам келажакда буюк кашфиётлар қилишга қодирлари жуда кўп. Фақат бунинг учун етарли шарт шароитлар яратилса бас.

-Аммо айрим тенгдошларингиз замонамизнинг мўъжизаларидан бири бўлган интернетдан  нотўғри мақсадларда фойдаланаётганликларига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

-Гапларингизга юз фоиз қўшиламан, айниқса интернетни замонамизнинг мўъжизаси дея таърифлаганингизга. Ҳақиқатан ҳам интернет мўъжиза, унинг ёрдамида ўз соҳангиздаги дунёнинг нариги чеккасидаги энг сўнги ютуқлар билан танишишга, улардан фойдаланишни ўрганиш имкониятига арзимаган дақиқаларда  эришиш мумкин. Бунинг ўрнига қаёқдаги бўлмағур сайтларга, бемаъни ўйинларга пулини ва вақтини сарфлайдиган тенгдошларимни мен  шамол тегирмони билан курашмоқчи бўлган Дон Кихотга ўхшатаман. Эртага муносиб турмуш кечиришимиз учун, қайси соҳада бўлишимиздан қаътий назар, ўз устимизда тинмай ишлашимиз ва изланишимиз керак. Шундагина биз космик тезлигида ривожланаётган фан техника даврида ўз ўрнимизга эга бўламиз. Буни барча тенгдошларим англаб етишини жуда жуда истар эдим.

 

Сўнгсўз ўрнида:

Ҳакимбой билан суҳбатимиз яна анча давом этди. Мен ундаги теран фикрни, интилувчанликни ва дунёқарашининг кенглигига  кўриб тасаннолар айтиб, бу каби ёшларимиз ҳақиқатан ҳам эртага оламшумул ихтиролар, кашфиётлар қилиб дунё илм фанида Ўзбекистонимизнинг  шуҳратини  янада оширишларига ишонгим келди. Бунинг учун уларга зарур барча шарт шароитларни яратишимиз жуда ҳам зарур. Зеро буюк ихтиролар яратилиши учун олимлар турмушнинг кундалик арзимаган ташвишлари билан  овора бўлиб қолишларига давлатимиз йўл қўймаслиги лозим. Шу ерда мени бир савол ўйлантириб қолди. Спорт соҳасида жаҳон миқёсида ютуқларга эришганларга жуда катта мукофотлар берилиши одатга айланиб қолди.  Бу албатта яхши анъана, аммо илм фан соҳасида ютуқларга эришаётган ёш олимларимизни ҳам муносиб моддий  тақдирлаш,  уларни амалда қўллаб қувватлаш, янада руҳланиб ишлашларига, кўпроқ изланишларига  сабаб бўлиб буюк кашфиётлар яратилишига замин бўлармиди деб ўйлаб қолдим.

 

 

Давлатназар Рўзметов, “Хоразм ёшлари”  газетасининг  мухбири