Каттақўрғонлик Аёлнинг хўрланишига ким айбдор?

Интернет тармоқларини каттақўрғонлик ИИВ зобити томонидан таҳқирланиши жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳар ким хар хил фикр билдирмоқда. Расмийлар бу зобитлик унвонидаги маълунга (эътибор беринг фақат биттагина С. Умаровга нисбатан халос) нисбатан жиноят иши очилгани юзасидан маълумот бермоқдалар. Бироқ бу анячли, шармандали ҳолатга биттагина одам айбдормикан, деган савол мени қийнайди.
Менимча ушбу ички ишлар ҳодими руҳий жиҳатдан соғ одам эмас, акс ҳолда шу қадар қабиҳликни қилаётиб, ўзи видеотасвирга олишини тасаввур этиш мумкин эмас, бу масаланинг биринчи томони. Иккинчи томондан эса у кимса бу қабиҳликни кимсасиз жойда, эмас давлат ҳуқуқни ҳимоя қилишга ишониб топширган идора биносида очиқдан очиқ амалга ошираётгани бу тизимдаги, жумладан айнан Каттақўрғон шаҳар ички ишлар идораси хизмат қилувчи ходимларнинг оддий халққа, уларнинг ҳуқуқларига бўлган ҳақиқий муносабатини яққол кўрсатди. Битта фуқаронинг, айнан аёлнинг бу зайлда таҳқирланишига, жимгина тамошабин бўлган бошқа ИИБ ходимларинг ( бу жирканч жиноятни ИИБ идорасида ҳеч ким кўрмаслиги асло мумкин эмас) ҳақиқий башарасини кўрсатди. Уларнинг хизмат вазифасига кай даражада лойиқлигини, пировардида эса оддий эркак сифатида, ўғил сифатида, ота сифатида ким эканлигини очиқдан очиқ кўрсатиб берди. Ички ишлар тизимида ишловчилар орасида имонли, виждонли, ўз касбининг усталари борлигини инкор қилмаган ҳолда улар сафида шундай манқуртлар ишлаётганини ўйласам титроқ босади.
Атрофдаги бошқа ходимлар бефарқ ва лоқайд бўлмаганида, бу каби инсонни таҳқирлаш, ерга уриш, уни одам ўрнида кўрмаслик ҳолатлари айрим ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларнинг баъзи ходимлари учун ( бундайлар фақат ИИВ тизимида эмас, прокуратура, суд, ДХХ тизимида ҳам борлигини инкор этмаса керак ҳеч ким) одатий ҳол бўлмаганида ички ишлар вазирлиги идорасида бу каби ҳолат умуман юз бермас эди. Шунинг учун биттагина ходимнинг ишдан бўшатилиши, жазоланиши аҳволни ўзгартирмаса керак! Жамият ўзгариши керак, ҳалқ ўзгариши керак, ўз ҳақ ҳуқуқини билиши, қонун устиворлигини, қонун олдида ҳамма баробар эканлигини англаб етмас эканмиз эски ҳаммом эски тослигича қолаверади.
Бугунги кунда оддийгина халқ тили билан айтганда ДАН ходимиларининг айримлари ҳайдовчи тўхтатган пайтда ўзларини фалакдаги худодай тутишига кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Бундайлар очиқдан очиқ таъзиқ ўтказиб, сизни айбдор қилишга, айбингизни топиб жарима ёзишига кўникиб қолганмиз. Дардингизни ҳеч ким тингламайди. Президентимизнинг тергов, суриштирув хоналарини, ДАН ходимларини видеокамералар билан таъминлаш хусусидаги сўзлари ҳавода муаллақ қолиб кетаверади. Чунки у оддий инсон манфаатларини ҳимоя қилиш учун керак. Инсонни таҳқирлашга одатланган, уларни ҳуқуқларини бир тийинга олмайдиган айрим кимсаларга керак эмас!
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, каттақўрғонлик бир муштипар аёлнинг, гарчи у жиноят қилишда айбланаётган бўлса ҳам у даражада таҳқирланиши, миллатнинг таҳқирлаши демакдир! Бунга эса битта капитан Санъат Умаров эмас, атрофдагиларнинг, ҳаммамизнинг лоқайдлигимиз, бефарқлигимиз, ўзгалар бошига тушган ташвишни кўриб, ўзимизни олиб қочишимиз сабаб эмасмикан! Яна билмадим….
Давлат Назар
(Сурат интернет тармоғидан олинди ва бу воқеага бевосита алоқаси йўқ)

Биринчи изоҳ

  1. Юртимизда инсонларни хокимлар, милициялар ва бошқа амалдорлар тарафидан тинмай тахқирланишига биринчи ўринда сенаторларни, иккинчи ўринда прокуратурани учинчи ўринда вазирлар ва уларнинг ўринбосарларини айбдор деб хисоблашимиз керак. Исботлайман: Халқ вакили бўлган сенатор ва депутатлар фақат ўзини тинчлиги билан манфаатини ўйлаб иш юритишади. Прокуратура мансабдор шахсларнинг хақоратли мажлисларида бевосита иштирок этиб, бепарволик қилишади. Вазир ва уларнинг ўринбосарлари эса селектор мажлисларида хокимларга топширик бераётиб; «Нима қилиб бўлса хам бажаришасан хамма имкониятингни ишга солишасан, мен бахонангларни билмайман» деб зулмга йўл очиб беришади. Албатта хокимлар бундай топширикдан сўнг жуда қутуриб кетишади. УНДАН ХАМ ДАХШАТЛИСИ, БИЗ ДўСТИМИЗНИ, ХАМКАСБИМИЗНИ, ҚАРИНДОШИМИЗНИ, ҚУШНИМИЗНИ ШАЪНИНИ ХИМОЯ ҚИЛИШГА АСЛО ҚУШИЛМАЙМИЗ. МАНА ШУ БИЗНИНГ ОФАТИМИЗ!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *