Кеча айтилмаган гаплар…

Бир ўқитувчимиз бўларди.
Ўз фанининг фидойиси, зўр билим берар, фақат ягона айби -асабига теккан ўқувчисининг шахсиятига тегиб, синфдаги ўттиз бешта боланинг ичида ер билан яксон қиларди.

Аълочи дугонам ҳам бор эди. Ўртахол оилада етти фарзанднинг бешинчиси, орзулари кўп, кўзлари чақнаб турарди. «Ўртоқ, хали зўр ишлар қиламиз! Сиз профессор, мен тарихчи олима бўламан!»
Хақиқатдан, ёш бўлсак ҳам ниятларимиз зўр эди. У зерикарли Ўзбекистон тарихи дарсликларини қизиқарлироқ шаклда ёзмоқчи, мен эса икки синфдошимнинг дадасини бевақт нобуд қилган бедаво касалликка қарши дори ихтиро қилмоқчи эдим…

Бир куни қандайдир тадбирга кела олмаган дугонам узрли сабабни тушунтиришга ҳар қанча уринса ҳам ўқитувимизнинг хақоратидан бебаҳра қолмади: «Овозингни ўчир! Бор-йўғи фалончи алкашнинг қизисан, ким бўлардинг!»

Ўша куни еру-осмон чирпирак бўлмадию, ундан сўнг баттари бўлди. Синфдошларимиз олдида янграган хақорат ўқтувчимиз таъбирида нишонга урилган танбеҳ, дугонамга эса келажагини ўзгартириб юборган ҲУКМ бўлди. У мутлақо бошқа инсонга айланганди. Дадасининг ичишини ҳеч кимга билдирмай юрадиган Муқаддас, ҳамма билган хақиқатдан сўнг умуман орзу қилмай қўйди. Мен атайин тарих дарсликларига ишора қилиб, унга эзгу ниятларимизни бот-бот эслатар эдим. У-чи? Бефарқлик билан китобни варақлаб, зомбидай тикилиб тураверарди…

Йиллар ўтди. Муқаддас олийгоҳни тамомлаб, тарих ўқитувчиси бўлди. Коллежда дарс берарди. Йилига бешта ўқувчига репетиторлик қилиб, институт, универститетларга киришга ёрдам беради. «Рўзғорни ками тўлиб қолар, фақат ойликка қараб қолмайлик» деб сунъий кўл қаздириб, балиқчилик билан шуғуллана бошлади. Хуллас, камбағал эмас эди. Нолимайди, қувончу ташвишлар билан ўтаётган ҳаётидан мамнун, тақдиридан рози. Балки ўша ўқтувчимизни ҳам аллақачон кечириб юборгандир. Лекин, мен устозимизни кечира олмадим. Чунки хозирги Муқаддаснинг сийратида қалби олов қизнинг шаҳдини топа олмайман. Балки ўшанда синиб қолмаганида, ҳозир тарих дарсларимиз мутлақо бошқача, у орзу қилгандай қизиқарлироқ бўлармиди. Шубҳасиз, у ёзган дарсликлардан сабоқ олган болаларимиз қалбида она тупроғимизга нисбатан самимийроқ муҳаббат шаклланган бўлар эди.

Агар ўша муаллимамиз ҳар бир болани шахс сифатида кўриб, беғубор руҳиятига зарар етказмаганида, бошқа синфдошларим ҳам оддийгина Қувасойликлар бўлиб яшамай, турли жабхаларда ниманидир қойиллатиб қўйган ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР бўлиб танилишар эди. Балки, мен ҳам аллақачон «саратон» касаллигининг давосини топиб, минглаб инсонларни ҳаётини асраб қолган бўлармидим…

Азиз устозлар!
Меҳридарё мураббийлар!
Шарафли касбингиз олдида таъзимдаман! Фақат, байрамингиздан сўнг ёзган хотираларим, аччиқ хақиқатдан хафа бўлмадингиз деган умиддаман.

Шарафли касбингиз тақазо этадиган энг гўзал хислат бу — беғубор нигоҳлар орқали боланинг ички дунёси ва қалбига назар ташлай билишингиздир. Қўлингизда тарбия олаётган қоракўзларнинг ҳар бири алоҳида дунё! Уларнинг беғубор руҳиятига озор берманг! Шапалоқ ва хақоратдан кўра ширин сўз қудратлироқ эмасми?

Меҳр билан синчиклаб қаранг! Нигоҳлари чақнаб турган ўқувчиларнингизнинг қалбидаги шаҳдни кўра оляпсизми? Балки, ўқувчиларингиздан биттаси Муқаддас, яна бири эса Муаззамдир…

Муаззам Иброҳимова

6 комментариев

  1. Ота-онанинг маъсулияти ва тарбиясини олдида МУРАББИЙ ВА ТАРБИЯЧИЛАРГА ХАММА АЙБНИ ЮКЛАШНИ ўЗИ ФАРОСАТСИЗЛИК ВА ТАРБИЯСИЗЛИК ДЕБ ХИСОБЛАЙМАН. БОЛА БАРИБИР 90 % ТАРБИЯ ВА КАТЪИЯТНИ ОИЛАДАН ОЛАДИ.

    1. 24 йиллик ўқитувчи сифатида 100% қўшиламан. Мени фарзандимни тарбиясига МЕН масъул!!!!

  2. Йигирма тўрт йиллик ўқитувчи тушум келишиги билан қаратқич келишигининг фарқига бормабдилар-у! Мени эмас, менинг фарзандимнинг бўлади. Бу бир! Муаллиф боғдан келса сиз тоғдан келяпсиз, бу икки! Яъни, Муаззам нотўри сўз, нотўғри муносабат инсон келажагини йўққа чиқаради, деяптилар. Муҳтарам домламизнинг эса «чўпдан ҳадиги» борга ўхшайди.

  3. Муаззамой инсонга нотўгри сўз нотўгри муносабатнинг таъсирини устозларни мисолида мулохаза килиб оммага етказиши мени озгина ранжитди. Сиз илмингизни устунлигини фахмингизни ўткирлиги билан хам исботлашингиз керак эди. Факат Сизга хурмат билан ўрта маълумотли курувчи.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.