Каримберди Тўрамурод: Кимни кўрма, бугун қўшиқчи

Тўй ярашар юрт бўлса обод,

Куй ярашар кўнгил бўлса шод.

Аммо ёмон кўпайди, ҳайҳот –

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

Ёши ўтган раққоса борми,

Режессёрми ёки актёрми,

Заргар, табиб, ҳатто атторми,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

 

Кимлар эди кеча сухандон,

Бугун улар хофизу хушхон.

Қўшиқчида кўпми шараф-шон,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

 

Дуппа-дуруст шоир, даҳолар,

Ҳофизман деб қилар даъволар.

Ўзи куйлаб, ўзи баҳолар,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

 

Қолиб кетди бир четда кетмон,

Қўшиқ айтар тўйма-тўй деҳқон.

Ашулачи боғбон-у, чўпон,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

 

Куйлар бугун жўшиб ташмачи,

Куйлар безори-ю, ўғри, босмачи.

Куйлар ҳатто бузуқ, қўшмачи,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

 

Билмас нима дегани – Устоз,

Билмас нима соз, овоз, пардоз.

Яна ўшалар зўр, ўшалар мумтоз,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

 

Қабрида тик турар Маъмуржон,

Суяклари қақшар Жўрахон.

Лол-у, ҳайрон эмиш Комилжон,

Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *