Каримберди Тўрамурод: Қойилмақом Чори

1.

Ишдан келсам хотиним уйда меҳмон борлигини айтди.

− Э, э, э, Каримберди ака, соғ-саломатмисиз? − мени қучоқлаб олиб сўраша кетди меҳмон. − Танимадингиз-а? Танимайсиз-да. Ана шунақасиз-да.

Меҳмон мендан бир қадам тисарилди.

− Яхшилаб қаранг-чи, қайси ўртоғингизга ўхшатасиз? Эсланг, эсланг, ака, сурхондарёлик курсдошларингизни эсланг.

Эсим қурсин, ҳеч кимга ўхшата олмайман-да меҳмонимни. Йигирма йилнинг нарёғидаги курсдошларим, сурхондарёлик дўстларимнинг чеҳралари кино тасмасидек кўз олдимдан бир-бир ўтади, аммо бу далли-дулли, сочлари ўсиб, қулоғини ёпган йигитни бирортасига ўхшатолмайман-да. Ҳайтовур, ўзи “ёрдам қилди”.

− Ака, хафа қилаяпсиз, мен сизни кўргандан танидим, акамнинг олдига келганимда қўшиқлар айт­ганингизни эслайман. “Мени кутгил”, “Биринчи муҳаббатим”ни айтардингиз, эсладингизми? Биринчи курсда етмиш кун Пастдарғомнинг чўлида пахта териб, эзилиб кетганларингиз, “Мени кут­гил”­ни Маматов домлаларингиз айтганда ҳамма йиғлаб эшитганлари эсингиздами?

Тавба, бу йигит ҳаммасини кечагина бўлгандай, кўргандай айтиб бераётган эди.

− Бойсунлик дўстингиз Соатмуродга ўхшамаяпманми?

Уни Соатмуродга ўхшатмасам баттар хафа бўларди.

− Ўхшайсиз, ўхшайсиз-эй, бирданига Соатмуроднинг укасиман демайсизми, мени қийнамай.

Меҳмон мени бошқатдан қучоқлаб олиб, силкита бошлади.

− Ҳа, яшанг, эсладингиз-а? Соатмурод жўрангизнинг укаси− Чориман.

Ташқарига овоз бердим:

− Ҳой, аяси, Бойсундан ўртоғимнинг укаси кепти. Олиб кел топган-тутганингни!

Бирпасда дастурхон алмаштирилди. Азиз меҳмон учун бор-йўқ қўйилди.

− Оббо, Чорижон-эй, хуш келибсиз, зап келибсиз-да.

− Хабарга келдим ака. Жўрангиз тўй бошлади. Шу ойнинг йигирманчисида тўй, йигирма бирида кураш, кейинги куни кўпкари. Уч кун тўй бераяпти. Бутун Республикадаги жўраларини йиғиб олиб, бир дийдорлашмоқчи. “Жўрамга айт, торини олиб келсин, қўшиқларини соғинганман, “Биринчи муҳаббатим”ни айтиб беради” дейди. Ўзи ҳалиям ашула айтиб турибсизми?

Бу гаплардан ёғдай эриб кетдим. Торни олиб келиб, «Биринчи муҳаббатим»ни айтиб бердим. Ашула айтаяпман-у, нуқул кўз олдимга курсдошларим, пахталарга, қурилишларга борганларимиз келади. Қизлар. Илк муҳаббат, илк изтироблар, …

Уч-тўртта ашула айтиб бердим. Овқат ҳам тайёр бўлди. Чорижон озроқ ичар экан. Мен ичмас эдим. Лекин шиша бўшади. Сал сергап бўлиб қолди Чорижон.

− Ака, жўрангиз кўтарилиб кетди. Бойсунни сўраб турибди. РайОНОга мудир. Юз-юз эллик мактаб, яна шунча боғча-ясли жўрангизни қўлига қарайди.

− Ҳа, ўсибди, − дейман, − Худо зиёда қилсин!

− Бир альбомингизни кўрайлик, эслашайлик дўстларингизни. Акамнинг жўралари ҳам худди акамдек бўлиб қолган.

Альбомни олиб келдим. Чори ўн-ўн беш ўртоқларимнинг исми-шарифини, қилиқ, одатлари билан айтиб берди. Унинг хотирасига қойил қолдим. Тубли деган ўртоғимиз Насриддин деган ўртоғимизни нима деб сўккани-ю, униси бунисига қандай жавоб қилганигача билар экан, ваҳ!

− Тубли акани ҳам айтдим, у кишиям битта қўчқорни машинага ортиб бораман, −  дейди. У киши ҳозир маҳаллақўм экан, − деди Чори. − Қашқадарёликларни айтиб бўлдим. Бугун-эрта самарқанд­ликларни айтиб чиқсам, кейин Жиззахга ўтаман. Кейин водий, кейин Хоразм, хуллас, ўн олтинчи-ўн еттинчиларга бутун Республикани айланиб чиқаман.

− Бирорта машина миниб олмабсиз-да?

− Худди шуни айтаман деб турувдим. Машинамиз “Бетонка” дегич катта йўлда бузилиб қолди, денг. Шопирга “Сен созлагунингча ғириллаб бориб айтиб келаман” деб эрталабдан бери сарсон бўлдим уйингизни излаб. Пулим ҳам қолмади. Энди тўрт юз-беш юз сўм берсангиз, мен машинамиз турган ергача етиб олсам.

Мен тўрт юз-беш юз сўм беришни ўзимга эп билмадим, минг сўм пулни узатиб, дедим:

− Чорижон, борардингиз, бир кеча меҳмон бўлинг эди?

− Шопир кутиб қолади, ака, ҳали меҳмон бўламиз, − деб Чори кетишга ҳозирланди.

Уни “Бетонка” йўлигача борадиган машинага ўтқазиб юбордим.

2.

Дўстим Ҳайдар Рўзимуродовни излаб университетга бордим. Ҳайдар ҳам мени “Эшитдингизми”, деб кутиб олиб, дўстимиз Соатмуродникига тўйга айтиб кетишганини сўз­лаб берди.

− Нима қилдик? − дедим мен.

− Кетдик-да, − деди Ҳайдар. − Шу баҳона Бойсун томонларни ҳам бир айланиб келамиз.

Олдин Ҳайдарнинг қишлоғига ўтиб келадиган бўлдик. Иш­тихонга йўл олдик.

− Эсимнинг борида айтай, сени бир дўстингникига тўйга айтиб кетди бир йигит, − деди Ҳайдарнинг онаси бизлар билан кўришиб-сўрашиб бўлган заҳоти, − ўзиям Сурхондарёга экан.

− Оти Чоримиди? − сўради Ҳайдар.

− Ҳа, ҳа, Чори девди отини, − деди онаси. − Бир кеча меҳмон қилдик. Машинаси бузилиб қолиб, йўловчи машинада кепти. Пули кам қолган экан тўрт юз-беш юз сўм пул сўровди, аканг минг сўм бериб юборди. Тўйга борса сенга берармиш.

− Бирор шишагина ароқ ҳам ичгандир? − сўради нималардандир гумон қила бошлаган Ҳайдар.

− Ҳа, энди меҳмон-да, болам, ичар экан, аканг Одилни дўконидан бир шиша опкелди. Ҳаммасини ўзи ичиб, ухлаб қолди.

− Ҳа, қурғур Чори, − деди Ҳайдар. − Шу йигитдан шубҳаланиб қолдим. Менгаям худди шу гапларни айтиб, минг сўм пул ҳам олиб кетди. Фар­қи, ўзим ҳам оз-моз шерик бўлганим учун бир эмас, икки шиша ароқни ичиб кетди.

Ҳайдарга яқин ерда дўстимиз Тўл­қин яшайди. Ҳайдар Тўлқинни чақиртирди.

− Мени ҳам Чори тўйга айтиб кетди, − деди Тўлқин. − Машиналари Самарқандда бузилиб қолиб, йўловчи машинада кепти, пули тугаб қолган экан, минг сўм бериб юбордим.

− Тўй нечанчига экан? − сўради Ҳайдар.

− Шу ойнинг ўн бешига, индинга, нима қилдик, борамизми? − сўради Тўлқин.

− Шошмай туринг-чи, − дедим мен. − Тўйнинг кунини аниқ қилайлик, кейин бирга ўтамиз.

3.

Шаҳарга қайтдик. Ҳисобчилар коллежида дарс берадиган дўстимиз Давроннинг олдига ўтдик.

− Бориб овора бўлиб юрманглар,  ҳеч қанақа тўй-пўй йўқ, − деди Даврон. − Менинг ҳам олдимга келди ўша “мошенник”. Менга “Дўстингиз Рустамнинг укасиман, акам тўй қилаяпти”, деб келди. Мен Рустамникига борганман, уйидагиларни яхши танийман. Рустамнинг укаси йўқ эди. Шуларни айтиб ҳайдаб юбордим. Аммо қишлоққа борсам, бир ҳафта олдин бориб, бир кеча меҳмон бў­либ, еб-ичиб, машинамиз бузилиб қолди”, деб минг сўм пул ҳам олиб кетибди.

Дўстим Ҳайдар билан дам олиш куни Оқсойга жўнадик. У ерда дўс­тимиз Амриддин Ҳакимов яшайди. Ҳам уникида бир меҳмон бўлайлик, ҳам ёлғончи Чори ҳақида огоҳлантириб келайлик, дедик.

4.

Амриддин бизни қаҳ-қаҳ уриб, кулиб кутиб олди.

− Тўйга кетаяпсизларми? − деди у.

− Бунга олдинроқ хабар келганга ўхшайди? − дедим Ҳайдарга.

− Машинаси бузилиб қолган хабарчи бордими, исми Чорими, тўрт юз-беш юз сўмгина пул сўрадими? − дея яна қорнини чангаллаб кулди.

− Ҳа, худди ўша Чори борди. Ҳаммасини билар экансиз-да? − дедим мен.

− Мен уни келганидан билдим ёлғон гапираётганини. Мен Соатмуроднинг ҳамма оғайниларини яхши танишимни билмас экан. Озгина кайфи ошгач, гаплари бири тоғдан, бири боғдан бўлиб қолди. Аммо эътибор берган бўлсангизлар, кимникига борса ундан кейинги борадиган ери ҳақида, яъни янги “тўйга бориши керак бўлган” курсдошимиз ҳақида усталик билан маълумот оларкан. Каримберди ҳақида мендан роса сўради. Мен ҳам керагича маълумот бердим. Нима, Чорини фақат мен меҳмон қилишим, пул беришим керакми, сизларникига ҳам борсин, дедим-да.

Ҳаммамиз Амриддиннинг шумлигидан кулдик.

− Шундай қилмасам бир келай демайсизлар-да. Мана шу баҳонада учрашдик. Аммо ўша Чорига қойил қолдим, − деди Амриддин. − У ҳаммамизга дўстларимизни бир-бир эслашимизга туртки берди. Ишонганлар яқин атрофдаги дўстлариникига “Бирга борайлик”, деб бориб келишди. Баҳонада дийдорлашишди. Ма­на, сизлар меникига келдингизлар, қолаверса, Чори бу ишни, менимча ёмон ниятда ёки бойиб олиш мақсадида ҳам ўйлаб топмаган. Чунки, сўрайдиган пули кейинги курсдошимизникигача боришга етади, холос.

− Рост, − дедим мен. − Кимникига борган бўлса тўрт юз-беш юз сўм сўраган. Минг сўмдан ортиқ олмаган.

− Мен ҳамма курсдошларимизга хат ёзиб огоҳлантираман, борса ушлаб мелисага беришсин ё бу ёққа олиб келишсин, нега бундай қилганини сў­раб оламиз, − деди Ҳайдар.

Амриддин яна қорнини селкиллатиб кулди ва кула-кула деди:

− Профессор бўлсангиз ҳам соддалигингиз қолмайди-да. Уччовимиз ҳам минг сўмдан бердикми?

− Мендан умумий ҳисобда икки марта олибди. Ароқни эса уч баробар кўп ичибди, − деди Ҳайдар.

− Худди шунинг учун ҳам сиз индамаслигингиз, Чорига иложи бўлса ёрдам беришингиз, Қирғизистондаги Муҳаммаджон Ботиров деган курс­дошимизнинг ҳам манзилини беришингиз керак. Иложини топсангиз Германияга, доктор Қамариддин Насимовникига ҳам юборинг, самолётга билет олиб бериб, − давом этди Амриддин. − ахир, улар ҳам харажат қилсин, эслашсин-да.

− Ҳа, эслашлари тайин, − дедим мен. − То бизгача кимларникига боргани, улар нима иш қилаётганларини батафсил айтиб беради.

Амриддинникида бир кеча меҳмон бўлиб, кула-кула “Чорининг сафари бехатар бўлсин, Соатмуродникига тўйга айтиб, бутун Ўрта Осиёни айланиб чиқсин, ” деган тилакларни айтиб, қайтиб келдик.

5.

Эртасига Каттақўрғондан дўстимиз Равшан Қиличев ҳовлиқиб келиб қолди.

− Сизни ҳам Соатмуродникига тўйга айтишдими, бирга борамизми? − деди Равшан худди «ҳа», десам ҳозироқ тўйга жўнайдиган важоҳатда.

− Йўқ, мени айтишгани йўқ, сиз ўзингиз бораверасиз, дўстим, − дедим мен ва Равшан бир-икки пиёла чой ичиб, нафасини ростлагач, бўлган гапларни айтиб бердим.

− Э, уйинг куйгур-ей, чиппа-чин ишонибман-ей, ўзи «Хабарга сал ғалатироқ одамни юборишибдими?» деб кўнглимдан ўтувди-я, − деб Равшан «машинаси бузилиб қолган» Чорижонга бериб юборган икки минг сўмига ичи ачиди.

Чори ҳақида бир сафар Пастдарғомлик ўртоғимиз Фахриддин Ҳамроевдан эшитиб қолдим. Оқдарёлик курсдошларимизнинг манзиллари, айримларининг нима иш қилаётганларини суриштириб олибди.

Демак, кейинги хабарлар Оқдарёдан келар экан-да!

6.

Кутганимдек бўл­ди. Оқдарё туман ҳокими Шуҳрат Неъ­матов бир учрашганимизда Чоридан гап очиб қолди:

− Туман марказий шифохонасидан телефон қилишди. Бир кишини тўрт-беш безори уриб, дабдаласини чиқарган экан. “Тез ёрдам”да олиб келишибди. Кимлигини сўрашса “Ҳо­кимларингизни тўйга айтгани келувдим”, дебди. Борсам, ҳамма ёғи бинт билан ўраб ташланган бир мажнунсифат йигит экан. ўаниев Шерали деган курсдошимизникига кириб, униям тўйга айтибди. Шерали зиёфатни қуюқ қилган шекилли, Лойишга қандай келиб қолганини билмайди. Ким урганиниям билмайди. Бир ҳафта ётиб соғайиб чиқди. Кийимлари увада бўлиб қолган экан, янги ки­йимлар олиб бериб, соч-соқолини олдиртириб, жўнатиб юбордим. Бухорога кетди йигит.

Кейин мен Чори ҳақида билганларимни айтиб бердим. Шуҳрат барини бир ишониб, бир ишонмай эшитди. Кейин роса кулдик. Ҳоким бўлсаям соддалиги бор-да, Соатмурод тўй қилаётганига ишонган экан. “Сизни ҳам бирга олиб кетмоқчи бўлиб юрувдим”, дейди.

− Ҳали борамиз, − дедим мен. − Аввал биздан соддароқ бир-икки киши бориб келсин-чи?

Айтганимдек бўлди.

Ҳайдар университетга чақирди. Борсам Бухородан беш ўртоғимиз келишибди.

− Сизларни бир кўриб ўтайлик дедик, Сурхондарёдан, Соатмуродникидан тўйдан қайтаётувдик, − деди Дилмурод Нуров деган дўстимиз.

− Нега сизлар бормадингизлар, жу­да зўр тўй бўлди, − деди Худойберди­ Холбоев.

Ана шундан сўнг қаҳ-қаҳа бошланиб кетди. Бухороликлар бири олиб, бири қўйиб тўйнинг таърифини қила кетишди.

− “Бир йилдан бери ҳар шанба куни меникида тўй”, дейди Соатмурод. ¥ар шанба гоҳ £ашқадарёдан, гоҳ Самар­қанддан, гоҳ водийдан, гоҳ Жиззахдан бир-икки машина меҳмон борар экан уйига, − деди Дилшод деган ўртоғимиз. − “Чори деганини ушлаб олсам тандир кабоб қиламан”, дейди.

− Ўзи Соатмурод Чорини танир эканми? − сўрадим мен.

− Танимас экан, яқин-атрофида Чори деган унақа йигит яшамас экан, − деди Дилмурод. − Беш-ўн Чори бор экан-у, биз таърифлаган Чори эмас экан.

Бухоролик курсдошлар бир кеча меҳмон бўлдилар. Тонггача сафар таассуротларини айтиб адо қилолмадилар. Деярли ҳамма курсдошларимизни эслашдик. Эртаси куни дўст­ларимиз билан бирга бизга дарс берган, меҳрибон устозимиз Асад Омонов, Рамазон Шодиев, Эгамқул Абдуқодировларнинг уйларига бориб, уларнинг руҳи покларига дуойи фотиҳа ўқидик, ёдга олдик.

Бухороликлар кетгач, анча вақтгача Чоридан дарак бўлмади. Яқинда интернетдаги электрон почтамга (Karimberdi60@mail.ru) Хоразмдан, Урганч Давлат университетида дарс бераётган ўртоғимиз Қосимовдан хат келибди:

“1-2 май кунлари Сурхондарёга, Соатмуродникига тўйга айтиб кетишди. Бирга ўтишни таклиф қиламан, нима дейсизлар?”

Мен дарҳол унинг электрон поч­тасига хат ёздим: “Тўйга ким хабар қилди?” Ундан жавоб келди: “Чори деган укаси келиб айтиб кетди”. Мен енгил нафас олдим:

«Худога шукур, тирик экан. Чоривой укагинам тирик экан».

Амриддин дўстимизнинг кулиши шундайгина қулоғимга эшитилгандай бўлди-ю, Урганчга хат йўлладим:

“Келаверинглар. Бирга борамиз. Бир кун олдин борамиз”.

Насиб қилса, августнинг охирида хоразмлик курсдошлар билан ҳам гурунглашадиган бўлдик. Яхшиям биз ўқиган вақтда математика факультети йилига уч юз талаба қабул қиларкан.

Ўйлаб-ўйлаб, китоб орқали Чорига ўз миннатдорчилигимизни билдиргим келди.

Бу ёғи фақат Чорига тегишли. Биламан, Чорижоннинг китоб ўқишга вақти бўлмайди. Аммо курсдошларимиз китобдан бир нусха олиб қўйсалар, Чорижон борганда беришади.

Чорижон эса албатта боради.

7.

Чорижон! Сизга катта раҳмат!

Ўйлаб топган ишингиз қойилмақом! Биз сиздан хафа эмасмиз, аксинча, яна бир мартадан Бойсунга тўйга айтиб чиқсангиз яна ҳам хурсанд бўлардик. Баҳонада ҳамма курсдошларимиз ҳақида гапириб берардингиз. Сизга фотоаппарат совға қилмоқчимиз. Бу сафар кимникига борсангиз бирга суратга ҳам тушасиз. Майли, кимникига, қачонга тўйга айтишингиз ўзингизга ҳавола.

Йўлкирадан ғам еманг, харажатингизни ҳозирча беш мингдан қилиб белгиладик, етмаса қўшамиз. Ҳалигиниям ўйламанг, биттасини қуйиб берсак, биттасини ўраб берамиз.

Мени қидириб топсангиз уч юз курсдошимиз ҳақида манзиллари кўрсатилган тўлиқ маълумотлар тайёрлаб қўйибман. Уларнинг орасида сиз маълумот олаётган асосий манба-битирув альбомига кирмай қолганлари ҳам бор.

Чорижон! Келинг, биз сизни интиқлик билан кутамиз.

Кўзимиз йўлингизда бўлади, қо­йилмақом Чори!

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *